КЕЧИРИМЛИЛИК, БАҒРИКЕНГЛИК – ЮКСАК ИНСОНПАРВАРЛИКДИР
Юртимизда инсонпарварлик ақидалари устувор бўлганлиги учун ҳам кўпчилик жиноят содир қилган шахслар жазони ижро этиш жойларидан муддатидан илгари шартли равишда ёки жазоси енгилроғи билан алмаштирилган ҳолда жазони ижро этиш жойларидан озод қилинмоқда.
Суд инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, низоларни ҳал этиш ва аризаларни қонуний кўриб чиқишдан ташқари, ўз қилмишидан пушаёмон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган фуқароларга имкон бериш яъни уларга тайинланган жазони енгиллаштириш ва муддатидан аввал шартли озод қилиш вазифасини ҳам бажаради.
Жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман судининг очиқ суд мажлисларида муқаддам суднинг ҳукмига кўра, қўшимча жазо сифатида муайян ҳуқуқдан, яъни мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳамда транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазолари тайинланиб, туман ички ишлар бўлими жамоат хавфсизлиги хизмати Пробация гуруҳи ҳисобида турган олти нафар шахснинг енгиллик сўраган мурожаати кўриб чиқилди.
Очиқ суд мажлисида ҳеч бир фуқаро айбини инкор қилмади. Фақат билиб-билмай тўғри йўлдан тойганини, белгиланган қонун-қоидани бузгани ва бунинг салбий оқибатини англаб етганини, қилмишига пушаймонлигини айтиб, ҳаётини ўнглаши учун яна бир имкон сўради.
Суд жараёнида олти нафар ҳамюртимиз муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосидан муддатидан илгари озод қилинди.
Бу инсонпарварлик тамойили, судда қилинган хулосалар 6 нафар фуқарога ўрнак бўлиб, уларнинг бошқа ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этмасликларига хисса қўшса ажаб эмас.