КЕЧИРИМЛИЛИК - ЮКСАК ФАЗИЛАТ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

 

Халқимизга хос меҳр-оқибат, эзгулик, хайр-саҳоват каби олижаноб фазилатларни юртимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳатда кўришимиз мумкин. Айниқса, мустақиллигимизнинг кейинги йилларида мамлакатимизда тўғри йўлдан адашганларни ҳам кечириб уларга яна бир бор имконият берилаётгани сўзимизнинг яққол исботидир.

Хусусан, Конституциямиз қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан давлатимиз раҳбарининг фармонларига кўра Ҳазорасп туманида ҳам жазо муддатини ўтаётган, айни пайтда қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган ва қатъий тузалиш йўлига ўтган 2 нафар шахслар авф этилди. Уларнинг барчаси байрам кунида оиласи бағрида бўлганидан бахтиёр.

Бундай хайрли амал нафақат авф этилганлар, балки уларнинг яқинларининг ҳам қувончига сабабчи бўлди. Буни Ҳазорасп тумани, Мунис Хоразмий маҳалласи, Паҳлавон Махмуд кўчаси, 102 уйда яшовчи Тахиров Жавлонбек Атажонович хонадонига борганда гувоҳи бўлдик.

Бугун Жавлонбек Тахиров оиласи, фарзандлари, яқинлари бағрига қайтди.

Фарзандлари, неваралари, яқинлари дийдорига тўйиб кўзларига ёш олаётган Жавлонбек қилмишидан пушаймон эканлигини, берилган имконият, кечирим учун давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчилигини билдириб, эндиликда ёмон йўллардан юрмасдан ҳалол меҳнат қилишини ва фарзандларини ҳам тўғри  тарбиялашини айтиб ўтди.

-Жавлонбек катта ўғил укам. У 3 йил бурун адашиб, гиёҳванд моддалар истеъмол қилиб,  олди-сотдиси билан шуғулланувчи кимсаларга қўшилиб озодликдан маҳрум қилинганди. 7 йил берилганди. Президентимизга катта раҳмат. Укамиз авф этилганлар қаторида Конституция байрами арафасида бағримизга қайтди. Юртбошимиздан миннатдормиз. Илоҳим доимо соғ-омон бўлсинлар. Укам Жавлонбек албатта, билдирилган ишончни оқлаб, она Ватанимиз ривожи йўлида ҳалол меҳнат қилиб, оиласи бағрида бўлишига ишонамиз,-дейди опаси Шохида Тахирова.

Дарҳақиқат, адашиб жиноят йўлига кирган ва содир этган қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган инсонларга яна бир бор имкон бериш, уларни тўғри йўлга, оиласи бағрига қайтариш давлатимиз олдида турган муҳим масалалардан бирига айланди.

Зеро, адашганлар ҳам шу мамлакат фуқароларидир. Бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва кечиримлилик эса халқимизга хос бўлган юксак фазилатлардан биридир. 

Ҳазорасп тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати.