ҚАДРИНГ БАЛАНД БЎЛСИН, ОНА ТИЛИМ!


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Мамлакатимизда 1989 йил 21 октябрда эл-юртимиз асрлар давомида орзу қилиб, интилиб ва курашиб келган давлат тили ҳақидаги қонуннинг қабул қилиниши мамлакат суверенитети ва мустақиллиги сари қўйилган дастлабки дадил қадам эди. Айнан ана шу тарихий ҳужжатга биноан ўзбек тили мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди.

Ўзбек тили жаҳондаги бой ва қадимий тиллардан биридир. Бу халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ва бебаҳо маҳсулидир.

Туманимизда айни кунларда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонуни қабул қилинганлигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан илм масканлари, турли муассасалар ва ҳарбий қисмларда тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига қарашли Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида жойлашган 6-чегара постида “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Ҳазорасп туман ҳокимининг чегара масалалари бўйича ёрдамчиси Г.Матмуратова, туман ҳокимининг давлат тили маслаҳатчиси Г.Искандарова, Маърифат тарғиботчилар жамияти ҳудудий бўлими бош мутахассиси Ғ.Отажонов, 9203 ҳарбий қисм командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, майор Қ.Хўжамов ва шоира С.Мадримовалар иштирок этди.

Тадбирда иштирокчилар ўзбек тили ҳамда ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги ўрни ва аҳамияти тўғрисида гапириб ўтдилар.

Шунингдек, тадбирда давомида жаҳон ва ўзбек адабиётининг энг сара китоблари тақдимоти ҳам ўтказилди.

 

Ҳазорасп туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.