Халқ депутатлари Ҳазорасп туман кенгаши Қарори


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Лойиҳа

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилашини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 2736-III/КҚ-592-III-сонли Қўшма қарорининг ижроси юзасидан туманда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида

 

Сўнгги йилларда халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттирган тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик шуҳратпарастлик дабдабозлик каби иллатлар авж олаётганлиги, айрим фуқаролар дабдабали тўй маросимлари ва уларни ўтказишга сарфланадиган катта харажатлар оқибатида қарзга ботаётганлиги ва ундан қутулиш мақсадида чет элга ишлаш учун чиқиб кетаётганликлари ҳаммага маълум.

Юқоридаги салбий ҳолатларнинг тобора авж олиши кўплаб оилаларнинг нафақат ижтимоий аҳволига қолаверса, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мазкур ҳолатларга чек қўйиш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшларда тежамкорлик маданиятини шакллантириш мақсадида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни қатъий тартибга солиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги № 2736-III/КҚ-592-III-сонли Қўшма қарори қабул қилинган.

Ушбу низомда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни маҳаллаларда ўтказилишида халқ депутатлари туман Кенгашларидаги тўй-ҳашамларни ўтказилишини тартибга солиш комиссияси, маҳалла фуқаролар йиғинларидаги оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш комиссияси, ҳудудлардаги профилактика инспекторлари, ҳудудлардаги “Нуроний” жамғармаси, Маънавият ва маърифат бўлимлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, Дин идора вакиллари, Ёшлар иттифоқи вакиллари томонидан жомоатчилик назорати ўрнатилиши белгиланган.

Ушбу қарорнинг ижроси ўрганилганда тўй-ҳашамларни тартибга солишга жамоатчилик асосида маъсул бўлган ваколатли органлардан фақатгина туман фуқаролик холати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан муайян ишлар амалга оширилган. Никоҳдан ўтаётган келин-куёвларга оила маънавияти, аҳлоқи ва аждодларимизнинг мустахкам оила ҳақидаги ўгитларини шунингдек бошқа тушунтиришлар бериб борилган.

Бундан ташқари 2019 йилда 1842 та никоҳ қайд қилинган шундан 1100 таси, 2020 йилда 1543 та никоҳ қайд қилинган шундан 800 таси, 2021 йилда 1070 та никоҳ қайд қилан шундан 900 таси бўйича маҳалла фуқаролар йиғинларига никоҳ тўйларини қарор талабларида ўтказилишини жамоатчилик асосида таъминлаш юзасидан ҳабарномалар юборилган.

Фуқаролик холати далолатномаларини ёзиш бўлими маълумоти тахлил қилинадиган бўлса 2021 йилнинг 8 ойи давомида 1070 та тўй ўтказилганлигини ҳисобга олиб маҳаллаларга тақсимланадиган бўлса ҳар бир маҳаллада ўрта ҳисобда 25 та никоҳ тўйлари ўтказилганлиги маълум бўлади.

Мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш юзасидан халқ депутатлари туман Кенгаши қошида туман комиссияси тузилмаган. (қарор қабул қилинган вақтда 2019 йил сентябр ойида) тўй ҳашамларни ўтказилишини жамоатчилик асосида назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг низом талаблари асосида бажарадиган ишлар юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилмаган.

Ушбу қарорнинг ижроси тумандаги “Овшар”,“Буюк симо”, “Ойбек”, “Ишчилар”, “Ал-Хоразмий”, “Минг отлиқлар”, “Мунис Хоразмий” маҳаллаларида ўрганилганда маҳалла фуқаролар йиғини ва унинг тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилашини тартибга солиш бўйича шуғулланувчи оилавий қадрятларни мускахкамлаш комиссияси ҳудуддаги ваколатли органлар иштирокида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ миллий қадриятларга, ахлоқ қоидаларига зид бўлган маросимлар, номақбул одатлар ва уларнинг салбий оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бормаганлар.

Тўй эгалари томонидан содир этиладиган миллий урф-одат ва анъаналарни менсимаслик, шуҳратпарастлик, исрофгарчилик каби хатти-ҳаракатлар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиши, тегишли талабларга риоя этилмаган ҳолатларни жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқиши; тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам, кенг аҳоли манфаатларини, миллий қадрият ва анъаналарни ҳисобга олган ҳолда, ижтимоий табақаланишга йўл қўймасдан ўтказиш бўйича жамоавий суҳбатлар ташкил этилмаган, ҳудудда ўтказилиши режалаштирилган ҳар бир оилавий тадбирдан хабардор бўлиши, унинг ўтказиладиган жойи, иштирокчилар сони бўйича маълумотга эга бўлиши; тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлардан олдин ва кейин ўтказиладиган ортиқча расм-русум ва маросимларнинг олдини олиш чораларини кўриши лозимлиги белгилаб берилган бўлсада бу ишлар маҳалла фуқаролар йиғинларида ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги маълум бўлди.

Шунингдек “Овшар” маҳалласида “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги” томонидан белгилаб берилган йўриқнома асосида тўй-ҳашамларни рўйхатга олиш дафтари юритилмаган. Бундан кўриниб турибдики маҳалла фуқаролар йиғинида тўй-ҳашамларни ўтказиш юзасидан тўй эгаларига Сенатнинг юқоридаги қарорнинг талаблари асосида тушунтириш ишлари олиб борилмаган.

Тўйхона эгаларига низом талаблари яъни тўй ўтказувчи билан икки тамонлама шартнома тузиш, (шартномада тўйда қатнашувчилар сони кўрсатиладиган хизмат турлари, хизмат ҳақи, тўйда қатнашадиган санаткорлар ва бошқа хизмат кўрсатувчиларнинг лицензияларидан кўчирма олиш каби ишларни) бажариш юзасидан мажбуриятлари юклаб берилмаган. Шунингдек ички ишлар бўлимига тўйнинг ихчам ва кам чиқим ҳамда аҳолининг хавфсизлигини сақлаш, тартибли ўтказилиши тўғрисида икки кун олдин ҳабардор қилиш ишлари йўлга қўйилмаган.

“Ишчилар” маҳалласида “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги” томонидан белгилаб берилган йўриқнома асосида тўй-ҳашамларни рўйхатга олиш дафтари юритилмаган. Тўйнинг ўтказилиши тўғрисида тўйхона эгаларига, ички ишлар бўлимига ҳабарномалар берилмаган.

Ушбу камчиликлар “Ойбек”, “Ал-Хоразмий” маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам мавжудлиги аниқланди.

“Бешта” маҳалласида “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги” томонидан белгилаб берилган тўй-ҳашамларни ўтказиш дафтари юритилган, 2021 йил давомида 1 нафар фуқаро рўйхатга олинган лекин қарор талаблари даражасида тўйнинг ўтказилиши жамоатчилик назоратига олинмаган.

“Мунис-Хоразмий” маҳалла фуқаролар йиғинида тўй-ҳашамларни ўтказиш дафтари юритилган, 2021 йил давомида 8 нафар тўй ўтказувчи фуқаро суҳбат ўтказилиб огоҳлантириш хати берилган, тўйхона эгаларига ва ички ишлар бўлимларига ҳабарномалар берилмаган тўйларнинг ўтказилиши назорат қилинмаган бу эса Сенатнинг юқоридаги қарорини ижроси маҳаллада таъминланмаганлигини кўрсатади.

Мазкур қарорда тўйхона эгаларига тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 нафар ва ундан ортиқ шахслар иштирокида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш учун тадбир ўтказувчи шахс ҳамда тўйхона, кафе ва ресторан раҳбари ўртасида шартнома тузилиши, шартномада томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, иш ва хизмат тури, тўлов, ҳаражатлар миқдори, тадбир иштирокчилари сони, муддати ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талаблар кўрсатилиши, шунингдек тўйда қатнашувчи санъаткорлар (хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, сўз устаси, фотограф ва бошқалар) қонун ҳужжатларига мувофиқ лицензия эга эканлигини ўрганиб уларнинг лицензиялардан нусха олиши ва икки кун олдин ички ишлар бўлимларига ҳабар бериши белгилаб берилган.

Ушбу банднинг ижроси “Отахон ота”, “Мурод Мақсад”, “Исмоил ота”, “Рустам Дастон” тўйхоналарида ўрганилганда тўйхона эгаларининг Сенат қарори талабларини бажариш юзасидан тушунчага эга эмасликлари ва биронта ҳам ҳужжат юритилмаганлиги маълум бўлди.

Ҳазорасп туман ички ишлар бўлими томонидан 2021 йил давомида тўйхона эгалари карантин қоидаларига риоя қилмасдан тўй маросимларини ўтказилишига йўл қўйганликлари сабабли тумандаги тўйхона эгаларининг 3 таси Ўзбекистон Республикаси МЖтҚнинг 54-моддаси 2-қисми билан жаримага тортилган.

Ҳазорасп туман СЭО ва ЖСХ бўлими мутахассислари томонидан Сенат қарорининг ижросини ўрганиш жараёнида тумандаги “Жувондир” маҳалласида жойлашган “Мурод Мақсад”, “Отахон ота”, “Минг отлиқлар” маҳалласида жойлашган “Одамбой ота”, “Бешта” маҳалласида жойлашган “Исмоил ота” “Назар бобо”, “Пичоқчи” маҳалласида жойлашган “Хумо”, “Ромон ота”, “Ишчилар” маҳалласида жойлашган “Нур” “Саноат” маҳалласида жойлашган “Боғи эрам”, “Нуржахон”, “Минг отлиқлар” “Овшар” маҳалласида жойлашган “Рустам Дастон” “Бўстон” маҳалласида жойлашган “Саидамат хўжа” “Ойбек” маҳалласида жойлашган “Бахтиёр ота” “Ал-Хоразмий” маҳалласида жойлашган “Бобур” тўйхоналарда профилактик тадбирлар амалга оширилиб тўйхона эгаларига расмий огоҳлантириш хатлари берилган.

Тумандаги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, Ёшлар иттифоқи ташкилотлари томонидан Сенат қароринининг улар томонидан жамоатчилик назорати ўрнатиладиган бандларининг ижроси бўйича ишлар қилинмаган.

Натижада туманда тўй-ҳашамларни ўтказилишини жамоатчилик асосида назорат қилувчи ваколатли органлар ўзларига белгилаб берилган вазифаларни лозим даражада ёки умуман бармаганликлари сабабли никоҳ тўйлар ва маросимлар 500-1000 нафар фуқаролар иштирокида ўтаётганлиги айрим тўйларда нохуш ҳолатларнинг учраётганлигига, тавсияларга асосан белгиланмаган қиз йиғинлари ва тўйдан кейинги тадбирлар ҳамда белгиланмаган маърака маросимларнинг ўтказилиши давом этмоқда.

Бундан ташқари “Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси 2021 йил 22 мартдаги 67-сон баёни билан 2021 йил 1 апрелдан тўйхоналарда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказиш 100 кишидан кўп бўлмаган (яқин қариндошлар ва ушбу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар) ҳамда санитария гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказилиши белгиланган.

Коронавирус инфекцияси билан касалланиш хавфи асосан ёпиқ жойлардаги жамоавий тадбирларда юқори эканлигини инобатга олиб, жорий йилнинг 1 августидан тўйхоналарда оилавий тантана, тўй, маърака маросимларни ўтказиш 50 кишидан кўп бўлмаган (яқин қариндошлар ва ушбу таман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар) ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказилишига руҳсат берилиши белгиланган.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики туманда ваколатли органлар томонидан республика махсус комиссиясининг йиғилиш баёни топшириқларини ижросини таъминлашда камчиликларга йўл қўйилаётганлиги кўриниб турибди.

Бугунги сессияда тўй-ҳашамларни ўтказилашини жамоатчилик асосида назорат қилувчи ваколатли органлар вакиллари иштирок этаётганлигидан фойдаланиб уларга Сенат қўшма қарорининг ижросини таъминлашга маъсулят билан ёндашишларини тавсия қиламан.

Халқ депутатлари туман Кенгаши юқоридагиларни кўриб чиқиб ҳамда “Маҳаллий ҳокимият тўғрисидаги қонунинг 24-моддасига асосланиб

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги № 2736-III/КҚ-592-III-сонли Қўшма қарорининг тумандаги ижроси тўғрисида халқ депутатлари туман Кенгаши котибияти мудири М.Абдиримовнинг маърузаси маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
  2. Халқ депутатлари туман Кенгашида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг юқоридаги қўшма қарори ижросини таъминлаш мақсадида туманда “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака маросимларни тартибга солиш комиссияси” иловага мувофиқ тузилсин.
  3. Туманда “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака маросимларни тартибга солиш комиссияси” раиси М.Адиримовга Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака маросимларни ўтказилишини жамоатчилик назоратини ташкил этишга маъсул бўлган ваколатли органлар раҳбар ва маъсуллари иштирокида Сенат қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида ўқув семинари ташкил этиш ва маҳаллаларда ўтказилаётган тўйлар, оилавий тантаналар, маърака маросимларни ўтказилишини назоратга олиш топширилсин.
  4. Туман ҳокими ўринбосари маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи М.Эшчановга маҳаллаларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг Сенат Кенгашларининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилашини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарорининг ижросини таъминлаш юзасидан ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги кўрсатиб ўтилсин ҳамда қарор талабларининг ижросини таъминлаш юзасидан тегишли чора-тадбирларни кўриш топширилсин.
  5. Тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига аҳоли ўртасида мазкур қарор талаблари доирасида ташвиқот –тарғибот ишларини олиб бориш, ҳудуддаги ваколатли органлар вакиллари билан тўй, ҳашамларда жамоатчилик назорати ташкил этиш, қарор талабларини бажармаган тўй эгалари ва тўйхона эгаларига ўрнатилган тартибда чора кўрилиши юзасидан туман комиссиясига тақдимнома киритиш топширилсин.
  6. Туман ички ишлар бўлими бошлиғи Х.Машариповга мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш юзасидан профилактика инспекторларининг ваколати доирасида йўлларда жамоат тартибини сақлаш борасидаги ишларни янада кучайтириш тавсия қилинсин.
  7. Туман СЭО ва ЖСХ бўлими бошлиғи Р.Хўжамуратовга маҳаллалар ва тўйхоналарда ўтказилаётган тўйларда озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрланиши ва тарқатилишида санитария ва гигения қоидаларига риоя қилинишини мунтазам равишда назорат қилиб бориш топширилсин.
  8. “Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими”нинг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари, Ёшлар иттифоқи туман ташкилотлари томонидан Сенат қарорининг уларнинг жамоатчилик назорати ўрнатиладиган бандларининг ижроси бўйича етарли ишлар амалга оширилмаганлиги кўрсатиб ўтилсин.
  9. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатларига ўзлари сайланган окургларда Сенатнинг мазкур қарорининг ижроси таъминлаш юзасидан аҳоли ўртасида ташвиқот-тарғибот ишларини ўтказиш, ваколатли органлар томонидан жамоатчилик назорати ўрнатилишини мувофиқлаштириб бориш топширилсин.
  10. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати Ж.Усмановага ушбу қарорни туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтида эълон қилсин.
  11. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Ҳазорасп туман Кенгашининг Таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича доимий комиссия раиси К.Бекчанов зиммасига юклатилсин.

 

Кенгаш раиси, туман ҳокими                                У.машарипов