ХОТИН-ҚИЗЛАР БАЙРАМИ ТАНТАНАЛИ НИШОНЛАНДИ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

 

 

Давлатимиз раҳбари  “Юртимизда “Аёл бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади!”, деган эзгу қараш ҳаётимиз қоидасига айланиши учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз керак», деган эдилар.

 

Дарҳақиқат, аёл бор экан, оила деган муқаддас қўрғон, фарзанд деган бебаҳо неъмат бор. Аёлларимиз ўзларини бахтли ҳис қилишар экан, албатта оиламиз, жамиятимиз ҳам бахтли бўлади.

Бугун мамлакатимиз бўйлаб мўътабар аёлларимизни ушбу айём билан муборакбод этиш тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Ҳазорасп туманида ҳам 8 март – Ҳалқаро хотин-қизлар байрами ўзгача тарзда нишонланди. Тадбирга тумандаги “Темир дафтари”да ва “Аёллар дафтари”да турувчи хотин-қизлар ва туманимизнинг фаол аёллари таклиф этилди. 

Туман ҳокими Зафар Абдиримов тадбир иштирокчиларини халқаро хотин-қизлар куни билан самимий қутлади. Шундан сўнг мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, хусусан, мўътабар аёл зотига ҳар томонлама эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш мақсадида, туманимизда ўзининг самарали меҳнати, бой амалий тажрибаси билан олиб бораётган  туб ислоҳотлар жараёнида фаол қатнашиб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш йўлида ташаббус ва ибрат кўрсатиб келаётган, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш, фарзандларимизни она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига қўшаётган ҳиссаси учун бир гуруҳ хотин-қизлар туман ҳокимининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар. 

Тадбир давомида вилоятимиздан ташриф буюрган хонанда ва раққосалар ҳамда туманимизнинг хушовоз хонандалари томонидан куй-қўшиқлар янгради. Таклиф этилган барча аёллар рақсга тушиб, ўзларини бахтиёр ҳис қилишди.

Сўзимиз сўнгида, донолар фикрини келтириб ўтсам. Дунёда аёл меҳрининг баҳосини ўлчайдиган меъзон, тенглаштирадиган бойлик йўқ. Бу аёл деган улуғ хилқатда нозик таъб, буюк қалб, назокатли кўнгил, бетакрор фидоийлик, она жасорати мужассамлиги натижасидир.

Мана шундай фазилатлар эгаси бўлган ҳар бирингизга байрам муборак бўлсин!

Ҳазорасп туман ҳокимлиги Матбуот хизмати.