ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ҲАЗОРАСП ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ ҚАРОРИ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳазорасп туманидаги халқ қабулхонасининг туман сектор ва ташкилотларн раҳбарларининг 2020 йил 12 ойи давомида мурожаатлар билан ишлаш фаолияти юзасидан ахбороти тўғрисида

Халқ депутатлари туман Кенгаши қайд қиладики, Ҳазорасп туман Халқ қабулхонасига 2020 йил 31 декабрь кунига қадар жами 655 та мурожаатлар (ойига ўртача 55 та) келиб тушган бўлиб, уларнинг 532 таси ҳудуддаги ташкилотларга, 64 таси юқори ташкилотларга кўриб чиқиш учун юборилган, 59 та мурожаат Халқ қабулхоналарида кўриб чиқиш учун қолдирилган ва ижроси назоратга олинган.

Мурожаатларнинг 404 тасини ёзма, 221 тасини оғзаки ва 30 тасини электрон мурожаатларни ташкил этган.

Жами 655 та мурожаатларнинг тегишли ҳудудий  идоралар томонидан кўриб чиқилиши назоратга олиниб, 509 та (77,7%) мурожаатлар қаноатлантирилишига эришилган.

Шулардан, 157 (24%) та мурожаат ижобий ҳал қилинган, 352 (53,7%) та мурожаат ҳуқуқий маълумот бериш орқали ҳал қилинган, 144 (22%) та мурожаат бўйича умумий мазмундаги тушунтиришлар берилган.

Туман Халқ қабулхонасига 2020 йилнинг 5 ойида 195 та мурожаат келиб тушган. Таҳлилларга кўра мурожаатларнинг 155 таси ҳудуддаги ташкилотларга, 12 таси юқори ташкилотларга кўриб чиқиш учун юборилган, 28 та мурожаат Халқ қабулхоналарида кўриб чиқиш учун қолдирилган.

Жами 195 та мурожаатларнинг тегишли ҳудудий  идоралар томонидан кўриб чиқилиши назоратга олиниб, 108 та (55,4%) мурожаатлар қаноатлантирилган.

Шулардан, 33 (16,9%) та мурожаат ижобий ҳал қилинган, 75 (38,4%) та мурожаат ҳуқуқий маълумот бериш орқали ҳал қилинган, 584 (29,7%) та мурожаат бўйича умумий мазмундаги тушунтиришлар берилган.

2020 йилнинг июн ойдан йил якунигача 460 та мурожаатлар келиб тушган.
401 та мурожаатлар қаноатлантирилган. Ушбу даврда мурожаатларнинг келиб тушуши ва қаноатлантириш даражаси ошишига эришилган. 

Вилоят туманлари ва шаҳарлари кесимида мурожаатларнинг қаноатлантирилишида туманимиз вилоят бўйича 6-ўринни банд қилмоқда Боғот туманида 690 та мурожаатнинг 590 таси ёки 85,5 фоизни, Янгиариқ тумани 1081 та мурожаатнинг 922 таси қаноатлантирилган бўлиб, бу кўрсаткич 85,3 фоизни, Хива шаҳарида 454 та мурожаатнинг 363 таси ёки 80 фоизни, Хонқа туманида 390 та мурожаатнинг 305 таси ёки 78,2 фоизини, Гурлан туманида 571 та мурожаатнинг 448 таси ёки 78 фоизини ташкил қилади.

Туманда ташкилотлар томонидан мурожаатларни кўриб чиқилишида айрим холларда муаммолар тўлиқ ўрганилмасдан келинаётганлиги сабабли мурожаатларнинг қаноатлантирилиш даражаси бошқаларига нисбатан анча паст даражада  қолмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳазорасп туманидаги Халқ қабулхонасига жами 655 та мурожаат келиб тушган бўлиб,  вилоят бўйича 4-натижани кўрсатмоқда. Мурожаатларнинг  таҳлили шуни кўрсатадики энг кўп мурожаатлар Урганч шаҳри (1384 та), Янгиариқ (1081 та), Қўшкўпир (897 та) туманларидан тушган.

Мурожаатларнинг катта қисми уй-жой олиш ва якка тартибда уй-жой қуриш учун ер ажратиш масаласи юзасидан 99 та мурожаат (15,1%), Моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти ҳамда болалар нафақасини олиш масалалари бўйича 125 та мурожаат (19,1%), Меҳнат ва бандлик масаласи, шу жумладан ишга жойлашиш ва ишга тикланиш масалалари бўйича 86 та мурожаат (13,1%), Мурожаатларнинг 52 таси (7,9%) ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура ва ИИБ органларига ўтказилган, Электр, газ, ичимлик суви таъминоти масаласи, шу жумладан электр энергияси ва газ таъминотини ўчирилиши ва асоссиз қарздорлик ҳисобланиши бўйича 89 та мурожаат (13,6%), боғлиқ масалалар бўйича келиб тушган.

Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 269 тага яъни 29,1% га камайган.

2020 йилнинг 12 ойи давомида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ҳолатини назорат ва мониторинг қилиб бориш, бу борада давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ишлаш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан қатор ишлар амалга оширилган.

Мурожаатлар  ўрганиб чиқилганда, асосан энг кўп мурожаатларнинг 133 таси (20,3%) Ҳазорасп туман ҳокимлигига, 82 таси (12,5%) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш Ҳазорасп туман маркази, 55 таси (8,4%) Ҳазорасп туман прокуратурасига, 124 (18,9%) таси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Ҳазорасп туман бўлимига тегишлилиги бўйича юборилган.

Ўтган йилнинг 12 ойи давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳазорасп туманидаги Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар маҳалалар бўйича тақсимланганда энг кўп “Карвак” МФЙ-36 та, “Б.Матирзаев” МФЙ–26 та, “Янгибозор” МФЙ-28 та, “Овшар” МФЙ-35 та, “Янги ҳаёт” МФЙ фуқароларидан 20 та мурожаатлар келиб тушган.

Аҳоли билан очиқ ва самарали мулоқотни ташкил этиш мақсадида Халқ қабулхоналарида ҳоким, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва бошқа ташкилот раҳбарларининг жами 82 та шахсий қабуллари ташкил этилди.  

Мурожаатларнинг келиб чиқишига сектор ишчи гуруҳи ва маҳалла фуқаролар йиғини томонидан юқорида зикр этилган қонун хужжатларига мувофиқ ўтказилган тадбирлар жараёнида аҳолининг муаммоларини тўлиқ ўрганилмаганлиги ва мавжуд муаммоларнинг айримлари бартараф қилинмаганлиги сабаб бўлган.

Туман Халқ қабулхонасига аҳоли томонидан томорқа ер майдонлари ажратиб берилиши, экин ер майдонларни ноқонуний эгаллаб олиш ва қурилиш қилиш, фермер хўжаликлари ер майдонлари ҳудудига аҳоли экиб келаётган томорқа ер майдонларини қўшиб юборилганлигидан аҳоли томонидан мурожаатлар келиб тушмоқда.

Жумладан, 2020 йилда туман Халқ қабулхонасига 11 та Ер майдони ажратмаслик ёки асоссиз олиб қўйиш бўйича, 26 та Ер майдонини ўзбошимча эгаллаб олиш, ноқонуний қурилиш бўйича, 1 та Деҳқон хўжаликлари (шахсий ёрдамчи хўжаликлар) бўйича, 5 та Аҳоли пунктларида ер танлаш материалларини расмийлаштириш ва мутасадди ташкилотлар билан келишиш бўйича, 3 та Аҳоли пунктларида ер участкаларини ажратиш ҳужжатларини тайёрлаш бўйича, 12 та Ер участкалари, бино ва иншоотларга кадастр ҳужжатларини тайёрлаш бўйича мурожаатлар келиб тушган.

Ушбу мурожаатларни ҳал қилишда туман Ер ресурслари кадастри бўлими, туман Архитектура ва қурилиш бўлими, туман Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри Давлат корхонаси ва туман ҳокимлигининг Қурилиш бўлими томонидан муаммолар ҳар томонлама қонун талаблари асосида етарли даражада ҳал қилинмасдан келинмоқда.

Фуқаролар йиғинлари раислари ҳар чоракда ўз маҳалласи ҳудудидаги долзарб муаммолар тўғрисидаги маълумотларни секторлар раҳбарлари ва Халқ қабулхоналарига тақдим этиб бориши белгиланган.

Бироқ туман Халқ қабулхонаси томонидан маҳалла фуқаролари йиғинлари раислари ҳисоботларни ўз вақтида берилиши юзасидан бир неча бор огоҳлантиришларга қарамасдан ҳисоботлар ўз вақтида тақдим қилинмаслигига йўл қўйилиб келинмоқда.

Ушбу ҳисоботнинг топширилиш юзасидан 3-чорак якуни бўйича тумандага жами 44 маҳалла фуқаролари йиғинларидан 4 та (“П.Маҳмуд” МФЙ раиси Одамбоев Фарход, “Шукрона” МФЙ раиси Абдурахманов Улуғбек, “Боғироғлар” МФЙ раиси Абдуллаева Мехрибон, “Боғи эрам” МФЙ раиси Қурбонов Ўктамбой) маҳалла фуқаролари йиғини раисларининг томонидан ҳисоботлар тақдим қилмасдан ва ўз лавозимига лоқайдлик билан қараб келишган. Маҳалла фуқаролари йиғини раисларига нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазоси берилган бўлсада ушбу холат 4-чорак якуни бўйича ҳам такрорланган.

2020 йилнинг 4-чораги якунлари бўйича туман Халқ қабулхонаси томонидан маҳалла фуқаролари йиғинлари раисларининг 2020 йил 18 декабрда 2020 йил 22 декабр ҳолатига ҳисобот тақдим қилиниши юзасидан 197-сонли хат юборилган бўлсада, айрим маҳалла фуқаролар йиғини раислари шахсан телефон орқали бир неча бор огоҳлантиришларга қарамасдан ҳисоботларни ўз вақтида тақдим қилинмаслигига йўл қўйишмоқда.

Жумладан 2020 йил 22 декабрдан 12 январь кунигача 4-чорак якуни бўйича “Овшар” МФЙ раиси Матрасулов Фарход, “Жалоладдин Мангуберди” МФЙ раиси Матчанов Жасурбек,  “Шукрона”  МФЙ раиси Абдурахманов Улуғбеклар ҳисоботларни 2021 йил 12 январь куни тақдим қилганлар. “Буюк симо” МФЙ раиси Ахмедов Бахтиёр,  “Наврўз” МФЙ раиси Матяқубов Улуғбек, “Боғдор” МФЙ раиси Ўразметов Аллашукур маҳалла фуқаролари йиғини раислари ҳисоботларини такдим қилмаган.

Шунингдек, “Жалоладдин Мангуберди” МФЙ раиси Матчанов Жасурбек, “Боғироғлар” МФЙ раиси Абдуллаева Мехрибонлар томонидан 2020 йил бўйича чораклик ҳисоботларни бирон марта ўз вақтида такдим қилишмаган. “Боғироғлар” МФЙ раиси М.Абдуллаева билан суҳбат жараёнида ПФ-5700-сон фармони мазмуни тушунтирилишига қарамасдан ҳозирги кунгача ҳисобот тақдим қилинмади.

Туман Халқ қабулхонасига аҳолини иш билан таъминлашда келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан:

Туман Халқ қабулхонасига ўтган йилнинг  12 ойида келиб тушган  жами 655 та мурожаатлардан 82 таси (12,5%) туман Аҳолини бандликка кўмаклашиш марказига тегишлилиги бўйича юборилган.

Ушбу мурожаатларнинг 15 таси ижобий ҳал қилинган, 60 таси ҳуқуқий маълумот бериш орқали ҳал қилинган, 7 тасига тушунтириш берилган.

Туман Халқ қабулхонасига аҳоли томонидан газ, электр, сув, иссиқлик таъминоти ва коммунал тўловлар бўйича келиб тушаётган мурожаатлар юзасидан:

Ўтган йилнинг 4-чораги якуни бўйича жами 93 (14,1%) та мурожаат келиб тушган.

Ушбу мурожаатларнинг 41 таси ижобий ҳал қилинган, 35 таси ҳуқуқий маълумот бериш орқали ҳал қилинган, 17 тасига тушунтириш берилган.

Шундан, 2020 йил давомида туман Ҳалқ қабулхонасига туман Газ корхонаси билан боғлиқ 39 та мурожаатлар келиб тушган.

Ушбу мурожаатларнинг 23 таси ижобий ҳал қилинган, 13 таси ҳуқуқий маълумот бериш орқали ҳал қилинган, 3 тасига тушунтириш берилган.

2020 йил давомида туман Ҳалқ қабулхонасига туман Электр корхонаси билан боғлиқ 15 та мурожаатлар келиб тушган.

Ушбу мурожаатларнинг 6 таси ижобий ҳал қилинган, 6 таси ҳуқуқий маълумот бериш орқали ҳал қилинган, 3 тасига тушунтириш берилган.

Туман ҳалқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар секторлар бўйича таҳлил қилинди;

Жумладан, 1-сектор раҳбари туман ҳокими ҳудудида яшовчи фуқоралардан жами 166 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, жами мурожаатларнинг (25,3%) ни ташкил қилади.

Шундан, 99 таси ёзма ва 60 таси оғзаки, 7 та электрон мурожаатларни ташкил қилган.

Булардан 29(17,4%) та мурожаат ижобий ҳал қилинган бўлиб, 99(59,6%) та мурожаат ҳуқуқий маълумот бериш орқали ҳал қилинган, 38(22,8%) та мурожаат бўйича умумий мазмундаги тушунтиришлар берилган.

2-сектор раҳбари туман прокурори ҳудудида яшовчи фуқоралардан жами 158 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, жами мурожаатларнинг (24,1%) ни ташкил қилади.

Шундан, 101 таси ёзма ва 55 таси оғзаки, 2 та электрон мурожаатларни ташкил қилган.

Булардан 51(32,2%) та мурожаат ижобий ҳал қилинган бўлиб, 82 (51,8%) та мурожаат ҳуқуқий маълумот бериш орқали ҳал қилинган, 25(15,8%) та мурожаат бўйича умумий мазмундаги тушунтиришлар берилган.

3-сектор раҳбари туман ИИБ бошлиғи ҳудудида яшовчи фуқоралардан жами
163 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, жами мурожаатларнинг (25%)ни ташкил қилади.

Шундан, 91 таси ёзма ва 58 таси оғзаки, 14 таси электрон мурожаатларни ташкил қилган. 

Булардан 29(17,7%) та мурожаат ижобий ҳал қилинган бўлиб, 89(54,6%) та мурожаат ҳуқуқий маълумот бериш орқали ҳал қилинган, 43 (26,3%) та мурожаат бўйича умумий мазмундаги тушунтиришлар берилган, 2 (1,2%) таси кўрмасдан қолдирилган.

4-сектор туман ДСИ бошлиғи ҳудудида яшовчи фуқоралардан жами 137 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, жами мурожаатларнинг (20,9%) ни ташкил қилади.

Шундан, 87 таси ёзма ва 48 таси оғзаки, 2 таси электрон мурожаатларни ташкил қилган.

Булардан 42(30,6%) та мурожаат ижобий ҳал қилинган бўлиб, 71(51,8%) та мурожаат ҳуқуқий маълумот бериш орқали ҳал қилинган, 24 (17,5%) та мурожаат бўйича умумий мазмундаги тушунтиришлар берилган.

Шунингдек, туман Ҳалқ қабулхонасига бошқа туманда яшовчи фуқоралардан жами 31 та мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатлардан 6 та мурожаат ижобий ҳал қилинган бўлиб, 10 та мурожаат ҳуқуқий маълумот бериш орқали ҳал қилинган,
14 та мурожаат бўйича умумий мазмундаги тушунтиришлар берилган, 1 та мурожаат ўрганиш жараёнида.

Шунингдек, секторлар ҳудудидан 2019 йилнинг IV-чораги ва 2020 йилнинг
IV-чораги бўйича тахлил қилинганда қуйидагича;

Туман ҳокими сектори бўйича 2019 йил IV-чорагида 385 та мурожаат
2020 йилининг IV-чорагида 114 та мурожаат келиб тушган бўлиб ўтган йилга нисбатан мурожаатлар сони 271 тага камайган.

Туман прокурори секторида 2019 йил IV-чорагида 221 та мурожаат
2020 йилининг IV-чорагида 158 та мурожаат келиб тушган бўлиб ўтган йилга нисбатан мурожаатлар сони 63 тага камайган.

Туман ИИБ бошлиғи секторида 2019 йил IV-чорагида 176 та мурожаат
2020 йилининг IV-чорагида 163 та мурожаат келиб тушган бўлиб ўтган йилга нисбатан мурожаатлар сони 13 тага камайган.

Туман ДСИ секторида 2019 йил IV-чорагида 136 та мурожаат 2020 йилнинг
IV-чорагида 137 та мурожаат келиб тушган бўлиб ўтган йилга нисбатан мурожаатлар сони 1 тага кўпайган.

2020 йил карантин чекловлари бошлангунга қадар туман хокими сектор ишчи гуруҳи томонидан уйма-уй юриш бўйича мўлжалланган режа график асосида биринчи ярим йиллик якунига қадар жами 398 та хонодон ўрганилиб, 13 та турли масаладаги муаммолар аниқланган ва мурожаатлар ҳал қилинган.

Туман прокурори сектор ишчи гуруҳи томонидан уйма-уй юриш бўйича мўлжалланган режа график асосида биринчи ярим йиллик якунига қадар жами 1406 та хонодон ўрганилиб, 25 та турли масаладаги муаммолар аниқланган ва мурожаатлар ҳал қилинган.

Туман ИИБ бошлиғи сектор ишчи гуруҳи томонидан уйма-уй юриш бўйича  мўлжалланган режа график асосида биринчи ярим йиллик якунига қадар жами
618 та хонодон ўрганилиб, 144 та та турли масаладаги муаммолар аниқланган ва мурожаатлар ҳал қилинган.

Туман ДСИ бошлиғи сектор ишчи гуруҳи томонидан уйма-уй юриш бўйича  мўлжалланган режа график асосида биринчи ярим йиллик якунига қадар жами 300 та хонодон ўрганилган ва муаммо аниқланмаган.

Туман секторлари томонидан сайёр қабуллар графиги ишлаб чиқилиб тасдиқланган ҳолда жойларда сайёр қабуллар ўтказилиб келинмоқда.

Тумандаги сектор раҳбарлари томонидан сайёр қабуллар ва ёшлар учрашувлари ўтказилиши таҳлил қилинди.

 Таҳлиларга кўра 1,2 ва 3-чоракда жами 55 та сайёр қабуллар ўтказилган бўлиб, жами 205 та мурожаатлар келиб тушган, мурожаатларда кўтарилган масалалар сони 212 тани ташкил қилган.

Ушбу масалаларнинг 56 таси қаноатлантирилиб. 1-сектор туман ҳокими томонидан 36 та умумий мурожаатларнинг қаноатлантирилиши 81,8% ни ташкил қилади.

2,3,4–секторларда мурожаатларнинг қаноатлантирилиш даражаси пастлигича қолган.

Мурожаатларни қаноатлантириш даражаси бўйича ўтган 3-чоракда вилоят бўйича Тупроққалъа туманидан сўнг Ҳазорасп тумани 7,28%  паст кўрсаткич билан
2-ўринни банд қилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг раёсати мажлисининг
2021 йил 1 февралдаги 8-сонли баённомасида 2020 йилда Республика бўйича туман ҳокимлари томонидан сайёр қабулларни ўтказилиши бўйича таҳлилларга кўра Тупроққалъа, Ҳазорасп ва Боғот  туманларида ҳар бир сайёр қабулда ўртача 1-2 тадан фуқаролар қабул қилинганганлиги тўғрисида маълумот берилган.

Ҳазорасп туманида ўтказилган 37 та сайёр қабулда 217 та муомма (ҳар бир сайёр қабулга ўртача 5,8 та) қабул қилинган. Мажлис баённомасида ушбу кўрсатилган рақамлар нотўғри кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳазорасп туманидаги Халқ қабулхонаси томонидан Ҳазорасп туманида "Ёшлар" ва "Аёллар" дафтари бўйича сўровномалар ўтказиш юзасидан ишчи гуруҳлар томонидан амалга оширилган ишлар, камчиликлар юзасидан ўрганишлар олиб борилган.

Тумандаги 44 та маҳаллаларда ўрганилган ёшлар сони 39119 нафар, ўрганилган аёллар сони 38204 нафарни ташкил қилади. Туманда ташкил қилинган ишчи гуруҳлар сони 132 тани, жалб қилинган жами ходимлар сони 396 нафарни ташкил қилади.

 Секторлар бўйича "Ёшлар" ва "Аёллар" дафтари бўйича ўрганишлар олиб борилган.

Жумладан, 1-сектор туман ҳокими ҳудудида жами 11 та маҳалларда 8390 та хонодонлар ўрганилган. Ўрганилган ёшлар сони 9718 нафар, ўрганилган аёллар сони 10018 нафарни ташкил қилган. Ишчи  гуруҳлар сони 33 тани, жалб қилинган ходимлар сони 99 нафарни ташкил қилган.

2-сектор туман прокурори ҳудудида жами 13 та маҳалларда 10264 та хонодонлар ўрганилган. Ўрганилган ёшлар сони 12290 нафар, ўрганилган аёллар сони
11760 нафарни ташкил қилган. Ташкил қилинган ишчи гуруҳлар сони 39 тани, жалб қилинган жами ходимлар сони 117 нафарни ташкил қилган.

3-сектор туман ИИБ бошлиғи ҳудудида жами 10 та маҳалларда 7907 та хонодонлар ўрганилган. Ўрганилган ёшлар сони 8972 нафар, ўрганилган аёллар сони 8644 нафарни ташкил қилган. Ишчи гуруҳлар сони 30 тани, жалб қилинган жами ходимлар сони 90 нафарни ташкил қилган.

4-сектор туман ДСИ бошлиғи ҳудудида жами 10 та маҳалларда 6669 та хонодонлар ўрганилган. Ўрганилган ёшлар сони 8139 нафар, ўрганилган аёллар сони 7782 нафарни ташкил қилган. Ишчи гуруҳлар сони 30 тани, жалб қилинган жами ходимлар сони 90 нафарни ташкил қилган.

Ўтган йилда тумандаги 3-сектор ИИБ бошлиғи томонида ёшлар билан учрашуви 16 та ўтказилган ва йиллик режа бажарилмасдан қолишига сабаб бўлган.  

Туман Халқ қабулхонаси ва сектор раҳбарлари билан ўтган йил давомида сайёр қабуллар ўтказилиши жараёнларида ижтимоий объектлар ва аҳоли хонодонлари ўрганишлар олиб борилган.

Ҳазорасп туманида ўрганишлар юзасидан 2020 йил 15 декабрь куни вилоят маҳаллий телеканали орқали тасвирга олинди ва 4 маротаба эфирга узатилди.

Туманда 2020 йил давомида ишсиз ёшларни бандлигини таъминлаш бўйича “Манзилли режа” ишлаб чиқилиб тасдиқланган. Мазкур тасдиқланган “Манзилли режа”га асосан 2020 йил давомида аниқланган 3633 нафар доимий иш жойига эга бўлмаган ёшларнинг 3064 нафарини( яъни 84.3%ни) бандлигини таъминлаш белгиланган.

Туманда 12 ой якунига кўра жами  тумандаги Халқ депутатлари, маҳаллий ҳокимликлар ва корхона раҳбарлари томонидан 2020 йил январь-сентябрь ойларида оталиққа олинган (ишга жойлаштирилган) ёшлар 3067 тани ташкил қилади. Ушбу ишга жойлаштирилган ёшлар соҳалар бўйича:

  1. Қурилиш соҳасига 60 та, 2. Тадбиркорлик йўналишига 1076 та, 3. Қишлоқ хўжалиги соҳасига 817 та, 4. Жамоат ишларига жалб қилинган 453 та, Касб-ҳунарга йўналтирилган 29 та, Бошқа соҳа ва йўналишларга, жами 632 та, шундан, тармоқ тизимига жами 70 тани ташкил қилган.

Тумандаги 44 та маҳаллаларда ўрганилган ёшлар сони 39119 нафарни ташкил қилган.

Шундан, 2020 йил 31 декабрда туманда “Ёшлар” дафтарига киритилган жами ёшларга 165,5 млн сўм пул маблағлари тарқатилган.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳазорасп туманидаги халқ қабулхонасининг туман секторлари раҳбарларининг 2020 йилда мурожаатлар билан ишлаш фаолияти юзасидан ахборотини эшитиб, Халқ депутатлари туман Кенгаши

ҚАРОР  ҚИЛАДИ:

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳазорасп туманидаги халқ қабулхонасининг туман сектор ва ташкилотлар раҳбарларининг 2020 йилда мурожаатлар билан ишлаш фаолияти юзасидан ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.

  1. Туман секторлари раҳбарлари (У.Машарипов, Р.Жуманиязов, Х.Машарипов, Ж.Рўзимов):

- сайёр қабуллар ҳамда ёшлар билан учрашувлар давомида келиб тушган ҳамда қўшимча ўрганиш талаб этиладиган ҳар бир мурожаатни белгиланган тартибда кўриб чиқилиши ва мантиқий якунига етказилишини қатъий назоратга олиш;

- аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган, тезкорлик билан ечилиши талаб этиладиган муаммолар, шунингдек, ҳал этилиши узоқ вақт, йирик маблағ ва капитал қўйилмаларни талаб этмайдиган масалаларни қисқа муддатларда ҳал этилишини таъминлаш;

- сайёр қабуллар ва учрашувларни белгиланган жадваллар асосида ўтказилишини таъминлаш;

- сайёр қабуллар ва ёшлар билан учрашувларни ўтказиш амалиётини ва унинг натижадорлигини ошириш мақсадида Халқ қабулхоналаридан олинган рўйхатлар асосида Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонага кўп мурожаат қилаётган ва мурожатини кўриб чиқиш натижаларидан норози бўлган фуқароларнинг ариза ва шикоятларини ҳар томонлама, чуқур ўрганиб чиқилишига эришиш, зарур ҳолларда тегишли идоралар вакиллари томонидан мурожаатларни хонадонга борган ҳолда ўрганиш ишларини ташкил этиш;

- сектор штабларининг доимий равишда фаолият юритишини, унга жалб этилган штаб аъзоларининг шахсан иштирокини ҳамда улар томонидан уйма-уй юриш жараёнларини бевосита мувофиклаштириб, амалга оширилган ишларни тизимли муҳокама этиб боришни қатъий йўлга қўйиш;

- сектор штаб котиблари асосий иш жойидан ажралган ҳолда фаолият юритишини таъминлаш, уларнинг билимларини мунтазам равишда ошириб бориш;

- сектор ишчи гуруҳларининг уйма-уй юриш ҳамда ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали муаммоларни аниқлаш ва ечимини топиш фаолиятини доимий равишда олиб борилишини таъминлаш;

- “Темир дафтар” ҳамда “Аёллар ва Ёшлар” дафтарларига киритилганларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб қувватлаш, иш билан таъминлаш;

- сайёр оммавий қабуллар ва учрашувларда келиб тушган мурожаатлар рўйхатини, Халқ қабулхоналарига такдим этилишини таъминлаш юзасидан доимий назорат ўрнатсин.

  1. Туман Архитектура ва қурилиш бўлими, туман Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри, туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, туман Ҳудуд газ, туман Электр тармоқлари ташкилот раҳбарлари ва “Жалоладдин Мангуберди” ҳамда “Боғироғлар” МФЙ раислари Ахборотномада кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф қилсинлар ва бундан кейинги фаолиятларида ҳудди шундай камчиликлар такрорланса Меҳнат Қонунчилигига асосан қатъий чоралар кўрилиши бўйича огоҳлантирилсин
  2. Ушбу қарор “Ҳазораспнома” газетасида ва Ҳазорасп туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
  3. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Ҳазорасп туман Кенгашининг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар ҳавфсизлигини таъминлаш, Регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича доимий комиссияси (Ғ.Рахимов) зиммасига юклатилсин.

 

                      Халқ депутатлари Ҳазорасп туман Кенгаши раиси, Туман ҳокими    У.Машарипов

 

 

Лойиҳа

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ҲАЗОРАСП ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ ҚАРОРИ

Хоразм вилояти Халқ таълими бошқармасининг Ҳазорасп туманидаги 24-, 48- ва 53-сонли умумий ўрта таълим мактаблари директори лавозимига тақдим қилган номзодларни кўриб чиқиш ҳамда 44- ва 45-сонли умумий ўрта таълим мактаблари директорларини лаозимидан озод этиш бўйича вилояти Халқ таълими бошқармасига таклиф киритиш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрда ПФ-6108-сон Фармони қабул қилинган бўлиб, ушбу Фармонга асосан 2021 йил 1 январдан бошлаб умумтаълим муассасалари директорларини лавозимга тайинлаш ҳамда иш берувчининг ташаббусига кўра лавозимидан озод этишнинг Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар бошқармалари ва Тошкент шаҳар бош бошқармаси томонидан тегишли халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари билан келишилган ҳолда амалга ошириш тартиби жорий қилинган.

Бунда: умумтаълим муассасаларининг бўш директор лавозимлари учун ҳудудий халқ таълими бошқармалари киритган номзодлар халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан танловдан ўтказилиши;

умумтаълим муассасаси директорлиги учун номзодлар танловда тегишли умумтаълим муассасаси кўрсаткичларини келгуси 3 йилда юқори даражага олиб чиқиш бўйича ўз дастури (кейинги ўринларда — 3 йиллик дастур) билан иштирок этиши;

халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан танлов натижаларига кўра умумтаълим муассасаси директори лавозимига тайинлаш учун энг яхши 3 йиллик дастур эгаси шаффофлик тамойиллари асосида танлаб олиниши ҳамда лавозимга тайинлаш учун ҳудудий халқ таълими бошқармаларига тақдим этилиши;

халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан танлаб олинган номзод ҳудудий халқ таълими бошқармалари томонидан умумтаълим муассасаси директори лавозимига тайинланиши;

умумтаълим муассасаси директори йил якуни бўйича халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари ва жамоатчилик вакилларига 3 йиллик дастурнинг ижроси юзасидан ҳисобот бериши ва ҳисобот натижасига кўра унинг фаолиятига халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан баҳо бериб борилиши белгилаб қўйилган.

Ушбу Фармон топшириғи юзасидан Хоразм вилояти Халқ таълими бошқармаси томонидан Халқ депутатлари Ҳазорасп тумани Кенгашига тумандаги 24-, 48 ва 53-сонли умумаълим мактаблари директори лавозимларига номзодлар тақдим қилинган.

Сессия давомида ушбу номзодларнинг умумтаълим муассасаси кўрсаткичларини келгуси 3 йилда юқори даражага олиб чиқиш бўйича дастурлари мухокама қилинди.

Тумандаги 44-сонли умумий ўрта таълим мактаби рейтинг баҳолаш бўйича қизил ҳудудга кирганлиги ҳамда мактаб директор ўз лавозимида 5 йилдан ортиқ муддат давомида ишлаб келаётган бўлсада сўнгги йилларда бирорта ўқувчи ҳам олий ўқув юртларига ўқишга кирмаган. Мактабда фаолият кўрсатаётган ўқитувчилардан олий тоифали ва биринчи тоифали даража олиш кўрсаткичи энг пастлигича қолмоқда.

Шунингдек, тумандаги 45-сонли умумий ўрта таълим мактабининг ўқув-тарбия ишлари ўрганилганда юқори синф ўқувчилари ўртасида давомад жуда ҳам пастлиги, уларнинг ўқув қуроллари билан таъминланиши, уларни юритиш қониқарсиз аҳволдалиги аниқланган.

Вилоят Халқ таълими бошқармаси томонидан тақдим қилинган номзодларнинг умумтаълим муассасаси кўрсаткичларини келгуси 3 йилда юқори даражага олиб чиқиш бўйича дастурини эшитиб, туман халқ таълими бўлими мудирининг 44- ва 45-сонли умумий ўрта таълим мактабларининг директорлари фаолияти юзасидан йўл қўйилиб келинаётган камчиликлари бўйича ўз лавозимларида қолиш ва қолмасликлари масаласи кўриб чиқилди.таклифини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 24-моддасига асосан Халқ депутатлари туман Кенгаши

 Қ А Р О Р  Қ И Л А Д И:

  1. Хоразм вилояти Халқ таълими бошқармасининг Халқ депутатлари Ҳазорасп тумани Кенгашига 24-, 48 ва 53-сонли умумаълим мактаблари директори лавозимига киритган номзодлари кўриб чиқилганлиги ҳамда номзодларнинг умумтаълим муассасаси кўрсаткичларини келгуси 3 йилда юқори даражага олиб чиқиш бўйича дастури мухокама қилинганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
  2. Халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан мухокама натижаларига кўра
    24, 48- ҳамда 53-сонли умумтаълим мактаблари директори лавозимига тайинлаш учун иловага мувофиқ номзодлар тақдим қилинсин.
  3. Туман халқ таълими бўлимининг тумандаги 44- ва 45-сонли умумий ўрта таълим мактаблари директорлари фаолияти юзасидан йўл қўйилиб келинаётган камчиликлари бўйича ўз лавозимларида қолиш ва қолмасликлари масаласи кўриб чиқиш бўйича таклифи маъқуллансин.
  4. Халқ депутатлари Ҳазорасп тумани Кенгаши томонидан вилоят халқ таълими бошқармасига тумандаги 44- ва 45-сонли умумий ўрта таълим мактаблари директорларининг ўз лавозимларида қолиш ёки қолмасликлари масаласини кўриб чиқиш таклиф қилинсин.
  5. Тумандаги умумий ўрта таълим мактабларида таълим ва тарбия соҳасидаги йўл қўйилган камчиликлар ва муаммоли масалаларнинг келиб чиқишига сабабчи бўлган, туман халқ таълими бўлими мудири З.Қурбановага нисбатан ваколат доирасида чора кўриш бўйича вилоят халқ таълими бошқармасига ёзишма киритилсин.
  6. 6. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати (Ж.Усмонова)га ушбу қарорни туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтида эълон қилсин.
  7. 7. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Ҳазорасп туман Кенгашининг ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати, соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссияси (К.Бекчанов) зиммасига юклатилсин.

 

Халқ депутатлари Ҳазорасп тумани Кенгаши раиси,

туман ҳокими ҳокими                                                                         У.Машарипов

 

 

 

Лойиҳа

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ҲАЗОРАСП ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ ҚАРОРИ

 Ҳазорасп туман маҳаллий бюджетининг 2021 йил бошига шаклланган эркин қолдиқ ҳисобидан маблағ ажратиш тўғрисида

Ҳазорасп туман маҳаллий бюджетининг 2021 йил бошига шаклланган эркин қолдиқ ҳисобидан маблағ ажратиш юзасидан туман ҳокимлигининг ҳисоботини атрофлича муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 24-моддасига асосан Ҳалқ депутатлари туман Кенгаши

Қ А Р О Р    Қ И Л А Д И

 Ҳазорасп тумани ҳокими Машарипов Ўктам Рустамовичнинг Ҳазорасп туман маҳаллий бюджетининг 2021 йил бошига шаклланган эркин қолдиқ ҳисобидан маблағ ажратиш тўғрисидаги таклифи маълумот учун қабул қилинсин.

  1. Ҳазорасп туман махаллий бюджетининг 2021 йил бошига шаклланган маблағлар ҳисобидан жами 374 482 800 (уч юз етмиш тўрт миллион тўрт юз саксон икки минг саккиз юз) сўм маблағ ажратилсин. Жумладан:

Туман ҳокимлиги харажатлари учун жами 130 423 000 (бир юз ўттиз миллион тўрт юз йигирма уч минг) сўм маблағ ажратилсин, Шундан:

- вилоят қурилиш бош бошқармаси ва туман қурилиш бўлими томонидан 2020 йил 30 июндан 2020 йил 14 декабр кунигача бўлган даврда туман ҳудудида жойлашган, “YERELEKTRON” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилган бўш ер участкалари бўйича ишлаб чиқилган 72 та архитектура ва режалаштириш ҳужжатлари учун 64 224 000 (олтмиш тўрт миллион икки юз йигирма тўрт минг) сўм;

- Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йил 12-13 март кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлари ва кенгайтирилган тартибда ўтказилган мажлис баёнининг
16-бандига асосан туман ҳокимлиги ходимларининг иш самарадорлиги ва масъулиятини ошириш учун уларнинг меҳнатини моддий жиҳатдан қўллаб-қуватлаш мақсадида 2021 йил феврал ойи учун 59 930 000 (эллик тўққиз миллион тўққиз юз ўттиз минг) сўм;

- туман ҳокимлигига компьютер техникаси ва принтер сотиб олиш харажатлари учун 6 000 000 (олти миллион) сўм;

- туман ҳокимининг ўринбосарларини адлия бўлимлари ходимлари томонидан ўқитиш харажатлари учун 269 000 (икки юз олтмиш тўққиз минг) сўм.

Ҳазорасп туман маданият бўлимига Ўзбекистон Республикаси Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 2021 йил 21 январдаги 9-сон баёнига асосан Ҳазорасп туманидан маданият ва санъат соҳасида фаолият кўрсатаётган, соҳада ютуқларга эришган Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалига тўлов-шартнома асосида талабаликка тавсия этилган 5 нафар ёшларнинг тўлов-шартномасида кўрсатилган 40 759 800 (қирқ миллион етти юз эллик тўққиз минг саккиз юз) сўм маблағ ажратилсин.

Туман ободонлаштириш бошқармасига автомобил йўлларидаги тунги ёритиш тизимини таъмирлаш харажатлари учун 200 000 000 (икки юз миллион) сўм, ёқилғи мойлаш харажатлари учун 3 300 000 (уч миллион уч юз минг) сўм маблағ ажратилсин.

  1. Туман молия бўлими (Ш.Жуманиязов)га ушбу қарордан келиб чиқиб кўрсатилган маблағларни режалаштириш учун туман маҳаллий бюджетига тегишли ўзгартиришлар киритиш вазифаси топширилсин.
  2. Ҳазорасп туман ғазначилик бўлинмаси бошлиғи (А.Худайберганов)га туман ҳокимлиги молия бўлими томонидан режалаштирилган маблағлар бўйича юридик ва молиявий мажбуриятларни рўйхатга олган ҳолда тўловларни амалга ошириш вазифаси топширилсин.
  3. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари З.Оллақулиев ҳамда Халқ депутатлари туман Кенгашининг маҳаллий бюджетни шакиллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислохатни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссия (Қ.Назаров) зиммасига юклатилсин.

 Халқ депутатлари Ҳазорасп тумани Кенгаши раиси, туман ҳокими         У.Машарипов

 

 

Лойиҳа

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ҲАЗОРАСП ТУМАНИ КЕНГАШИНИНГ ҚАРОРИ

 Халқ депутатлари Ҳазорасп тумани Кенгашининг “Саховат ва кўмак” жамғармасига тушган маблағларини сарфлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 апрелдаги “Маҳалла фонди республика бошқаруви, фонднинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари туман ва шахар бўлинмалари хузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда “Саховат ва кўмак” жамғармаси ташкил этиш тўғрисида”ги 213-ф-сонли фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида, Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги Қонунининг 25-моддасига асосланиб, Халқ депутатлари туман Кенгаши

 Қ А Р О Р  Қ И Л А Д И:

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 апрелдаги “Маҳалла фонди республика бошқаруви, фонднинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари туман ва шахар бўлинмалари ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда “Саховат ва кўмак” жамғармаси ташкил этиш тўғрисида”ги 213-ф-сонли фармойиши топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида жамғарма маблағларини сарфлаш бўйича туман ҳокимининг ўринбосари - Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи М.Эшжановнинг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.

  1. Ҳазорасп туманида яшовчи темир дафтарга киритилган ва ижтимоий химояга мухтож, ўта мухтож ва камбағал оилаларнинг рўйхатлари иловага мувофиқ тасдиқлансин ва хар бир оилага 500 кгдан жами 87500 кг кўмир маҳсулотлари олиб берилсин.
  2. Темир дафтарга киритилган ва ижтимоий ҳимояга мухтож камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида тасдиқланган маҳсулотни рўйхат асосида сотиб олиш учун туманда фаолият кўрсатаётган ООО “Кўмир таъминот” Хоразм филиали ўртасида “Маҳалла” фонди Ҳазорасп туман бўлинмаси томонидан шартнома расмийлаштириш ишлари амалга оширилсин.
  3. 4. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари (З.Оллақулиев) жамғарма ҳисобидан олинган кўмир маҳсулотлари 1-иловага мувофиқ тасдиқланган рўйхатдаги камбағал, эхтиёжманд оилаларга МФЙ вакили ва сектор аъзолари иштирокида белгиланган тартибда тарқатилишини таъминласин.
  4. 5. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари З.Оллақулиев ҳамда туман ҳокимининг ўринбосари маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи (М.Эшчанов), маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссия раиси (Қ.Назаров) зиммасига юклансин.

 

Халқ депутатлари Ҳазорасп тумани Кенгаши раиси, туман ҳокими                       У.Машарипов