Бугун Халқ депутатлари Ҳазорасп туман Кенгашининг етмиш олтинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда туман ҳокими ўринбосарлари, сектор раҳбарлари, депутатлар, маҳалла фуқаролар йиғини раислари тегишли идора-ташкилот раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
Сессияга Халқ депутатлари Ҳазорасп тумани Кенгаши раиси, туман ҳокими Ўктам Машарипов раислик қилди.
Сессия кун тартибида 12 та масала кўриб чиқилди.
Ҳазорасп туманида “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижросининг якуни ва туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари натижаларини муҳокама қилиш тўғрисида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғ.Саттаровнинг, Боғот туманлараро иқтисодий судининг 2021 йил фаолияти юзасидан Боғот туманлараро иқтисодий суди раиси Б.Давлатовнинг ва туман мажбурий ижро буюросининг 2021 йил фаолияти юзасидан туман МИБ бўлими бошлиғи С.Қурёзовларнинг ахборотлари тингланди.
Шунингдек, фуқаролар йиғинлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низомнинг 27-бандига асосан фаолияти “яхши”, “қониқарли” ва “қониқарсиз” деб топилган фуқаролар йиғинлари фаолиятидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича қабул қилинган ҳаракатлар дастурининг ижроси тўғрисида туман ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи М.Эшчановнинг маърузаси эшитилди.
Сессия давамида маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, оилалар ва хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш ҳамда хотин-қизлар ўртасида ўз жонига қасд, суиқасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларга тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга кўмаклашиш, шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар , хотин-қизлар муоммоларини ҳал этиш бўйича 2022 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси”ни тасдиқлаш, Халқ депутатлари Ҳазорасп тумани Кенгаши Котибияти мудири тайинлаш каби масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Хоразм вилояти халқ таълими бошқармасининг Ҳазорасп туманидаги 4-, 6-, 32-, 35- ва 44-сонли умумий ўрта таълим мактаблари директорлари лавозимига тақдим қилинган номзодларни кўриб чиқиш ва шу каби бошқа масалалар сессия давомида кўриб чиқилди.
Сессия кун тартибида кўриб чиқилган масалалар юзасидан депутатлар ўз фикрларини билдирдилар ва ушбу масалалар юзасидан қарор қабул қилинди.
Ҳазорасп туман ҳокимлиги Матбуот хизмати.