ҒЎЗА ПАРВАРИШИДА “ЗАРБДОР 30 КУН”ЛИК!


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Хоразм  вилояти фермерлари, соҳадаги барча раҳбар ва мутахассисларга

М  У  Р  О  Ж  А  А  Т  Н  О  М  А

         Ҳурматли фермерлар!

         Фаолиятини қишлоқ хўжалиги билан чамбарчас боғлаган раҳбару-мутасаддилар!

Деҳқончилик йилининг энг долзарб палласига кириб келганимиз боис, Сизларга ушбу мурожаатнома орқали юзланиб, олдимизда турган кечиктириб бўлмас вазифаларни янада ойдинлаштириб олишни лозим топдик.

Бугунги кунда биз учун давлатимиз томонидан яратиб берилган қулай шарт-шароит ва имтиёзлар Ўзбек деҳқонлари номини янада юксакларга кўтариш имконини яратмоқда. Бугунги осойишталик, фаровон ҳаётимизни кўз қорачиғидек асраш ва юртимизни янада обод этиш барчамизнинг зиммамиздаги улкан масъулиятдир.

         Деҳқон борки, ерга уруғ қадаб, то ҳосилни йиғиб олмагунча, қозон-товоғини дала бошига кўчиради ва дастурхони тўкин бўлиши учун йил бўйи меҳнат қилади.

Яратиб берилган имтиёз ва имкониятлардан оқилона фойдаланган, агротехник тадбирларни муддатларида ва сифатли ташкил қилган ғаллакорларимиз жорий йилда ҳар гектаридан ўртача 73 центнердан ошириб ҳосил етиштирдилар.

Жумладан, Янгибозор туманидаги “Хоразм фахри” фермер хўжалигида ўртача ҳосилдорлик 107 центнерни, Боғот туманидаги “Аллаберган Матяқуб базирган”, Қўшкўпир туманидаги “Ҳамроҳ”, Урганч туманидаги “Давлат Рахматилла”, Ҳазорасп туманидаги “Соли Туркман” фермер хўжаликларида 105 центнерни  ташкил қилди.

Жорий йилда пахтадан мўл ҳосил етиштириш мақсадида йил бошидан қишлоқ хўжалиги мутахассислари, кластерлар ва деҳқонларнинг сайъи ҳаракатлари туфайли, техника ва механизмларни экишга пухта тайёрлангани ва узлуксиз таъминот натижасида чигит экилган ғўза майдонларидан тўлиқ кўчат олинишига муваффақ бўлинди, белгиланган агротехник тадбирларни муддатида сифатли қилиб бажарилиши натижасида ғўза ниҳолларининг бугун 40 фоиз майдонларда шоналаш, 55 фоизида гуллаш ва 5 фоизида 1-2 кўсак фазасида ривожланмоқда.

  Бу йилги об-ҳаво шароити шуни кўрсатмоқдаки, қатор ораларига ишлов берилиб, шоналаш даврида суғорилган майдонларда ғўзанинг ўсиш-ривожланиши, ҳосил элементларининг тўпланиши яхши бўлмоқда, айниқса суғориш билан бирга биостимуляторлар (кристалон, гуммат) ва Сожеан препаратидан унумли фойдаланилган майдонлардаги ниҳолларда ўртача 15 тадан ҳосил элементлари пайдо бўлган.

Ҳурматли фермерлар,

Ғўзани мўл ҳосил тўплашида далаларни бегона ўтлардан тоза бўлишлигини аҳамияти катта эканлигини инобатга олган ҳолда, далаларни бегона ўтлардан ҳоли бўлишига эришайлик.

Дала шароитидан келиб чиқиб ғўза қатор ораларига “Зарбдор 30 кун”ликда икки марта ишлов беришни амалга ошириш лозим.

Бунда мавжуд барча култиваторларни бир жойга йиғиб, уларнинг ишчи органларини тўлиқ ҳимоя қопламалари билан (балиқ сирти қилиб) ўрашни ташкил қилиш керак бўлади.

Ривожланишдан орқада қолаётган ғўза майдонлари бўйича зудлик билан қўшимча агротехник тадбирлар белгилаб, ушбу майдонларни  қўшимча озиқлантириб, шу қатори қўшимча культивация, чуқур юмшатиш, биостимуляторларни (кристалон, гуммат) қўллаган ҳолда суспензия сепишни ташкил қилиш шарт.

Ғўзани чеканка қилиш ишларини 12-13 ҳосил шоҳи бўлган майдонларда кечиктирмасдан амалга ошириш талаб этилади.

Ҳурматли фермер ва сув хўжалиги ходимлари,

Яратганнинг инояти билан Амударёда сувни етарли миқдорда бўлиши, пахтачилик учун об-ҳавонинг қулай келаётганидан унумли фойдаланиб, пахтадан юқори ҳосил, мўл даромад олиш учун  агротехника тадбирларини ўз вақтида сифатли қилиб бажариш – муваффақиятлар гарови экани ҳар биримизга аён.

Шу дамларда, айниқса, суғориш ишларини тўғри ташкил этиш мўл ҳосил гаровидир! Суғоришни фақат шарбат билан амалга ошириш ва тунги суғоришга аҳамият бериш зарур.

Бугунгидек ўта масъулиятли паллада ҳаёт манбаимиз сувдан самарали фойдаланишни йўлга қўйиб, ҳозирги кунда амалда қўлланилаётган тадбирларни, хусусан томчилатиб суғориш ишларини  такомиллаштиринг!

Энг ривожланган давлатларнинг иш тажрибасига ёндошиб, муқобил энергия манбаалардан фойдаланинг!