ФУҚАРОЛАР МУРОЖААТИ ИЖОБИЙ ҲАЛ ЭТИЛДИ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Коронавирус пандемияси шароитида аҳоли муаммолари, мурожаатлар билан ишлаш масаласи янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу борада туман ҳокимлигига келиб тушаётган мурожаатлар ижроси қатъий назоратга олинган.  

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами – боқувчисини йўқотганлар, якка-ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор шахслар, доимий иш билан банд бўлмаган инсонлардан тиббий-ижтимоий, моддий ёрдам кўрсатиш, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масалаларида келиб тушаётган мурожаатларга эса биринчи навбатда эътибор қаратилиб, уларни қисқа фурсатларда мутасадди ташкилотлар иштирокида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Жумладан, бугун туман ҳокими топшириғига биноан  фуқаролар мурожаатларининг  ўрганилиши  учун туман ҳокими ёрдамчиси Г.Матмуратова ва туман ҳокимлиги мутахассиси С.Абдуллаевлар  Саноат ва Янгибозор қишлоғи томон йўл оладилар.

“Саноат” маҳалласида яшовчи Рустам Қиличов турмуш ўртоғи ва ўғлининг кўп йиллардан буён касал эканлиги, уларнинг шифохонада даволаниб чиқиши учун моддий ёрдам сўраб қилган мурожаати фуқаро хонодонига бориб ўрганилди ва оилада биттагина ягона боқувчиси  ҳисобланган Р.Қиличов бандлиги таъминланди, оиласига МФЙдан бир марталик моддий ёрдам тайинланиб, турмуш ўртоғи ва ўғлининг касалхонада ётиб даволаниши учун моддий ёрдам кўрсатилди.

-Менинг мурожаатимни эътиборсиз қолдирмаганлиги учун туман ҳокими Ў.Машариповга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Шунингдек, доимо биз билан ҳамсуҳбат бўлиб,  ўз кўмагини аямай келаёган Г.Матмуротовага катта раҳмат айтаман, - дейди мурожаатчи Р.Қиличев.

Иккинчи мурожаатчи фуқаро Янгибозор қишлоғи, “Жуворхос” маҳалласида яшовчи Садоқат Искандарова бўлиб, у ўз аризасида оилада беш киши яшаб, ўғли ногиронлигини, ўзи ва турмуш ўртоғи касал бўлиб, ҳозирда даволанаётганлигини, битта фарзанди ҳали 14 ёшга кирмаганлигини ва қизи ҳозирда олийгоҳга хужжат топшириб у ҳам ишсизлигини айтиб моддий ёрдам сўраб мурожаат қилади.

 С.Искандарова мурожаати ҳам ҳар томонлама ўрганилиб, қизининг бандлиги таъминланади, моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланди ва ижобий ҳал этилади.

Дарҳақиқат, фуқаро мурожаатини тинглаш, айниқса бугунги синовли кунларда уларга яқиндан ёрдам кўрсатиш ҳар биримизнинг олдимиздаги муҳим вазифаларимиздан биридир.