ФИРИБГАРЛИК ЖИНОЯТИ ВА УНИНГ ҲУҚУҚИЙ ОҚИБАТЛАРИ
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади ҳамда унга нисбатан ҳар қандай тажовуз қонун билан таъқиб этилади.
Бугунки кунда, бозор иқтисодиёти шароитида мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ қилмишлар орасида ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан талон-торож қилиш тариқасидаги жиноятлар ўсиши тенденцияси кузатилмоқда.
Фирибгарлик ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан қонунга хилоф равишда ва текин қўлга киритишда ифодаланиб, бунинг таъсирида мулкдор, мулкнинг бошқа эгаси ёки ваколатли орган мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга беради, ёинки ушбу мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ бошқа шахс томонидан олиб қўйилишига имконият беради.
Фирибгарликда алдаш деганда, айбдор томонидан, била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар хабар қилиниши ёки иш ҳолати бўйича мулкдор, мулкнинг бошқа эгасига маълум қилиниши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш ёхуд бундай шахсларни янглиштиришга қаратилган қасддан содир этилган ҳаракатлар тушунилади.
Фирибгарликда ёлғон маълумотларга жабрланувчини янглиштиришга олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатлар бўйича маълумотлар, жумладан, юридик факт ва воқеалар, мулкнинг сифати, нархи, айбдорнинг шахси, унинг нияти, ваколати, масалан, айбдор шахс ўзини мансабдор шахс ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими ёхуд қонуний асосларда фаолият юритувчи тадбиркор сифатида кўрсатиши ва ҳоказолар тааллуқли бўлиши мумкин.
Фирибгарликда жабрланувчини янглиштиришга қаратилган қасддан содир этиладиган ҳаракатлар жумласига, масалан, битим ёки тўлов предметини сохталаштириш, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ўйнаш чоғида алдов усулларини қўллаш ва ҳоказолар киради.
Фирибгарликда ишончни суиистеъмол қилиш деганда, айбдорнинг мулкдор, мулкнинг бошқа эгаси ёки мулкни учинчи шахсларга бериб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли бошқа шахслар билан ишончли муносабатлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиши тушунилади. Ишончга турли ҳолатлар, масалан, айбдор шахснинг хизмат мавқеи ёки унинг жабрланувчи билан шахсий ёки қариндош-уруғлик муносабатлари сабаб бўлиши мумкин.
Такидлаш жоизки, фирибгарликда алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни айбдор мулкдорлиги ёки эгалигига ихтиёрий равишда берадиган ақли расо шахсга нисбатан содир этилган бўлиши талаб этилади. Айбдор томонидан, била туриб, ақли норасо шахсни ёки воқелик моҳиятини англаш қобилиятига эга бўлмаган, масалан, кичик ёшдаги болалиги, яъни 14 ёшга тўлмаганлиги, кўзи ожизлиги, руҳий жиҳатдан норасолиги, алкоголь, гиёҳвандлик воситаси, уларнинг аналоглари ёки психотроп модда таъсирида оғир даражада мастлиги туфайли шахсни алдаш ва ундан мулкини олиш фирибгарлик тариқасида эмас, балки ўғирлик сифатида баҳоланиши лозим, чунки бундай ҳолларда шахс мулк унинг эгалигидан чиқиб кетаётганлигини англамайди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси
1-қисмига мувофиқ, фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ҳаттоки, фирибгарлик оғирлаштирувчи ҳолатларда, яъни жуда кўп миқдорда ёки ўта хавфли рецидивист томонидан ёхуд уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши қонунимизда ўз аксини топган.
Шу билан бир қаторда, мазкур модданинг 5-қисмида, жабрланувчига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда айбдор шахсга нисбатан озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазолар қўлланилмаслиги қайд қилинган.
Мурод Рўзметов,
Жиноят ишлари буйича Хазорасп туман судининг раиси.