ЭЗГУЛИК ТАДБИРЛАРИ
Тинч-осойишта юртда умргузаронлик қилиш, фарзандлар камолини кўриш инсон учун чинакам бахт. Шукрки, бугун биз ана шундай хотиржамлик ҳукмрон, пок ниятларимиз рўёбга чиқаётган диёрда яшаяпмиз. Қалбида эзгуликлар билан яшаётган инсонлар эса доимо яхшиликлар, эзгу ишлар қилишга интилиб яшайди.
Хусусан, Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машариповнинг бугунги ҳайрли амаллари тумандаги “Саноат” маҳалласи томон бўлди. Хонадонма-хонадон юриб, фуқаролар мурожаатини тинглаган туман ҳокими маҳаллада яшовчи узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаган меҳнат фахрийси 85 ёшни қаршилаган Мадрим ота Матмуротов билан учрашди. Отахон билан суҳбатда у тиббий кўрикдан ўтказишда ёрдам сўради. Мадрим ота мурожаати ижобий ҳал қилиниб, хонадонига шифокорлар юборилди ва тиббий кўрикдан ўтказилди.
-Мен туман ҳокимига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ҳолимдан хабар олиб келдилар. Мурожаатимни тингладилар. Озиқ-овқат маҳсулотларини етказдилар. Илоҳим соғ бўлсинлар,-дейди Мадрим ота Матмуротов.
Сўзимиз сўнгида айтмоқчимизки, туман ҳокими томонидан амалга оширилаётган бу каби эзгу амаллар инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, диёнат, саховат каби тушунчаларни янада мустаҳкамлаш билан бирга, ўсиб келаётган ёш авлод қалбида меҳр-саҳоват, эзгулик туйғуларининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ҳазорасп туман ҳокимлиги матбуот хизмати.