ЁШЛАР - КЕЛАЖАГИМИЗ ПОЙДЕВОРИ
демакки, ёшлар тарбиясига масъулиятсизлик билан ёндошишга ҳеч биримиз ҳақли эмасмиз
Ёшлар ҳар бир давлатнинг келажагини, салоҳиятини белгиловчи муҳим ижтимоий қатлам саналади. Зеро, ҳар бир жамиятнинг ҳолати, тақдири ва истиқболи унда яшаётган ёшларнинг салмоғи, маънавияти ва онглилиги даражаси билан белгиланади.
Албатта, ёшлар жамиятнинг эртанги келажаги, унинг фаол аъзоси, таъбир жоиз бўлса жамият эртасининг муносиб ворисларидир. Мазкур нуқтаи назарга кўра ёшлар давлат ва жамият томонидан доимий эътиборда экан, ёш авлод тарбиясида ҳар биримиз масъулиятли ёндошмоғимиз лозим.
Хабарингиз бор Ҳазорасп 24 рейди орқали тумандаги 21 ва 45-сонли умумтаълим мактабларида бўлиб, мактаб фаолияти ва бу борада тайёрланган лавҳа туман ҳокимлигининг Ютуб каналига жойлаштирилган эди ва келгуси сонида қайси мактабда рейд ўтказилишини сўралганда 35-сонли мактабда Рейд ўтказиш таклифи фуқаро Сардорбек Жуманиёзов томонидан берилди.
Шунга асосан бугун ишчи гуруҳи ушбу мактабда бўлиб, мактабдаги куз-қиш мавсумига тайёргарлик аҳволи, ўқувчилар давомади, формаси, моддий техник таъминоти, дарсликлар билан таъминланиш ҳолати, кадрлар салоҳияти, чуқур таҳлил қилинди.
Минг афсуски, янги ўқув йили бошланганига ҳали 6 кун бўлган бўлсада 10 “а”-синф ўқувчиларининг жами 30 нафаридан атиги 18 нафар ўқувчи дарсга қатнашиб, 12 нафар ўқувчининг дарсда қатнашмаётганлиги аниқланди. Ачинарлиси, дарс бошлаганига 20 минут атрофида бўлсада математика фани ўқитувчисидан дарак йўқ эди.
Бошқа синф хоналарига кирганда ҳам ҳар синфда 5 ва 6 нафар ўқувчининг дарсда қатнашмаётганлиги ва хоналардаги тартибсизликлар Рейд иштирокчиларини ранжитди. Мактаб директоридан ушбу ҳолатлар бўйича сўралганда арзирли сабаб кўрсата олмади.
Шундан сўнг ишчи гуруҳи аъзолари маҳалла ҳудудида жойлашган 22-сонли умумтаълим мактаби томон йўл олди. Мактаб фаолиятини ўрганган туман ҳокими ўринбосари Б.Собиров, Матбуот котиби Ж. Усманова, ҳоким ёрдамчиси Г.Матмуратова, туман ҳокими маслаҳатчиси Э.Ўктамов, туман ҳокимлигининг бош мутахассиси Д.Машарипов, Ж.Собировлар бу ерда ҳам мактаб ички тартиб-қоидаларига амал қилинмаётганлиги, ўқувчилар давомади пастлиги, кўпчилик ўқувчиларда мактаб формаси йўқлиги, 8-синфда ўқиётган қизларнинг худди тўйга келгандек ясан тусан қилиб келганликлари, баъзи устозларнинг иш столи ва хонасидаги жиҳозлар ичидаги тартибсизликларнинг гувоҳи бўлишди.
Ўрганишлар жараёнидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳи вакиллари мактаб жамоасига мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш борасида кўрсатмалар берди.
Кейинги манзил 2-сонли умумтаълим мактаби томон бўлди. Мактабга кириб боришингиз билан саришталик, гуллар билан бурканган хоналар киши кайфиятини кўтаради. Синф хоналарига кириб борар экансиз бир хил мактаб формасида тартибли тарзда дарсни тинглаётган ўқувчиларни кўриб кўзингиз қувнайди. Ўқувчилар билимини синаш учун савол берсангиз тезкорликда жавоб қайтариши билимга ташна бўлиб кўзлари чақнаб турган ўқувчилар сизга хурсандчилик улашади. Устозлар ҳам мактаб ўқувчилари ҳам формада ва ўқишга, ўқитишга масъулият билан ёндошишган. Давомад эса юз фоизни ташкил этади.
Шу ўринда савол туғилади. Нега Янгибозор қишлоғида жойлашган 3 та мактабда уч хил ҳолат. Юқоридаги икки мактабдаги ҳолат киши дилини ранжитса, 2-сонли мактабдаги ҳолатдан хурсанд бўласиз. Бунинг сабабчиси ким ёки нимада?
Бизнинг фикримизча агар раҳбар масъулият билан ишласа, жамоада оғизбирчилик билан ҳамжиҳатликда иш олиб борилса ва ёш авлоднинг билим олишига ҳамда тарбиясига сидқидилдан, виждонан ёндошилса албатта бу илм даргоҳида 2-сонли умумтаълим мактабидагидек муҳит бўлади.
Хулоса ўрнида таъкидламоқчимизки, Фарзандларимизнинг истеъдод ва қобилиятини, эзгу интилишларини тўлиқ рўёбга чиқариш, ижтимоий фаоллигини ошириш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашлари учун барча имкониятлар яратилаётган ва давлатимиз раҳбари томонидан ўқитувчилар қўллаб-қувватланаётган бир пайтда ўз ишимизга, фарзандларимизнинг билим олиши ва тартибига беэътибор ва масъулиятсиз бўлмайлик!
Ҳазорасп туман ҳокимлиги Матбуот хизмати.