Депутат фикри: БМТ: МАҚСАДЛАР МУШТАРАК


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги  нутқини барча ўзбек аёллари қатори мен ҳам катта ҳаяжон билан кутдим. Бу нутқда бутун дунёдаги ва минтақадаги муаммолар хусусида Ўзбекистоннинг сиёсий ёндашуви аниқ ва теран ёритиб берилди.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотлари тарихида ўзбек тилида нутқ сўзлаши чиндан-да муҳим воқелик бўлди. Бу эса давлатимиз ва миллатимизнинг тожи, энг олий нишони бўлган она тилимизнинг қадрини янада баланд қилади.

Ушбу тарихий нутқда гендер тенглиги ва хотин-қизларга эътибор масаласи алоҳида тилга олингани, бутун юртимиз аёллари каби мени ҳам жуда тўлқинлантириб юборди. Давлатимиз раҳбарининг гендер тенглик масаласига алоҳида урғу берганини, хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда халқаро даражада илгари сурилган оқилона сиёсат деб биламан.

Бинобарин, Президентимиз ўз нутқларида гендер тенглик сиёсати мамлакатда устувор масалага айлангани, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни тоборо кучаяётгани, янги парламентда аёл депутатлар сони икки бараварга кўпайгани ҳақида билдирган фикрлари Ўзбекистонимизнинг ҳар бир аёлига чексиз фахр-ифтихор бағишлади.

Ҳақиқатдан ҳам охирги 3-4 йил ичида мамлакатимизда гендер тенглик сиёсати устувор масалага айланди. Аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барқарор тараққиёт дастурининг энг асосий тамойилларига мос равишда олиб борилмоқда. Зеро, БМТнинг барқарор тараққиёт дастурида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий соҳаларда фаол иштирок этишини таъминлаш масаласи алоҳида ўрин олган.

Ўзбек аёли сифатида шуни айтаманки, давлатимиз раҳбарининг гендер тенглик борасида олиб бораётган оқилона сиёсати туфайли бугун ҳар бир аёл қалбида нафақат сиёсий фаол бўлиш, балки мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда бевосита иштирок этиш иштиёқи жўш урмоқда. Сабаби, сўнгги тўрт йилда хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ўрни ва салоҳиятига катта ишонч билдирилди.

Янги Парламентимизда аёл депутатлар сони икки баробарга кўпайгани, Олий Мажлис Сенати раиси хотин-қизлар вакили эканлиги,  туманларда аёл ҳокимлар фаолият олиб бораётгани нафақат минтақамизда, балки халқаро миқёсда ижобий баҳоланмоқда. Қувонарлиси, бу соҳада амалга оширилаётган амалий ишлар ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиб бораётир.

Умуман олганда, мамлакатимизда аёллар масалалари бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни халқаро майдонда баралла айтилиши, ўзбек аёлининг эркин, ҳуқуқлари кафолатланган, ҳимояланган давлатда яшаётганини яна бир бор тасдиқлади.

Президентимизнинг “Минтақамизнинг кўҳна ва бой маданий мероси глобал аҳамиятга эга. Биз 2021 йилда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” деган мавзуда халқаро форумни ўтказишга тайёрмиз” деган чуқур маъноли фикрлари ҳам нуфузли халқаро анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг ушбу маърузаси том маънода тарихий воқеа бўлиб, Ватанимиз манфаати, халқимиз фаровонлигига хизмат қилади. Ишончим комилки, Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган барча ташаббуслар жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланиб, амалиётга татбиқ этилади.

 

 

Нигора  ҚУТЛИМУРАТОВА,

 Олий Мажлис Қонунчилик палатаси  депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси  аъзоси