Хабарингиз бор, Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси барча рақибларини ортда қолдириб, олимпиада чемпиони деган шарафли номга эришди.
Чемпионлардан бири – Ҳазорасп тумани давлат солиқ инспексияси ходими Муродбек Искандаровнинг ўғли – халқаро гроссмейстер Нодирбек Ёқуббоев ҳам ўзининг мағлубиясиз юришлари билан мазкур тарихий ғалабага ҳисса қўшди. Шунингдек, унинг яна бир фарзанди Нилуфар Ёқуббоева ҳам мазкур олимпиадада Ўзбекистон аёллар терма жамоаси сафида муносиб ўйин кўрсатди.
ДСҚ Матбуот хизмати хабарига кўра бугун Давлат солиқ қўмитаси Раиси Шерзод Қудбиев ҳамкасбларининг оила-аъзолари, чемпионлар билан учрашди.
Давлат солиқ қўмитаси Раиси оламшумул ғалаба билан Нодирбек ҳамда унинг ота-онасини табриклаб, барча солиқчилар Муродбек Искандаровдан ўрнак олиши лозимлигини, фарзандлар истеъдодини аниқлаш ва уни тўғри йўналтириш мана шундай натижа беришини таъкидлаб ўтган. Шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси Раиси буйруғи билан Муродбек Искандаровнинг унвони бир поғона кўтарилгани ёзилган.
Учрашувда ходимлар чемпион билан ақл машқида баҳслашиш имконига ҳам эга бўлганлар.
Якунда Шерзод Қудбиев юртимиз фахру ифтихорига айланган Нодирбек Ёқуббоев ва унинг ота-онасига, хусусан, Ҳазорасп тумани ДСИ ходими Муродбек Искандаровга самимий миннатдорлик билдириб, “Хумсон” санаторийсига йўлланма ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғаларини топширган.
Ҳазорасп тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати.