Болалар савдоси жинояти ва унинг ҳуқуқий оқибатлари
ХХI асрга келиб одам савдоси бутун инсониятга қарши асосий таҳдидлардан бири бўлиб қолди. Одамдан эксплуатация мақсадларида фойдаланиш билан боғлиқ жиноятлар ошиб бориши тенденцияси бундай ижтимоий хавфли қилмишлар охир оқибатда жамиятнинг демократик негизларига тажовуз қилиши билан миллий хавфсизликка ҳам таҳдид солади.
Ўзбекистон одам савдосига қарши курашишга оид қатор халқаро ҳужжатларни, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида”ги Конвенциясини, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу Конвенциясини тўлдирувчи “Одам савдоси, айниқса аёллар ва чақалоқлар савдосини олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги Протокол”ни ратификация қилди, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида” Қонун қабул қилди ва халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилишга доир тегишли ўзгартиришлар киритди.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда ўтказилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар шароитида фуқароларга, давлатга ва умуман, жамиятимизга хавф солаётган трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг хавфли кўринишларидан бирига айланган одам савдоси ўзининг гирдобига, асосан, ёшларни ва аёлларни тортаётганлиги билан барчада ташвиш ва хавотир уйғотмоқда.
Қонунда одам савдоси учун жиноий жавобгарлик белгиланганлиги шахс эркинлиги конституциявий кафолатларидан бири ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси биринчи қисми диспозицияси мазмунига кўра, одам савдоси деганда одамни олиш-сотиш ёки одамни эксплуатация қилиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш тушунилади.
Олди-сотди тариқасидаги одам савдоси одамнинг бир шахс томонидан бошқасига пул, бошқа моддий қимматликлар (мулк), мулкий характердаги хизматлар, мулкий ёки пул шаклидаги қарздан воз кечиш ва ҳ.к.лар сифатидаги ҳақ эвазига берилиши тўғрисида ёзма ёки оғзаки битим тузилишини назарда тутади. Бундай кўринишдаги одам савдосида одам қандай мақсадларда сотиб олинганлиги (сотилганлиги) ҳуқуқий аҳамият касб этмайди.
Мажбурий меҳнат бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлашни англатади. Ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида, фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда, суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан, қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар мажбурий меҳнат деб ҳисобланмайди.
Амалдаги Жиноят кодексининг 135-моддасида назарда тутилган, яъни болалар савдоси жиноятини содир қилганликда айбланган шахслар суд ҳукми билан ҳаттоки оғирлаштирувчи ҳолатларда, яъни мазкур жиноят ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсга нисбатан содир этилган ҳолларда саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин. Бу эса қонунчилигимиз бўйича ўта оғир жиноят ҳисобланади.
Жиноят ишлари бўйича
Ҳазорасп туман судининг раиси М.Рузметов