барчамиз бирдек масъулмиз
Аҳолини камбағалликдан чиқариш, хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш, уларни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш мақсадида “Аёллар дафтари” жорий этилгани бугунги кунда ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Бу дафтар орқали кўплаб аёлларнинг муаммолари ҳал бўлиб, уларда ҳаётга, эртанги кунга ишонч уйғонмоқда. Бу борада Ҳазорасп туманида ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилиб, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар бўйича туманда амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ўрганиш, аниқланган муаммоларни ҳал этиш орқали кўплаб аёллар “Аёллар дафтари”дан чиқарилмоқда.
Айниқса, Ҳазорасп тумани ҳокимининг “Аёллар дафтарида” турувчи аёллар билан учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, эътибор қаратаётгани сабаб бугун аёллар ўз тадбиркорлигини йўлга қўймоқда.
“Шоду ҳуррам” маҳалласида яшовчи “Аёллар дафтарида”турувчи Дилноза Тоҳирова ҳам шулар жумласидандир.
Туман ҳокими Ўктам Машарипов Дилноза билан суҳбатлашиб, кўрсатилаётган ёрдамлар натижасини кўрар экан тикув машиналарини олиб ўз тадбиркорлигини бошлаб юборгани ва тадбиркорлик ишини янада кенгайтиришни мақсад қилаётгани учун тасаннолар айтди. Чунки, “Аёллар дафтари”да турувчи Дилноза айни дамда 3 нафар қизларни иш билан таъминлаб, 6 нафар хотин-қизларга устоз –шогирд анаънасига асосан тикувчилик сирларини ўргатмоқда.
-Менинг келгусидаги ниятим катта. 20-30 нафар аёлларни иш билан таъминлаш. Яъни тикувчилик цехини кенгайтириш. Шунинг учун уйимизнинг бир қисмида цех ташкил этиш учун таъмирлаш ишларини бошлаб юбордик. Аёлларга бўлган эътибор ва яратилаётган имкониятлар учун Президентимизга миннатдорчилик билдирамиз. Шунингдек, туманимиз ҳокими ҳамиша ҳолимиздан хабар олиб, муаммолар бўлса ёрдам кўрсатиб келаётганликлари учун катта раҳмат айтамиз,-дейди Дилноза Тоҳирова.
Дарҳақиқат, туманимизда хотин-қизларни “Аёллар дафтари”дан чиқариш бўйича йўлга қўйилган тизимли ишлар Дилноза Тоҳирова каби тадбиркор аёлларимизнинг кўпайишига, уларнинг ҳаёти фаровон бўлишига хизмат қилмоқда. Зеро, бугунги жамиятда аёл тақдирига барчамиз бирдек масъулмиз.
Жамила УСМАНОВА,
Ҳазорасп туман ҳокимлиги Матбуот котиби.