БИР МАҚСАД ЙЎЛИДА БИРЛАШСАК, БУ СИНОВДАН МАҒРУР ЎТАМИЗ
БИР МАҚСАД ЙЎЛИДА БИРЛАШСАК, БУ СИНОВДАН МАҒРУР ЎТАМИЗ
Юртимизда илк беморда коронавирус аниқланган пайтда Ўзбекистон бу бало билан кураша олмайди, деган фикрлар баъзи инсонлар томонидан баён қилинган эди. Аммо, Коронавирус эпидемиясини пандемияга айланмаган вақтда ҳам, ҳали дунё, ҳатто, Европа жиддий қабул қилмаган бир кезда, яъни жорий йилнинг 29 январида давлатимиз раҳбарининг махсус комиссия ташкил этиш борасидаги фармойиши қабул қилиниб, бу билан келиши муқаррар бўлган оғир синовларни муносиб енгиб ўтишнинг тамал тоши қўйилганди. Мамлакатимизга коронавирус кириб келганида эса қисқа фурсатда Президентимиз, ҳукумат, шифокорлар ва халқнинг биргаликдаги ҳаракати натижасида пандемия назорат остига олинади ва давлатимиз раҳбари томонидан аҳоли саломатлиги, ҳалқимизни касалликдан асраш, озиқ-овқат заҳирасини таъминлаш борасидаги жуда кўплаб Қарор ва Фармонлари қабул қилинади. Ушбу қабул қилинган ҳар бир Қарор ва Фармон халқимизга самимий далда бўлиб, ҳар биримизга куч-қувват беради. Айниқса, Юртбошимизнинг тадбиркорларга, иқтисодиёт тармоқларига, ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳолига, якка-ёлғизларга, ногиронлиги бўлганларга моддий кўмак ва ёрдамнинг оширилиши, халқ уйида ўтирсин, дея бизни оталарча қайғуришлари халқимизга руҳий мадад бўлиб куч берди ва куч бермоқда.
Тўғри Covid-19 манаман деган давлатларни ҳам довдиратиб қўйди. Буни барчамиз кўриб, эшитиб, кузатиб турибмиз. Лекин, қайси давлатда раҳнамо кучли, иродали, фидокор, халқи ҳамжиҳат, аҳил, жамият миқёсидаги тартиб-интизомга чинакам риоя қилган бўлса, эпидемия нисбатан тез чекинмоқда. Демакки, бизнинг юртимизда ҳам пандемия чекинмоқда ва пандемия муносабати билан кучли инсонпарвар сиёсат ҳам олиб борилмоқда. Касаллик аниқланган фуқаролар тезкорликда карантинга олиниб, даволанмоқда. Улар учун барча шароитлар яратилган. Буни ҳозирги кунгача тузалиб чиққанлар сонида ҳам кўришимиз мумкин. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, мамлакатимизда касалликдан ўлим топганлар сони кам эканлиги кўпгина мамлакатларни ҳайратга солмоқда. Айниқса, барча ҳудудларидаги йирик ишлаб чиқариш корхоналарининг бир зум ҳам тўхтамай карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда фаолият олиб бораётгани ҳам таҳсинга сазовор. Юртбошимизнинг Ўрта ва кичик бизнес субъектларига ишончли имтиёзлар тақдим этаётгани, тадбиркорларга берилаётган имкониятлар, буларнинг барчаси давлат ва жамиятнинг бир бўлиб ҳаракат қилаётгани, ҳар қандай оғир вазифани уддалаши ва энг ноқулай шароитлардан ҳам чиқиб кета олишини исботламоқда.
Сўзим сўнггида шуни айтмоқчиманки, Ўзбекистон кучли раҳнамоси билан Коронавирусга қарши курашда энг аввало одамларнинг соғлиги ва ҳаётини сақлаб қолишга қаратилган йўлдан бормоқда. Чунки, пандемия даврида инсонлар хавфсизлиги ва саломатлигидан қимматроқ нарса йўқдир. Буни ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда ва халқимизнинг қалбида бир ишонч борки, бу синовлардан талафотсиз ўтиш умиди ҳамда давлат раҳбарининг оқилона сиёсати, миллат бирдамлигига ишончдир. Демакки, барча-барчамиз бугун бир мақсад йўлида бирлашсак, бу синовдан албатта мағрур ўтамиз.
Туман кенгаши депутати Ж.УСМАНОВА