Байрамга туҳфа
МАКТАБ БИНОСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ
Бугун 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан байрамга туҳфа сифатида “Шукрона” маҳалласидаги 25-сонли ихтисослашган умумтаълим мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Мактаб биносининг очилишига бағишланган тантанали маросимда Ҳазорасп туман ҳокими Ўктам Машарипов, сектор раҳбари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ўқитувчилар иштирок этди.
Маросимда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимиз халқ таълими тизимида амалга оширилаётган катта ислоҳотлар жараёнида, умумтаълим мактаблари учун янги замонавий бинолар қурилишига катта эътибор қаратилаётгани туфайли соҳадаги кўп йиллик муаммолар ҳал этилаётгани таъкидланди.
Замон талаблари асосида мукаммал таъмирдан чиққан мазкур мактабда ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари учун барча қулай шарт-шароитлар яратилган. Мазкур мактаблар янгича қиёфага келтирилиб, фасад қисмидан тортиб, ички, коммунал ва иссиқлик тизимларигача батамом замонавий таъмирлаш ишлари олиб борилди.
Хусусан, ушбу мактабда ахборот технологиялари хонаси, тўгарак хоналари, кимё, биология, физика лаборатория хоналари, хорижий тилларни ўқитишга мўлжалланган ўқув хоналари, ўғил ва қиз болалар учун технология хоналари, мусиқа хонаси, кутубхоналар қайтадан таъмирланган. Бундан ташқари ўқувчиларга қулайлик яратиш мақсадида кутубхона, тиббиёт хонаси, фаоллар зали, шинам ошхона, спорт заллари ҳам янги жиҳозлар билан таъминланди.
Мактабларда фан хоналаридан ташқари ўқувчиларнинг турли ҳунарларни ўрганиб чиқишлари учун тўгаракларга мос хоналари ҳам ташкил этилган.
Маълумот ўрнида: Ушбу мактаб биноси 5,5 миллиард сўм маблағ асосида 320 ўрини мукаммал таъмирланди ва 640 ўрини Реконструкция килиниб, 860 ўринли мактабга айлантирилди. Таъмирлаш ишлари пудратчи "Бунёдкор люкс" МЧЖ томонидан бажарилди.
Ҳазорасп туман ҳокимлиги Матбуот хизмати.