БАЙРАМ ТАНТАНАЛИ НИШОНЛАНДИ
Ҳазорасп тумани ички ишлар органларида хизмат қилаётган фидойи ходимларнинг бир гуруҳи, соҳада узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб бугунги кунда кексалик гаштини сураётган фахрийлари Ички ишлар органлари ходимлари байрами куни муносабати билан тумандаги “Хумо” тантаналар мажмуасида уюштирилган байрам дастурхонига таклиф этилдилар.
Тантанали тадбирда Ҳазорасп тумани ҳокими ва тумандаги ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари иштирок этдилар.
Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машарипов ўзининг табрик сўзида бугунги кунда туманимиз ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида ички ишлар органлари томонидан олиб борилаётган тезкор-профилактик чора-тадбирларни юқори баҳолаб, бунда ҳар бир ходимнинг алоҳида ўрни борлигини эътироф этиб, фидойи ходимлардан бир гуруҳига туман ҳокимлигининг қимматбаҳо совғаларини тантанали равишда топширди.
Шунингдек тадбирда сўзга чиққан туман ИИБ бошлиғи Хушнуд Машарипов сўнгги йилларда ички ишлар органларида олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг самарасига тўхталди ва бу борада айниқса ходимлар ҳамда фахрийларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар бугун алоҳида эътиборда эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг, нафақада бўлишига қарамасдан, ёш ходимларга ўзларининг бой ҳаётий ва иш тажрибаларни беғараз ўргатиб келаётган бир гуруҳ фахрийларга тўн кийгизилиб, совғалар топширилди.
Тантанали тадбирда эл суйган санъаткорлар томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият улашди.
Ҳазорасп туман ҳокимлиги Матбуот хизмати.