ҲАЗОРАСПДА  ПИЛЛА ТОПШИРИШ БОШЛАНДИ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Пилла - 2021

Мамлакатимизнинг иқлим шароити ва мавжуд салоҳият қишлоқ хўжалигининг ҳар бир тармоғи каби пиллачиликни ҳам истиқболда янада ривожлантириш муҳим омилдир. Ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиш, қишлоқ жойларда аҳоли бандлигини таъминлаш, тармоқнинг экспорт салоҳиятини ошириш, жаҳон бозорида ипак маҳсулотларимиз ассортиментини кўпайтириш ва уларнинг рақобатдошлигини ошириш учун давлатимиз раҳбарияти томонидан бир қанча амалий ишлар олиб борилмоқда.

Жорий йилда Ҳазорасп  туманида 3465  қути ипак қурти  парваришлаб, давлатга  194 тонна ҳосил топшириш режалаштирилган.  

Бугун ипак қурти пиллага айланиб, қилинган меҳнатлар ўз самарасини топди. Туманнинг энг илғор ва ташаббускор пиллакорлари  биринчилардан бўлиб, пилла топшириш мавсумини бошлаб бердилар.

Пилла топшириш жараёнининг илк кунида туман ҳокими Ўктам Машарипов, вилоят Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш бшқармаси бошлиғи Рашид Абдуллаев, “Ҳазорасп Агро Пилла” МЧЖ раҳбари Умидбек Салаев, секторлар раҳбарлари, пилакорлар иштирок этдилар.

Мавсумда биринчи бўлиб, “кумуш тола” етиштириб белгиланган режани ортиғи билан бажарган пиллакорлар муносиб тақдирландилар.

-Мен Янгибозор маҳалласида яшайман.  Анча йилдан бери шу юмуш билан шуғулланиб келаман.   Бу йил оила-аъзоларимиз билан бир  қути пилла қурти олиб боққандик. Шартнома режамиз 56  килограмм эди. Қуртларни яхши парвариш қилдик. Тут барги билан озиқлантиришни мунтазам ошириб бордик, ҳатто, ярим тунда ҳам озиқлантиришни давом эттирдик. Натижа эса кутилганидан ҳам зиёда бўлиб, 131 килограмм қилиб биринчилардан бўлиб режани ортиғи билан бажардик. Юзимиз ёруғ бўлди. Бундан ташқари, бир ойлик фаолияти учун келинларимга бир йиллик меҳнат стажи ёзилди. Албатта, олинган даромад рўзғоримиз тўкинлигига хизмат қилади. Хуллас, пиллачилик билан шуғулланиб ҳам меҳнат стажи кетяпти, ҳам яхшигина даромад оляпмиз. Бундан мамнунмиз,-дейди Зубайда Ярашова.

Дарҳақиқат, ишонамизки, пиллакорлар ўзларининг меҳнати билан албатта, белгиланган режани ортиғи билан уддалайдилар.

 

Ҳазорасп тумани ҳокимлиги  Матбуот хизмати.