ҲАЗОРАСП ТУМАНИДА ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ МАРКАЗИ ЯНГИ БИНОСИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПИШИРИЛДИ
Жумладан кеча, 2 июль куни Ҳазорасп туманида ҳам Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топиширилди.
Бинонинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Ф.Эрманов ва вилоятдаги барча туман ҳокимлари ҳамда биринчи ўринбосарлари иштирок этишди.
Энг замонавий ахборот технологиялари воситалари билан жиҳозланган ушбу марказга ташриф буюрувчиларга эндиликда кенг ва ёруғ, шинам хоналарда қулай шароитларда хизмат кўрсатилади. Марказга киришингиз билан сизни рўйхатга олиш бўлимида хушмуомала ходимлар яхши кайфият билан кутиб олишади.
Замонавий архитектура дизайни асосида жиҳозланган марказ биносига кирган мурожаатчиларнинг фарзандлари учун ҳам қулай шароит яратилган бўлиб, болалар ўйин майдончаси, тиббиёт хонаси, фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш туман бўлими, тадбиркорлар учун бош вазир қабулхонаси, нотариал хизмат хонаси, фуқаролик паспортини бериш ва алмаштириш бўйича туман ички ишлар бўлими хоналари ташкил этилган.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида давлат хизматларига 10 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ушбу кўрсаткич жорий йилнинг 6 ойи давомида 10 мингдан ортиқни ташкил қилган. Шундан 1 123 та тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, уларнинг 192 таси юридик шахслар, 931 таси жисмоний шахсларни ташкил қилган. Бундан ташқари, ўтган давр мобайнида 630 дан ортиқ тадбиркорлик субеъктлари қайта рўйхатдан ўтган.
Умуман олганда давлат хизматлари агентлигининг асосий мақсади, аҳолига турли тўсиқларсиз ва ортиқча ҳужжатларсиз давлат хизматлари кўрсатишдан иборатдир. Давлат хизматлари агентлиги томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бари юртдошларимизнинг давлат хизматларидан кўнгли тўлиб ва унумли фойдаланишлари йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатлардир.
Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши лозим”.