Жамиятни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун бўш иш ўринларини яратиш, аҳолини бандлик билан таъминлаш муҳим масалалардан бири саналади. Айниқса, аёлларга эътибор жамиятга қаратилган эътибордир. Чунки аёл киши, бутун бир жамиятнинг тарбияланувчилари ва келажаги бўлмиш ёш авлоднинг тарбияловчисидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миромоновичнинг 2021 йил 8 январь куни қабул қилинган «Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорига мувофиқ ҳар бир маҳаллада «Аёллар дафтари» ташкил қилиниб, 30 ёшдан юқори бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, 1 ва 2 гуруҳ ногиронлари сингари хотин-қизлар киритилди.
Шу билан биргаликда уларни қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш аёлларнинг шижоатига куч, эртанги кунига ишонч вазифасини ўтамоқда. Мазкур Қарорга кўра «Аёллар дафтари»га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларга БҲМнинг 150 бараваригача (33млн 450 минг сўм) миқдорда кредитлар ажратилиши белгилаб қўйилди.
Шу жумладан, Ҳазорасп туманида ҳам мазкур Қарорнинг ижроси жадал равишда амалга оширилмоқда. Туманда ташкил этилган 1-сонли касб-ҳунар мактабида «Касбга ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш» курслари ташкил этилган бўлиб, «Аёллар дафтари»га киритилган ишсиз хотин-қизларга турли касб сир-синоатлари давлат томонидан бепул равишда ўргатилмоқда. Ушбу тезкор курслар давомийлиги 2 ой бўлиб, имтиҳондан муваффақиятли ўтган аёлларга махсус сертификат тақдим этилади. Мазкур сертификат асосида хотин-қизларимиз турли давлат ташкилотлари, фабрика ва ишлаб чиқариш заводларида ишлаши ёки ўз тадбиркорлигини бошлаши мумкин.
Шу жумладан,ушбу қисқа муддатли курсларни тугатган аёллардан Милайим Иламанова ўз тикувчилик цехини 2021 йил март ойида очиш билан бирга маҳалладаги бошқа ишсиз аёлларни ҳам иш билан таъминлади. Тадбиркорнинг тикувчилик цехида 8 та тикув машинаси мавжуд бўлиб, “Жуворхос” маҳалласидаги аёлларга ҳам нафи тегмоқда. Милайим Иламанованинг гарчи ёш фарзанди бўлса ҳам, қалбидаги шижоат, ўз лидерлик қобилиятини кўрсатиш истаги хусусий тадбиркорликни йўлга қўйишига туртки бўлди.
“Жуворхос” маҳалласидаги Хотин-қизлар бўйича раис ўринбосари Юлдуз Иркаева томонидан маҳалладаги аёлларни, нафақат, иш билан таъминлаш, балки тушкунликка тушган, оиласи нотинч, турли муаммолар гирдобида қолган хотин-қизлар билан ҳам турли психологик тренинглар уюштирилмоқда. Иркаева Юлдуз аёллар муаммосини ўрганиш, иш фаолияти билан танишиш мақсадида тез-тез ташриф буюриб туради ва уларнинг муаммоларини ўрганиб чиқиш баробарида таклиф-мулоҳазалари билан танишмоқда ва ёрдам бермоқда.
Республика миқёсида олиб борилаётган бу каби ислоҳотлар вилоят ва туманларга ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қўймайди, албатта. Аёллар ўз бизнес режаларини яратиш билан биргаликда, спорт, адабиёт соҳаларига ҳам жалб қилинмоқда. Жумладан, аёллар ўртасида турли спорт мусобақалари, «Ёш китобхон оила» кўрик-танловлари ташкил қилинган. Бу каби тадбирлар жамият тараққиёти, келажак ривожи учун улкан ҳисса бўлиб қўшиляпти.
Нилуфар НУРУЛЛАЕВА,
УрДУ 3-курс талабаси.