ҲАЗОРАСП ТУМАНИДА 50 НАФАР БОЛАНИНГ СУННАТ ТЎЙИ ЎТКАЗИЛДИ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

 

3 нафар имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачаси ҳамда “Аёллар дафари”да турувчи аёлларнинг 11 нафар фарзандларига мактаб формалари топширилди

Бугун 18 март куни Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машарипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳазорасп туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Султанмурат Ходжамуратовлар ташаббуслари билан “Шовот” маҳалласидаги “Тўра оқсоқол” тўйхонасида туманимиз ҳудудидаги эллик нафар жажжи болажонларнинг хатна тўйлари бўлиб ўтди.


Тадбир аввалида болажонларимиз туман ҳокимлигига таклиф этилди ва тўй чопончалари кийдирилиб, совға-саломлар улашилди.
Сўнгра тўйболажонлар карнай-сурнай наволари остида безатилган автобусга ўтқазилиб, тўйхонага олиб борилди.
Тўйхонадаги тантанали тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ҳамда хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини таъкидладилар.

 


Кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлган болаларнинг суннат тўйлари миллий анъаналаримиз асосида ўтказилгани барчага қувонч ҳадя этди, тўй болалар ва уларнинг ота-оналари қутловлардан мамнун бўлдилар.
Шундан сўнг туман ҳокими ва ҳомий ташкилотлар, депутатлар томонидан хатна тўйи бўлаётган жажжи болажонларга қимматбаҳо эсдалик совғалари тўёна тариқасида топширилди.
Таниқли санъаткорларнинг куй-қўшиқлари тўй иштирокчиларининг қалбига завқ-шавқ бағишлади. Тўйда иштирок этганлар юзида замонага шукроналик ҳисси барқ урди. Тўй болаларнинг ота-оналари ушбу тадбирни ташкиллаштирган туман раҳбарига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.

 


-Мен Дилёрбек Ўринбоевнинг онаси Назокат Давлетоваман. “Янгибозор” маҳалласида яшайман. “Аёллар дафтари”да тураман. Бугун ўғлимнинг хатна тўйи ҳомийлар томонидан ўтказиб берилди. Бунинг учун аввало, туман ҳокимига, Халқ қабулхонаси мудирига ва ҳомийларга ўз миннатдорчилигимни билдираман.
-Бугун ўғлим ва мен учун бахтли кун. Чунки, ўғлим Шоҳжахоннинг хатна тўйи ўтказилди. Катта тўйхонада бўлиб ўтган тўй мен қатори бошқа 49 нафар онанинг қувончига сабаб бўлди. Бунинг учун барча ҳомийларга ўз ташаккуримни билдираман,-дейди “Гулзор” маҳалласида яшовчи Мўътабар Абдалниёзова.

 


Шунингдек, тадбир давомида туман ҳокими томонидан тумандаги 3 нафар имконияти чекланган фуқароларга ногиронлик аравачаси ҳамда “Аёллар дафари”да турувчи аёлларнинг 11 нафар фарзандларига мактаб формалари топширилди.

 


Дарҳақиқат, миллий анъаналаримиз қадрланган, эзгуликка йўғрилган бу каби хайрли ишлар юртдошларимиз қалбида меҳр-оқибат, саховат, одамийлик, эзгулик фазилатларини, шу билан бирга, уларнинг эртанги кунга бўлган умид ва ишончини мустаҳкамламоқда.

Ж.УСМАНОВА.
Ҳазорасп тумани ҳокими Матбуот котиби.