ҲАЗОРАСП ТУМАНИ ДАВЛАТГА ПАХТА ТОПШИРИШ РЕЖАСИНИ ОРТИҒИ БИЛАН БАЖАРДИ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Хушхабар

 Ҳазорасп тумани давлат хирмонига 18856  тоннадан зиёд ҳосил топшириб, ҳосилдорлик ҳар гектаридан 33,3 центнерни ташкил этиб, шартномавий режани ортиғи билан бажарди.

Туманда жорий йилги пахта йиғим-терими мавсуми учун пухта тайёргарлик кўрилди ва тизимли асосда иш олиб борилди.    

Бободеҳқонларимиз юксак натижаларга эришиб, давлатга пилла ва ғалла топшириш бўйича режаларини ҳам ошириб бажарганди. Пахтакорларимиз ҳам ушбу анъанани давом эттирган ҳолда  биринчилардан бўлиб, давлатга пахта сотиш бўйича шартномавий режаларни ортиғи билан бажардилар.

Ердан ризқ ундириш, ундан ҳосил олиш ўз-ўзидан бўлмайди. Деҳқонларимиз эрта баҳор, жазирама ёз мобайнидаги табиат инжиқликларини ўз билим, тажриба ва маҳорати, машаққатли меҳнати билан мардонавор енгиб, кузнинг ҳар бир илиқ кунидан унумли фойдаланган ҳолда ҳосилни уюшқоқлик билан йиғиб-териб олишди.

Туманда эрта баҳорда 129 та фермер хўжаликлари томонидан 5 минг 666 гектар майдонга  "Хоразм 150" навли чигит экилди. Ўз вақтида амалга оширилган агротехник тадбирлар натижасида ғўза ниҳоллари текис униб чиқди. Вегетация даврида барча агротехник тадбирлар сифатли ва ўз вақтида амалга оширилди. Жумладан, ғўза ниҳолларини ягоналаш, қатор ораларига ишлов бериш, бегона ўтлардан тозалаш, суғориш ва озиқлантириш, дефолиация ва чеканка қилиш каби тадбирлар малакали мутахассисларнинг тавсиялари ва деҳқонларимизнинг кўп йиллик тажрибалари асосида сифатли амалга оширилди. 

Қулай об-ҳаво шароити, ишнинг тизимли асосда ташкил қилингани ва деҳқонларимизнинг машаққатли меҳнатлари эвазига далаларда мўл ҳосил тўпланишига эришилди. Теримчилар учун барча шароитлар яратилиб, дала бошида иссиқ овқатлар ташкил қилинди. Уларнинг маданий ҳордиқ чиқариши, терим пулларининг ўз вақтида, дала бошида бериб борилгани  терим суръатини оширишда муҳим омил бўлди.

Бугунги юксак хирмонни бунёд қилишда  "Соли туркман" ва “Мискинободлик Диёр” фермер хўжаликлари ҳосилдорликни гектаридан 50 центнердан ортиғи билан топширган бўлса, "Яқуб Анназар",  “Сотиболди Кулол”  каби фермер хўжаликлари 45-50 центнердан ҳосил олиб,  “оқ олтин” хирмонининг янада баланд бўлишига ўзларининг ҳиссаларини қўшдилар.

Биз пахта ҳосилини етиштириш ва йиғиб олишда фаол иштирок қилаётган барча миришкор деҳқонлар, фермерлар, теримчилар ва мутасаддиларга куч ғайрат тилаб, бугунги эришган ютуқлари билан самимий табриклаймиз.

Айни кунларда туманимиз бўйлаб, пахта йиғим-терими қизғин давом этмоқда.

 

Ҳазорасп туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.