ҲАЗОРАСП ТУМАНИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ИНСПЕКЦИЯСИ БОШЛИҒИ ДИЛШОД МАТЯҚУБОВНИНГ ҲИСОБОТИ ВА МУРОЖААТИ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

ҲАЗОРАСП ТУМАНИ ДАВЛАТ СОЛИҚ ИНСПЕКЦИЯСИ БОШЛИҒИ ДИЛШОД МАТЯҚУБОВНИНГ ҲИСОБОТИ ВА МУРОЖААТИ

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун кўплаб имкониятлар яратилмоқда. Жумладан юртимиздаги иқтисоди нисбатан оғир бўлган ҳудудларда тадбиркорлик субектларига енгилликлар бериш билан бирга, уларнинг бизнес юритишига қулай шарт-шароитлар яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2023 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан “Солиқчи кўмакчи” тамойили асосида жорий йилнинг 19-20 январ кунлари соҳалар кесимида Хоразм вилояти солиқ бошқармаси ва барча шаҳар, туман солиқ инспексияларида онлайн тарзда ўқув семинарлари ташкил қилинди. Дастлабки куни ишлаб чиқариш, қурилиш, улгуржи савдо ва умумий овқатланиш соҳалари орқали, кейинги куни транспорт, қишлоқ хўжалиги, бюджет ташкилотлар ва бошқа соҳалар бўйича тадбиркорлик субъектларига батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, солиқ тизими ходимлари томонидан ҳар бир бозор ва савдо комплексларга, корхона ташкилотларига чиқиб солиқ тизимидаги ўзгаришлар бўйича тарғибот ишлари тизимли равишда йўлга қўйилди.

 Айниқса, Ҳазорасп туманида айланмадан олинадиган солиқ тури бўйича солиқ тўлаётган тадбиркорлик субъектлари билан бевосита учрашиб, уларга қатъий белгиланган суммада солиқ тўлаш тартибига ўтиш ихтиёрий эканлиги тушунтирилди. Ушбу тартибни танлаш тадбиркорлик субъектлари учун бир қатор енгилликлар яратиб беришини инобатга олиб, январь ойида 158 та айланмадан олинадиган солиқ тўловчилар қатъий белгиланган суммадаги солиқни тўлаш тартибига ўтдилар. Шундан 124 та тадбиркорлик субъектлари 20 миллион сўмлик, 34 та тадбиркорлик субъектлари 30 миллион сўмлик қатъий белгиланган суммадаги солиқ тўловчи мақомига эга бўлдилар. 

Ҳазорасп тумани давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 58 та корхонадаги 97 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилиб, уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланди.

Агар соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарида 48 нафар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида 25 нафар ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи 28 нафар фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилди.

Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига ҳам тўхталиб ўтадиган бўлсам, давлат солиқ хизмати органларига келиб тушган мурожаатлар сони 94 тани ташкил этмоқда. Шундан 1 таси ёзма, 2 таси электрон ва 81 таси оғзаки равишда, шунингдек, 10 таси виртуал қабулхона орқали йўлланган.

Ҳозирги кунгача жами келиб тушган мурожаатларнинг 94 таси, яъни 100 фоизи тўлиқ назоратга олиниб, 10 та ҳолатда мурожаатчиларга тегишли тушунтиришлар берилди. 70 та мурожаат бўйича аниқ чоралар кўрилиб қаноатлантирилди. Айни пайтда яна 4 та мурожаат кўриб чиқилмоқда. Бундан ташқари, давлат солиқ хизмати органлари фаолияти билан боғлиқ бўлмаган 10 та мурожаат тегишли вазирлик ва идораларга юборилди.

 Ҳурматли тадбиркорлар!

Ҳазорасп тумани давлат солиқ хизмати органлари ходимлари солиқ соҳасига оид барча саволларингизга жавоб бериш, билмаганларингизни ўргатиш ва “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида сизга яқиндан ёрдам беришга доимо тайёрдирлар.