Ҳазорасп тумани ҳокими ташаббускорлиги ва ҳомийлигида ҳамда ижодкор Ёқуббой Жумабоев муаллифлигида “Оловли йиллар” туркумидаги янги китоб нашр этилди.
Китоб — инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл қайроғи ва билим манбаидир. Китоб фикрлаш қуроли, хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, мўътабар ва муқаддас деб ҳисоблаган. Шунинг учун китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинт қон-қонига сингиб кетган. Кишининг маданияти, тарихи ҳам китобларда акс этади.
Бугун Ҳазорасп туманидаги «Кемпинг» тўйхонасида туман ҳокими ташаббускорлигида нашрдан чиққан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, ижодкор Яқуббой Жумабоевнинг “Оловли йиллар” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Китоб тақдимотига вилоят ва тумандан бир гуруҳ ижодкорлар, ёзувчи, шоирлар ҳамда китобга ошно қалблар, маҳалла фаоллари, фахрийлар таклиф этилди.
Тадбирда сўзга чиққан Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машарипов китоб – илм ва ҳикмат манбаи эканлигини ва ушбу китобнинг нашр этилиши, китобнинг мамун-моҳияти, келгусида ушбу китобни китобхонлар қизиқиш билан ўқиши ва барчага манзур бўлиши борасида гапириб ўтди ҳамда китоб муаллифи Яқуббой Жумабоевга ташаккурнома ва эсдалик совғаларини топширди.
Тадбир давомида ёзувчилар Гавҳар Ибодуллаева, Рўзимбой Хасан ва бошқа ижодкорларнинг янги нашр “Оловли йиллар” тарихий китоби ва китоб муаллифининг ижоди борасидаги фикрлари тингланди.
Дарҳақиқат, “Оловли йиллар” тарихий романида Ҳазорасп туманидаги воқеалар, мард ва жасур эл ўғлонларининг ҳақ ва адолат учун кураши бадиий бўёқларда ёрқин акс этиб, қаҳрамонларнинг фаолияти, ҳатти-ҳаракатлари, кураш жаёнлари қизиқарли ва таъсирли, ҳаётий ва ҳаққоний манзарали лавҳаларда кўрсатиб берган.
Тадбирда сўз олган “Кўнгил билан суҳбат”, “Армонли дунё”, “Умр ўтаверади”, “Йўлбарс қасоси”, “Бедор кечалар”, “Қарғиш” китоблари муаллифи Ёқуббой Жумабоев янги китоби “Оловли йиллар”да акс этган воқеалар борасида гапириб, ушбу китобнинг чоп этилишида беминнат ёрдам берган маърифатпарвар инсон, Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машариповга ўз миннатдорчилигини билдирди.
Китоб тақдимотига ташриф буюрган меҳмонлар бир пиёла чойга таклиф этилди ва тумандаги хушовоз хонандалар томонидан тайёрланган бадиий дастурни томоша қилишди.
Тадбир барчада катта таассурот қолдирди.
Ҳазорасп тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати.