Бугун халқ билан мулоқот қилишнинг янгича тизими – “маҳаллабай” асосида иш ташкил этилаётгани боис аҳолини қийнаб келаётган кўплаб муаммолар ижобий ҳал этилмоқда.
Айниқса, фуқароларнинг мурожаатларини маҳаллабай кесимда чуқур ўрганиш ва ҳал этиш бўйича янги тизимнинг йўлга қўйилгани жойлардаги муаммоларнинг тезкор ва самарали ҳал этиш имконини бермоқда.
Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машарипов раҳбарлигида туманда бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ҳар бир сектор раҳбарининг ўз ҳудудларида аҳоли билан учрашиб, муаммоларини ўрганиб, ижобий ҳал қилинаётгани ҳам бунинг яққол исботидир.
Жумладан туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Ўктам Машарипов бугун “Карвак” маҳалласида бўлиб хонадонма-хонадон юриб, аҳоли билан учрашди. Муаммоларини ўрганиб, мурожаатлар ўрганиш бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Хусусан, туман ҳокими хонадонма –хонадон юрар экан “Аёллар дафтари”да турувчи Ирода Матёқубованинг уйида бўлди. Бу аёл 2 тикув машинасини сотиб олиб, айни кунда ўз тадбиркорлигини йўлга қўйган. Оила-аъзоларининг иш билан бандлиги таъминлаган.
Туман ҳокими Ирода билан суҳбатлашар экан, муаммолари борасида сўраганда тикувчилик фаолиятини кенгайтириш истаги борлигини, кредит олиш масаласида ёрдам беришларини, ер майдони бўлса шу ерда кичик цех очиш истагини билдирда.
Туман ҳокими томонидан фуқаронинг кредит масаласи ижобий ҳал қилиниши ва ер майдони масаласида аукционда қатнашиб, ютиб олиши мумкинлиги тушунтирилди.
-Мен бугун туман ҳокимидан миннатдорман. Чунки, тадбиркорлигимни ривожлантириш бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар ва таклифларини бердилар. Ҳар доим қўллаб-қувватлашларини айтдилар, бу бизга қанақадир куч беради. Бизга яратилаётган имкониятлардан тўғри фойдаланамиз ва албатта, тадбиркорлигимизни ривожлантирамиз,-дейди Ирода Матёқубова.
Давлатимиз раҳбари ҳам "маҳаллабай" ишлаш тизимида: Ҳар бир хонадонда соат сайин ишонч пайдо бўлиши керак”, деган эдилар. Дарҳақиқат, бугун ҳар бир хонадонда шундай ишонч пайдо бўлмоқда.
Фуқаролар муаммолари ўрганилиб, ижобий ҳал этилмоқда. Натижада эса ишсизлар сони камайиб, иш билан банд фуқаролар кўпаймоқда.
Жамила УСМАНОВА,
Ҳазорасп туман ҳокими Матбуот котиби.