AҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ НИМА МАҚСАДДА ЎТКАЗИЛАДИ
Биламизки,бугунги кунда мамлакатимиз миқёсида катта ижтимоий-иқтисодий жараён -аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишга кенг кўламдаги тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур тадбирнинг кўламдорлиги ва аҳамияти уни ўтказишга доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши билан ҳам англанади.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш консепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5655-сон Фармони қабул қилинди.
Фармонда алоҳида банд сифатида Ўзбекистон Республикасининг “Aҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги Қонуни лойиҳаси ишлаб чиқиш вазифасининг белгиланиши ортидан 2020 йил 16 мартда мазкур Қонун қабул қилинди. Қонунда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий мезонлар қаторида тадбирнинг мақсади ҳам белгилаб берилган.
Хўш, аҳолини рўйхатга олишнинг ўзи нима, у бизга нима беради,деган савол кўпчиликда туғилиши табиий. Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, аҳолини рўйхатга олиниши натижасида:
- Мамлакатимизда истиқомат қилаётган аҳолининг ёши, жинси,
таркиби, миллати, маълумоти, оилавий шароити, даромадлари ҳақидаги тўлиқ ва аниқ маълумотлар шакллантирилади ва рўйхатга олинишлар оралиғида шу кўрсаткичларнинг ривожланиш динамикаси аниқланади.
- Олинган маълумотларга асосланиб мамлакатимизнинг макроиқтисодий кўрсаткичлари шакллантирилади, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг истиқболли дастурлари, маълум бир ҳудудларни ривожлантиришнинг қисқа, ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган режа-дастурлари ишлаб чиқилади.
- Aҳолининг бандлигини таъминлаш,хусусан янги иш ўринларини яратиш, меҳнат ресурсларини самарали жойлаштириш, халқ саломатлиги айниқса, оналар ва болалар саломатлигини яхшилашга қаратилган манзилли дастурларни ишлаб чиқишнинг имкони яратилади.
- Aҳолини рўйхатга олиш натижасида тўпланган маълумотлар асосида халқаро стандартлар талабига мос равишда маълумотлар базаси яратилади ва ўз навбатида ушбу маълумотлардан илмий изланишлар олиб боришда кенг фойдаланилади. Муҳими олинган маълумотлар орқали Ўзбекистоннинг халқаро рейтингини оширишга эришилади.
Халқаро тавсияларга кўра, аҳолини рўйхатга олиш камида 10 йилда бир маротаба ўтказилиши белгилаб қўйилган ва ушбу жараён аҳолини рўйхатга олишнинг мунтазамлиги,т адбирни марказлашган ҳолда, аниқ дастур асосида ва аниқ бир муддатда ўтказилиши ( мамлакатимизда 2022 йилнинг ноябрь ойида), аҳолини рўйхатга олишнинг махсус тайёрланган мутахассислар – ҳисобчилар томонидан ўтказилиши, тадбирда аҳолининг тўлиқ қамраб олиниши, маълумотларнинг махфийлиги ва шахсийлаштирилиши каби муҳим тамойилларга асосланади.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда бу тадбир биринчи маротаба амалга ошириляпти. Шу боисдан уч босқичда яъни 1-босқичда ташкилий-тайёргарлик ишлари амалга оширилади. 2-босқичда бевосита аҳолини рўйхатга олиш ўтказилади. 3-босқичда олинган маълумотлар умумлаштирилади ва жамланиб, яхлит маълумотлар базаси яратилади. Ўтказилиши белгиланган мазкур тадбирга барча давлат ва жамоат ташкилотларининг фаол жалб қилиниши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси аҳолини рўйхатга олиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи қилиб белгиланган. Aҳолини рўйхатга олишни ўтказишга пухта тайёргарлик ишларини ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш мақсадида 2020 йилнинг август ойидан эътиборан Статистика қўмитаси таркибидаги барча ҳудудий бошқармаларда “Рўйхатга олиш жараёнини ташкил этиш ва ўтказиш” бўлимлари тузилди. Aйни кунгача вилоят статистика бошқармасида ташкил қилинган мазкур бўлим мутахассислари томонидан аҳолини рўйхатга олишнинг биринчи босқичи доирасида ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, шу кунгача вилоятимизнинг Урганч шаҳри, Ҳазорасп, Қўшкўпир ва Урганч туманларида аҳоли ўртасида тарғибот ишлари, ҳудудларда танланма кузатувлар, оммавий-ахборот воситалари орқали мавзуга доир чиқишлар амалга оширилмоқда. Аҳоли гавжум бўлган жойларда (молия муассасалари ва бозорларда) ўрнатилган мониторлар орқали тадбирнинг бутун моҳиятини ёритувчи роликлар намойиши йўлга қўйилмоқда.
Шунингдек, Хоразм вилояти “Ер ресурслари ва давлат кадастри ” бошқармаси билан ҳамкорликда шаҳар ва туманлардаги статистика бўлимларини жалб қилган ҳолда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш учун зарур бўлган миқдорда аҳоли яшаш пунктларининг картографик чизма материалларини (шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режаси, маъмурий туманлар харитаси) тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Танланма кузатувлари давомида маълум бир аҳоли пунктида яшовчилар сони кўрсатилган ҳолда хонадон ва уйлар рўйхати шакллантирилмоқда. Кўчаларнинг тўлиқ номлангани, мавжуд уй ва хонадонларнинг тўлиқ рақамланганлиги ва рақам белгиларининг ўрнатилганлиги кузатилиб, натижалари асосида махсус қайдлар юритилмоқда.
Шу кунгача Урганч шаҳридаги №29-сон “Байналминалчи”, №20-сон “Обиҳаёт”, №8-сон “Гулшан” маҳалла фуқаролар йиғинларида, Урганч туманидаги “Мироблар” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли “Ёрмиш-ёп” аҳоли яшаш пунктида,”Жайҳун” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли “Aмударё” аҳоли яшаш пунктида ва ”Уйшин” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли “Уйғур” аҳоли пунктларида ана шундай танланма кузатувлар ўтказилди.
Aйтиш лозимки, шу ҳудудлардаги бир қанча уйларнинг белгиланган тартибда рақамланмаганига ёки нотўғри рақамланганлигига гувоҳ бўлдик. Бу каби муаммолар иш жараёнида учраши табиий.
Ишимизнинг асосий мақсади ҳам аслида шу –мавжуд камчилик ва хатоликларни вақтида аниқлаш ва бартараф қилиш , шу орқали 2022 йилга белгиланган катта ижтимоий аҳамиятга эга тадбирни юқори савияда, аҳолини тўлиқ қамраб олган ҳолда ташкил этиш ва ўтказишга эришишдир.
Улуғбек Матёқубов
Вилоят статистика бошқармаси “Рўйхатга олиш жараёнини ташкил этиш ва ўтказиш” бўлими бошлиғи.