АЁЛГА БАҒИШЛОВ
Алишмасман сенинг ироданг, ақлинг,
Дунёнинг бор зеб – у зийнатларига.
Юз-кўзим сурсам -у, бошимни қўйсам,
Оёғинг остининг жаннатларига.
Сенинг қилдай қирқта жонинг қасдига,
Алпомишдай эрлар қолурлар қойил.
Ҳижолат бўлурлар чизгиларидан,
Энг уста мусаввир, энг машҳур шоир.
Энг моҳир нотиқ ҳам қилолмас талқин,
Сабр- бардошингни, матонатингни.
Ҳеч бир тош- тарозу тортолмас сенинг,
Қайноқ муҳаббат- у, садоқатингни.
Сен боланг томонга қўйганда қадам,
Олдингни тўсолмас ҳаттоки шамол.
Ўйларинг бузолмас ёрилса ҳам ер,
Фарзандинг ҳақида сурганда хаёл.
Илоҳий маъбудсан, илоҳий санам,
Оламнинг энг буюк хилқати аёл!
Мадҳингга сўз ожиз, ожиздир забон,
Аллоҳнинг беназир санъати аёл!
Салимабону МАДРАҲИМОВА,
Халқаро турон ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.