АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ЗИММАСИГА ҚЎШИМЧА ВАЗИФАЛАР ЮКЛАТИЛДИ
Автор:
Сабрижамил
АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ЗИММАСИГА ҚЎШИМЧА ВАЗИФАЛАР ЮКЛАТИЛДИ
"Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди.
Фармон билан Адлия вазирлиги зиммасига қатор қўшимча вазифа ва функциялар юклатилди. Хусусан, вазирлик адлия органлари ва муассасалари фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этади ҳамда давлат хизматларини рақамлаштириш орқали "виртуал адлия” тизимини ишга туширади.
Фармон билан 2020–2024 йилларда адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш концепцияси ва концепцияни 2020–2021 йилларда амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси” ва 2020–2024 йилларда адлия органлари ва муассасаларини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари (индикаторлари) тасдиқланди.
Вазирлик 2020 йил якунига қадар шу жумладан қуйидаги асосий мақсадли кўрсаткичларга (индикаторларга) эришилишини таъминлайди. Яъни Вазирлик томонидан ишлаб чиқиладиган қонун ҳужжатларини тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун лойиҳалари сифатида қабул қилиш орқали уларнинг улушини 20 фоизга етказиш, давлат бошқаруви тизимини функционал таҳлил қилган ҳолда вазирлик ва идораларнинг камида 10 та функцияларини нодавлат секторга ўтказиш бўйича таклиф киритиш, 2018–2019 йилларда янги (қайта) ташкил қилинган 8 та вазирлик ва идоралар фаолиятини ўрганиш, электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари улушини 12 фоизга етказиш, аҳолига Давлат хизматлари марказлари томонидан кўрсатиладиган янги хизматлар сонини 15 тага ошириш, нодавлат нотариат шаклига айлантирилган давлат нотариал идораларининг улушини 95 фоизга етказиш ва 29 та қонуности ҳужжатлари билан белгиланган жавобгарлик ва санкция нормаларини чуқур таҳлил қилиш ва тегишли қонунларга ўзгартириш киритилишини таъминлаш.
Фармонга кўра, Адлия вазирлиги амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини мониторинг қилиш, ушбу соҳада вазирлик ва идоралар ваколати ва функцияларининг тўлиқ ва сифатли амалга оширилаётганлиги ҳамда белгиланган мақсадларга эришилаётганлигини функционал таҳлил қилиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди. Эндиликда, Адлия вазирлиги маъмурий ислоҳотлар доирасида вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқиладиган янги ташаббусларни кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан инобатга олиниши мажбурий бўлган хулосалар беради.
Шунингдек, фармонга кўра, жисмоний ва юридик шахслар учун жавобгарлик белгиловчи ҳуқуқий нормалар фақатгина қонунлар билан ўрнатилиши, қонун ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлашда "пакет” принципи жорий қилиниши, идоравий қонун ҳужжатларини қабул қилиш вақтинча тўхтатилиши, эксперимент тариқасида юридик хизматлар кўрсатиш марказлари ташкил этилиши, "Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази ташкил этилиши кўрсатиб ўтилди.
Шоназар ЯҚУБОВ,
Ҳазорасп туман адлия бўлими бошлиғи.