157 НАФАР ИШСИЗ АЁЛЛАРНИНГ КАСБГА ЎҚИТИЛИШИ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛДИ
Жорий йилнинг йил 11 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғирисида"ги Қарори қабул қилинган эди.
Қарорга биноан мамлакатимизда меҳнат бозорининг самарали механизмларини жорий қилиш, аҳолининг ишчанлик фаоллигини ошириш, камбағал ва ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, шу асосда уларни доимий даромад келтирадиган меҳнат ва тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш белгилаб берилганди.
Ушбу қарор ижроси юзасидан Ҳазорасп туманида амалга оширилаётган ишлар борасида туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази раҳбари Ж.Мадиримов шундай деди.
- Қарор ижроси бўйича ноябрь ойидан тумандаги "Ферузбек Бехрузбек" МЧЖ талабномасига асосан 15 нафар, “Ҳазорасп Текстиль МЧЖ“ корхонасининг талабномасига асосан 157 нафар ишсиз аёлларнинг тикувчилик йўналиши бўйича касбга ўқитилиши йўлга қўйилди. Демак, жорий ойда жами 172 нафар ишсиз аёллар тумандаги 1 - сонли касб-ҳунар мактабида тикувчилик бўйича ўқитилиб, сертификат берилади. Натижада эса талабнома берган корхона томнидан касб-ҳунарга эга бўлган хотин-қизлар шу ташкилотларга ишга жойлаштирилади.
Ҳазорасп туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.