Туман ҳокимининг байрам табриги


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Ассалому алайкум Қадрли элдошлар!

Барчангизга маълумки, 1989 йилнинг 21 октябрида “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниб, қонунга асосан ўзбек тили давлат тили сифатида расман эълон қилинди.

Истиқлол йилларида она тилимиз том маънода давлат тилига айланиб, халқимизни юртимизда эркин ва озод, фаровон ҳаёт қўришдек буюк марраларга сафарбар этадиган беқиёс куч сифатида майдонга чиқди.

Азиз дўстлар!

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуслари билан сўнгги йилларда Ўзбекистонда барча соҳа ва тармоқлар каби она тилимиз қадри ва нуфузини янада ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлардан хабардорсиз. Бунинг тасдиғини ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва обрў-эътиборини тубдан ошириш бўйича қабул қилинаётган фармон ва қарорлар мисолида яққол кўришингиз мумкин.

Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни ва нуфузи тобора ошиб бормоқда.

Халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ва бебаҳо маҳсули бўлган ўзбек тили жаҳондаги бой ва қадимий тиллардан биридир.

Тан олиш керакки неча минг йиллар оллин ҳам, ўзбек тилида битилган минглаб бадиий ва илмий асарлар ўз нафосати, сермазмунлиги, панд-насиҳатга бой эканлиги билан миллионлаб илм ва маърифат аҳлининг қалбини забт этди. Ҳаттоки, уларни улуғ ишларга, кашфиётларга ундади. Бизнинг бурчимиз эса бу бебаҳо бойлигимизни кўз қорачиғидай асраш, уни янада бой ҳолатда келгуси авлодга қолдиришдир.

Мустақиллик йилларида мамлакат-имизнинг жаҳондаги нуфузи ортиб боргани сари шунга мутаносиб равишда тилимизга хорижликларнинг қизиқиши ҳам кучайиб бормоқда.

Хусусан, АҚШ, Япония, Германия,
Жанубий Корея, Хитой, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа кўплаб мамлакатларда ўзбек тили олий таълим муассасаларида ўқитилмоқда. Туркия Республикасининг 70 дан ортиқ олий таълим муассасаларида ўзбек тили ўрганилмоқда.

Азиз элдошлар!

Албатта, тил бор экан, миллат барҳаёт. Тил бор экан, юртнинг истиқболи нурли ва чароғон бўлади.

Шундай экан, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билсак, буни ҳаётимиз қоидасига айлантирсак ўзбек тилини ривожлантиришга бевосита улкан ҳисса қўшган бўламиз.

Она тилимизнинг мавқеи, буюклигини сақлашда ҳар биримиз масъулмиз. Буни асло унутмаслигимиз лозим.

Сўзим сўнгида сизларни ва бутун халқимизни ўзбек тили байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилаларингизга файзу барака, бахту саодат тилайман.

Ўзбек тили – она тилимизнинг нуфузи, обрў-эътибори янада зиёда бўлсин!

Шундай бебаҳо бойлик соҳиби бўлган, уни ҳамиша асраб-авайлаб келаётган азиз халқимиз омон бўлсин!

Эътиборингиз учун раҳмат.