Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан байрам табриги


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Қадрли элдошлар!

Муҳтарам деҳқон ва фермерлар, аграр соҳа ходимлари!

 Бугун қўшалоқ байрам. Аввало сизларни Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси қабул қилинган кун билан қолаверса касб байрамингиз - Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан сизларни, бутун туманимиз аҳлини чин қалбимдан муборакбод этаман.

Ўзбекистон равнақи ва аҳоли фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган, қадоқ қўли ва фидойи қалби билан элимизнинг ризқ-насибасини яратаётган, ўз ишининг устаси бўлган моҳир деҳқон ва фермерлар, боғбонлар, чорвадор ва пиллакорлар, сувчилар ва ирригаторлар, агроном ва механизаторлар, агрокластерларнинг раҳбарлари ва ишчи-ходимлари, соҳанинг жонкуяр ходимлари ҳамда мутахассисларига самимий миннатдорчилик билдираман.

Азиз дўстлар!

Кейинги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқни кўзлаган ҳолда ҳурматли Президентимиз томонидан амалга оширилаётган туб ислоҳотлар тизимда салмоқли натижаларга эришишда муҳим омил бўлмоқда. 

Ҳаммамизга аёнки, деҳқончилик ер юзидаги энг шарафли, айни вақтда машаққатли касблардан биридир. Туманимиз  қишлоқ хўжалик соҳасида бу йил ҳам мўл ҳосил етиштириб, аввалги йилларга нисбатан юқори марраларга эришгани ҳар қанча таҳсинга лойиқдир.

Ҳурматли Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда "Шундай улуғ ва муҳим соҳанинг залворли юкини ўз елкасида кўтариб келаётган миришкор деҳқон ва фермерлар, заҳматкаш чорвадор ва пиллакорлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, жонкуяр олим ва мутахассисларни дунёдаги энг олижаноб касб эгаларидир" десак, айни ҳақиқатдир.

Шу фурсатдан фойдаланиб, жорий йилги машаққатли меҳнатингиз, эришилган натижалар ва олдимизда турган режалар ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман.

Бу йил туманимиз бўйича 19 минг 800 тонна ғалла,  50 минг тоннадан ортиқ мева-сабзавот, 37 минг  тоннага яқин дон,  192 тонна пилла, 16 минг тонна гўшт, 129 минг тоннадан ортиқ сут маҳсулотлари, 35 млн. дона тухум, 4 минг тонна балиқ етиштирилгани йил бўйи туну кун қилинган машаққатли меҳнатнинг муносиб самарасидир. 

   Айниқса, пахтачиликда эришилган ютуқлар салмоқли бўлди. Жорий йилда фермер хўжаликлари ва кластерларимиз томонидан 21 минг 730 тонна ёки шартномавий режага нисбатан 105,6 фоиз миқдорида пахта хом ашёси етиштирилиб, ўртача ҳосилдорлик 39,5 центнерга етказишга эришилди.

Шунингдек, 160 гектар майдонда сув тежовчи суғориш технологиялари, 100 гектарда томчилатиб суғориш ва 60 гектарда ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий қилинди ҳамда 2350 гектар ер майдонларида лазерли текислаш ишлари амалга оширилди. 300 гектар майдонда эса интенсив боғлар яратилди.  

Ушбу ютуқлар ҳақида гапирганда, ғалланинг ҳар гектаридан 90 центнердан ҳосил олган “Йўлчи”, “Мискинободлик Диёр”, “Исмоил Хонқали авлоди” каби фермер хўжаликларининг номларини, чорвачилик йўналишида “Ғуломбой Икромбой” фермер хўжалигини, балиқчилик йўналишида “Ҳазорасп амур балиқлари” фермер хўжалигини, боғдорчилик йўналишида “Қобил Ғайрат” фермер хўжалиги ва пиллачиликда пиллакор Жангир Тажиевларни мамнуният билан эътироф этамиз.

Аграр соҳанинг яна бир муҳим тармоғи – пахтачиликда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида жорий мавсумда ўтган йилга нисбатан 1,5 минг тонна кўп пахта хом ашёси етиштирилиб, ҳосилдорлик  ўртача 39,5 центнерга ошгани айниқса эътиборлидир.

Бундай улкан хирмонни яратишга салмоқли ҳисса қўшган "Исмоил Хонқали авлоди", "Сулаймон Шо", "Солий Туркман", "Полвон Пир", "Ғофур Рухия", "Юсуф баззоз ўғли Бобур", "Эркабой Тўрабой" фермер хўжаликлари ҳаммага намуна бўлганини миннатдорлик билан таъкидлайман.

Қадрли элдошлар!

 Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларига асосланган, бошқарувнинг мутлақо замонавий шакли бўлган кластер тизими жорий этилгани амалда ўзини тўла оқламоқда. Ушбу инновацион тизим аграр соҳани ривожлантиришнинг муҳим воситасига, қишлоқ аҳолисининг кафолатли даромад манбаига айланиб бормоқда.

Агрокластерлар қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, соҳани саноатлаштириш, маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш, пировардида четга хом ашё эмас, қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулот экспорт қилиш, бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш каби асосий вазифаларни самарали амалга оширмоқда.

Ер қадрини биладиган, унинг ҳар қаричидан унумли фойдаланадиган, доимо изланиб, ноёб тажриба мактаби яратган   фермер ва деҳқонларимиз, шунингдек, мева-сабзавот, шоли,  чорвачилик ва бошқа соҳаларда ҳам юқори натижаларни қўлга киритиб келаётгани ғоятда аҳамиятлидир.

Ҳурматли соҳа вакиллари!

 Мир Алишер Навоий ҳазратларининг бободеҳқонларни улуғлаб, улар ерга уруғ сочиб, эл-юрт учун ризқ йўлини очадилар, деб айтган сўзларида теран ҳаётий маъно борлигини ҳаммамиз яхши биламиз.

Сизларни ушбу файзли ва шукуҳли айём билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга тинчлик ва фаровонлик тилайман.

Кириб келаётган янги – 2023 йилда ҳосилимиз янада мўл бўлсин!

Халқимиз, элимиз дастурхонидан тўкин-сочинлик ҳеч қачон аримасин!

Умрингиздан, меҳнатингиздан барака топинг, танти ва бағрикенг, яратувчан ва она заминни севиб ардоқлайдиган қадрдонларим.