КУМУШДЕК ТЕР ТЎКСАНГ, ГАВҲАРДЕК ДУР ОЛАРСАН
Мамлакатимизда фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва бунёдкорлик салоҳиятини қўллаб-қувватлаш орқали аҳолининг туб қатламига муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, жойларда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорларга бўлган эътибор туфайли улар томонидан янги иш ўринлари очиш, барқарор даромад манбаларини яратиш муҳим омилга айланиб бормоқда.
Таъкидлаш жоизки, “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури ижросини таъминлашда Ҳазорасп туманида олиб борилаётган ишлар барчага манзур бўлмоқда. Чунки, тадбиркорлар эли бўлган ҳазораспликларнинг қайси бир хонадонига кирманг, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйганлигини ва қўяётганлигини кўриб, кўзингиз қувнайди.
Жумладан, “12 Нарвон” маҳалласида яшовчи Рустам ака Хажиевни олайлик. Улар 11 сотих майдонда иссиқхона ташкил этиб, бугун меҳнатининг самарасини кўрмоқда. Яъни ўз оилавий тадбиркорлигини 2014 йилда 2 та лимон кўчати экиб бошлаган бўлса, бугун улар сони 86 тубни ташкил этади. 6 сотих майдонда жойлашган лимон кўчатлари бугун кўзни қувонтирувчи ҳосил берган. Бундан ташқари 5 сотих майдондаги памидор, бодринг экилган иссиқхонаси ҳам мавжуд. Бу экинлардан ҳар йили мўл ҳосил олиб 50-60 миллион даромад қилмоқда.
- Биз оила-аъзоларимиз билан маслаҳатлашиб, ўз даромадимиз ҳисобига оилавий тадбиркорликни йўлга қўйдик. Мана бугунги кунда оила-аъзоларимиз билан бирга нафақат иссиқхоналар ташкил этиб, балки чорвачилик ва паррандачилик билан ҳам шуғулланиб келмоқдамиз. Ўз эҳтиёжларимиздан ортган гўшт ва тухум маҳсулотларини бозорларимизга топшириб, оилавий даромадларимизнинг ошишига эришдик.
Дарҳақиқат, бугун бу хонадонда ҳозирги кунда 100 та ўрдак, 40 бош қорамол ҳам боқилмоқда. 20 бош қорамол эса соғин сигир бўлиб, ундан олинаётган сут маҳсулотлари ички бозорларга чиқарилмоқда. Бу оилавий тадбиркорлик билан даромадини ҳар йили ошираётган Рустам ака Хажиев ўз ўрнида 7 нафар фуқаронинг бандлигини ҳам таъминлаган.
Кумушдек тер тўксанг, гавҳардек дур оларсан, деганларидек, Юртбошимиз ташаббуси билан “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури бугун эзгу ишлар амали бўлиб, бўш ер майдонларида аҳоли унумли фойдаланиб, халқимиз дастурхони тўкинлигига хизмат қилмоқда. Бу эса иқтисодиётимизнинг барқарор ривожида ва халқимиз турмуш даражасининг янада юксалишида муҳим аҳамият касб этаётгани ҳам эътиборга молик.
Ж.УСМАНОВА,
Ҳазорасп тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари.