«УСТОЗИ УЛУҒЛАНГАН ЮРТ» ШИОРИ ОСТИДА
тумандаги 41-сонли умумтаълим мактабида тадбир ўтказилди
Минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик уруғини сочадиган, ўз ўқувчиларига ҳаёт мактабини берадиган мўътабар зот – ўқитувчи ва мураббийларимизга ҳар қанча тасаннолар айтсак камлик қилади. Бугунги кунда республикамиз Президенти томонидан бу касб эгаларининг номи ҳар қачонгидан ҳам юксакларга кўтарилиб, таълим-тарбия соҳасини ривожлантириш биринчи галдаги вазифа эканлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Инсон аввало унга билим ва маърифат дунёси сари йўл очиб берган, унинг қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдириш йўлида заҳмат чеккан устоз ва мураббийларига нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорлик туйғуси билан яшайди.
Бугун тумандаги 41-сонли умумтаълим мактабида “1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами муносабати билан “Устози улуғланган юрт” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирга ёшларимизга билим бериб, кўплаб шогирдлар етиштирган, ҳозирги кунда нафақада бўлган нуроний педагоглар таклиф этилди.
Тантанали тадбирда туман ҳокими Ў.Машарипов иштирок этиб, барча ўқитувчи ва мураббийларни касб байрамлари билан самимий қутлади. Халқ таълими ходимларининг эришаётган ютуқлари, келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодни тарбиялаш йўлидаги улуғ меҳнатлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, ёш авлодга таълим-тарбия беришдек эзгу мақсад йўлидаги самарали меҳнат қилган педагоглар туман ҳокимлиги томонидан фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Байрам тадбирида иқтидорли ўқувчилар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар йиғилганларни хушнуд этиб, байрам тадбирига ўзгача шукуҳ бағишлади.
Тадбирда иштирок этган туман халқ таълими бўлими вазифасини бажарувчиси Шерзод Аҳмедов ва мактаб директори Хинжухон Абдурасуловалар ҳам иштирок этиб, устозларни касб байрамлари билан қутладилар.
Ҳазорасп туман ҳокимлиги Матбуот хизмати.