УСЛУБИЙ ҚЎЛЛАНМА


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

БОДРИНГ ЕТИШТИРИШ

Ер майдонини танлаш. Бодринг экинини экиш учун унумдор, органик моддаларга бой, нам сиғими юқори, сизот сувлари юза жойлашган ерлар танланади. Уларга енгил, юмшоқ тупроқлар ниҳоятда мос келади. Алмашлаб экишда улар учун картошка, карам, сабзи, лавлаги энг яхши экин ҳисобланади. Биринчи йили ҳайдалган кўриқ ерларда ҳам бодринг мўл ҳосил беради.

Навлар. Бодрингнинг маҳаллий Ранний - 645, Ўзбекский 740, Зилол, Наврўз навлари ва чет мамлакатларни F1 дурагайларидан Аллианс, Регал, Эвелинлардан иборат.

Уруғни экишга тайёрлаш. Бодринг уруғи эрта баҳорда экилса, унда қуруқ уруғлар билан экилади. Агар тупроқ яхши қизиган бўлганда экишдан олдин уруғ бир сутка давомида алмаштириб туриладиган сувда ивитилади ва ўзи тўкиладиган ҳолатгача қуритилади.

Экиш муддатлари ва экиш схемаси. Кечки бодринг 5-20 июнда экилади. Очиқ майдонда СБУ-2,4А, пневматик Оптима экгичларда 70 см ёки 90 см қатор оралигида, 4-5 см чуқурликка экилади. Бодринг уруғи гектарига 4 - 5 кг сарфланади.

Парваришлаш. Униб чиқиб ниҳоллар уруғ палла баргчалари даврига киргандан кейин биринчи, битта чинбарг даврига киргандан кейин эса иккинчи марта ягана қилинади. Қатор  ораларига  КРО-4, КРН-2,8А культиваторлар билан 15-16 см чуқурликда ишлов бериб, минерал озиқ ва сув бериб бориш керак. Ўсув даври мобайнида ҳар икки-уч суғоришдан кейин қатор ораларини 15-16 см чуқурликда культивация орқали ишлов бериш керакбўлади.

Ўғитлаш. Бўз тупроқларда гектарига 20 тонна гўнг билан N150P100 K75 бериш тавсия этилади. Азотли ўғитлар сульфат аммоний ёки карбамид кўринишида берилади. Фосфорли ўғитлар аммофос, калий ўғити  калий хлор кўринишида берилади. Гектарига N150P100 K75 берилганда тукда қуйидагича: сульфат аммоний-571 кг ёки карбамид-330 кг, аммофос-217кг, калий хлор-150кг бўлади. Ерга асосий ишлов берилаётганда органик ўғитнинг ҳамма миқдори, фосфор ва  калийнинг 75% берилади.  Биринчи озиқлантириш ўсимликнинг 2-3 чинбарг чиқарган даврида берилади. Бу озиқлантиришда азотнинг 10% , фосфор ва калийнинг қолган 25% берилади. Иккинчи озиқлантириш оналик гулларининг ялпи гуллаган даврида азотнинг 45% берилади. Учинчи озиқлантириш иккинчи ёки учинчи теримдан кейин берилади. Бу озиқлантиришда азотли ўғитнинг қолган 45% берилади. Ўтлоқи ёки ўтлоқи ботқоқ тупроқларда бодринг етиштириш учун гектарига N120P80 K60 кг бериш тавсия этилади.

Суғориш. Сувга талабчанлиги жихатдан бодринг сабзавот экинлари орасида биринчи ўринда турадиган экинлар қаторига киради. Найчалаш ва меваси етилган даврда бодринг сувни айниқса кўп талаб қилади. Кўкламда экилган бодрингнинг ҳосил тўплаш ва ўсув даври одатда кечкисига қараганда узоқроқ давом этади. Экиннинг найчалаш–ҳосил тўплаш даври ёзнинг иссиқ пайтига тўғри келади. Ҳар қайси фазада ҳар-хил миқдорда сув талаб қилиши, ҳарорат шароитини эътиборга олиб сизот суви чуқур жойлашган ерларда кўкламда экилган бодринг ҳар 7-8 кунда суғориб турилади. Ҳосил тўплаш даври бошланиши биланоқ экин тез-тез, ёппасига хосилга кирганда эса ҳар қайси теримдан кейин, яъни камида 2-3 кун оралатиб суғорилади. Ана шундай қилинганда сизот суви чуқур участкаларда эртаги бодрингга ўсув даврида 16-18, юза ерларда эса камроқ, 9-11 марта сув берилади. Июннинг охири–июлнинг бошларида экилган кечки бодрингнинг ўсув даври нисбатан қисқа бўлади. Ўсув даврининг бошланиши ёзнинг иссиқ пайтига, ҳосил тўплаш даври эса кузги салқин тушган вақтга тўғри келади. Шунинг учун кечки бодринг ўсув даврида бир меъёрда, яъни ҳар 6-7 кунда суғориб турилади.

 

МОШ ЕТИШТИРИШ

 Навлар.Мошнинг “Дурдона”, “Зилола”, “Маржон” ва “Турон” навлари Ўзбекистон ўсимликшунослик илмий тадқиқот институтида яратилган ва Давлат реестрига киритилди. “Дурдона” нави. Эртапишар – 70 кун. Биринчи дуккаклар терими майсалар пайдо бўлганидан 45 кундан сўнг амалга ошириш мумкин. Дуккаклар поянинг устки қисмида шаклланади (20-25 дона). Ҳосилдорлик 23,0 ц/га ташкил этади. 1000та уруғ вазни- 60 г. “Зилола” нави. Тезпишар нав бўлиб, биринчи дуккак майсалар униб чиққандан сўнг 60-63 кунда пишади. Тўлиқ пишиш вақти эса 90-95 кун. Дуккаклар поянинг устки қисмида шаклланади (20-25 дона). Дон ҳосилдорлиги 25,5-27,0 ц/га ташкил этади. 1000та уруғ вазни- 72 г. “Маржон” нави. Тезпишар нав бўлиб, биринчи дуккак майсалар униб чиққандан сўнг 60-63 кунда пишади. Тўлиқ пишиш вақти эса 90-95 кун. Дуккаклар поянинг устки қисмида шаклланади (20-25 дона). Дон ҳосилдорлиги 25,5-28,0 ц/га ташкил этади. 1000та уруғ вазни- 82 г. “Турон” нави. Ўрта пишар нав бўлиб, биринчи дуккак майсалар униб чиққандан сўнг 65 кун ўтгандан кейин пишади. Бутунлай пишиш вақти эса 100 кун. Дуккаклар поянинг устки қисмида шаклланади (25-30 дона). Дон ҳосилдорлиги 29,0-31,0 ц/га ва. 1000та уруғ вазни- 87 г ташкил этади. Нав агротехникаси Яратилган янги навлар суғориладиган шароитда экин экиш учун мўлжалланган. Ҳилма-ҳил экологик-тупроқ шароиларда яхши ҳосил бериши мумкин. Асосий (баҳорда) ва такрорий (ёз мавсумида) экин сифатида экилиши мумкин ва тўлиқ ҳосил олишга яроқлидир. Айниқса, кузги буғдой ўришидан кейин такрорий экин сифатида экиш учун тавсия қилинади.

Экиш муддатлари: бахор фаслида- 10- 20 апрел, ёз мавсумида эса- 15чи июндан 1чи июлгача. Бешинчи июлдан кейин экилган мошнинг ҳосилдорлиги пас бўлиб қолади. Экиш схемаси ва микдори:: 60- 70 см эгат оралиги, бир қаторда ўсимликлар оралиғи- 15 см, экиш микдори ўртача 16 кг/га ташкил қилади.. 90 см эгат оралигида экилганда, икки қаторлама, ўсимликлар оралиғи- 15 см ташкил қилади ва уруғ экиш микдори 30 кг гача ташкил қилади. Эртапишар нав “Дурдона” ўсимликлари юқори қўчат қалинлигига чидамли. Қалин экилишига қараб сарфланадиган уруғ миқдори 30 кг гача ташкил қилади. Экиш схемаси: 70 см. икки қаторлама, қатор оралиғи- 15- 20 см, ўсимликлар оралиғи- 15 см. Ишлов бериш. Ўсимлик ораларини ўтлардан тозалаш керак. Дуккакли экинларда қулланиладиган гербицидлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Пивот ёки Пивалт бир гектарга 0,8- 1,0 л гербицидини ўсимлик ўниб чиққандан кейин 10- 15 кун ичида қуллаш мумкин. Бир марта гуллашдан олдин культивация ўтқазилади.

Суғориш. Мош қурғоқчиликка чидамли, ўсимликлари сувни кўп талаб қилмайди ва вегетация давомида 1- 2 марта суғорилади.. Мош уруғлари ўниб чиқиши учун дала суғорилади. Гуллашдан олдин албатта суғориш керак ва сувга бўлган талаби 1500 м3 – 1700 м3 . Дуккаклари пайдо бўлгандан сунг улар яхши пишиш учун ўсимликларга сув берилмайди.

Ўғитлаш тартиби. Аралашган ўғитлардаги азот ўсимликларни бўйи ўсишига яхши таъсир этади, фосфор – 75 кг/га, калий – 75 кг/га қўлланилади. Айниқса, фосфорли ўғитлар экинни экиш олдидан берилиши керак чунки фосфор тупроқда ўсимликка таъсир этиши учун маълум вақт зарур. Ўсимликлар гулга киришидан олдин яна озиқлантирилади. Мош етиштириш фойдалиги. Алмашлаб экиш тизимида мош яхши ўтмишдан экин бўлиб ҳисобланади. Мош экин деярли барча ўзидан кейин етиштириладиган экинларни ҳосилдорлигини оширади ва қишлоқ хўжалик экинлари билан яхши уйғунлашади. Мош бошоқли дон ва сабзавот ҳамда бошқа қатор экинлардан кейин такрорий экин сифатида ишлатилиш учун айнан қўл келади. Тупроқ унумдорлигини яхшилайди чунки уни илдизларида вегетация давомида азот йиғувчи бактериялар пайдо бўлади. Шунинг учун мош илдизларни ерда қолдириб ерни хайдаш зарур. Асосий ва такрорий экин сифатида етиштирилганда мошдан юқори хосил олиш мумкин. Катта майдонларда уруғларни сеялка ёрдамида экиши ва юқорида келтирилган навларнинг поянинг устки қисмида шакллангани учун ҳосилни механизация (комбайн) ёрдамида йиғиб олишни ташкил этиш имкониятини беради. Ўсимликнинг кўк массаси чорва учун тўйимли озуқа ҳисобланади. Турли ҳил таомлар тайёрлашда фойдаланиш мумкин. Қузги буғдой ва мош тизимида қўлланиганда янги мош навлари юқори ҳосил ва сифатли дон бериб республикамизнинг экспорт потенциалини оширишади

 ПОМИДОР ЕТИШТИРИШ

Ер танлаш. Помидор ўсимлиги бўз, ўтлоқ ва ўтлоқ-ботқоқ тупроқларда яхши ўсади. Помидор экилган ерга камида уч йилдан кейин яна помидор экиш мумкин. Помидор экиш режаланган майдонларни тайёрлаш ишлари куз ойларидан бошланиб, ҳосилдан бўшаган майдондаги йирик ўсимлик қолдиқларини СИ-1,8, РМ-1,4 русумли майдалагичлари билан майдалаб сочиш, сўнг РОУ-5 русумли ўғит сочгич мосламаси ёрдамида гектарига 25-30 тонна чириган гўнг сочиб чиқилади. Минерал ўғитлардан фосфор ва калийнинг йиллик меъёрининг 75% РМУ-0,75 русумли  минерал ўғит сочгичда сочиб, кейин майдонни 28-35 см чуқурликда хайдалади. Экишгача ер майдонини тайёрлашни  кейинги тадбирлари экишдан олдин 14-16 см чуқурликда икки марта чизеллаб чиқилади ва мола босилади. Молалашдан кейин КРО-4 ёки КОН-2,8А русумли культиваторлар билан нишабли майдонларга 70 см қатор оралиғида, текис ер ости суви яқин бўлган майдонларга эса 90 см қатор оралиғида экиш эгатлари олинади.

Навлар. Помидорни махаллий шароитда яратилган ТМК-22, Ўзбекистон-178, Шарқ юлдузи, Ситора, Истиқлол, Дархан, чет давлатларнинг Султон F1, Волгоградский 5/95, Рио-гранде навларини экишга тавсия этилади.

Уруғларни экишга тайёрлаш. Уруғ экишдан олдин вирус касалликларига қарши 48 соат давомида 50-520С ва 24 соат 800С қиздирилади, кейин 3 минут 5% ли шўр сувда сараланади. Ташқари инфекция ва касал чақирувчиларни йўқотиш учун экишдан 5-15 кун олдин уруғлар ТМТД (1 кг уруғга 6-8 г) билан дориланади.

Помидорни ўғитлаш. Ўтлоқ ва ўтлоқи ботқоқ тупроқларга  гектарига 20 тонна гўнг, N160P120 K80 кг солиниши тавсия этилади. Азот карбамид ёки сульфат аммоний, фосфор эса аммофос, калий эса калий хлор кўринишида бериш тавсия этилади.  Минерал ўғитлар тук холатида қуйидагича солинади: карбамид - гектарига 440 кг, аммофос-261 кг, калий хлор-160 кг. Агар азот сульфат аммоний кўринишда берилса, у холда бу ўғитнинг миқдори гектарига 760 кг бўлади. Ўғитлар қуйидаги муддатларда берилади. Ҳайдовдан олдин  аммофос - гектарига 196 кг, калий хлор - 120 кг. Биринчи озиқлантиришда – кўчатлар тутиб олгандан сўнг уларни тез ўса бошлаган даврда:  аммофос - гектарига 64,8 кг,  калий хлор – 40 кг, карбамид-220 кг ёки сульфат аммоний- гектарига 380 кг бериш тавсия этилади.  Иккинчи озиқлантиришда - ўсимликнинг биринчи ва иккинчи тўпгулни ялпи гуллаши даврида: карбамид гектарига - 220  кг ёки сульфат аммоний гектарига 380 кг бериш тавсия этилади. Помидор етиштиришда суғориладиган бўз тупроқлар гектарига 20 тонна гўнг берилганда тупроққа N200P150 K100 солиниши тавсия этилади. Экологик тоза маҳсулот олиш ва азот ўғитларини 50% га камайтириш учун кўк масса берадиган экинлар (сидерат)лар қўллаш мумкин. Шунингдек, органик ўғит турларидан биогумус-гектарига 8 тонна, вермигум 8 тонна, органик микробиологик ўғит - 20 кг, биоазот-гектарига 2 литр қўллаш самарали ҳисобланади.  Биогумус, вермигум ва органик микробиологик ўғитларни биринчи озиқлантиришда эгатларга минерал ўғитлар билан биргаликда, биоазотни эса суғориш суви билан бериш мумкин. Помидорни суғориш. Помидор кўчати учун тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 75-80%, бўлиши лозим. Кўчат орқали ўстирилган ва ер юзида илдизлар ҳосил қилган ўсимликлар, уруғдан экилиб илдизлари бир мунча чуқур тарқалган экинларга қараганда сувга анча талабчан бўлади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳосил етилгунча ҳар 10-12 кунда, ҳосил ёппасига пишганда эса 5-7 кунда суғорилади. Куз бошлангандан кейин ўсимликлар камроқ суғорилади. Помидор қийғос пишганда ёрилиб кетмаслиги учун навбатдаги ҳосил териб олингандан кейин сув берилади.

 ШОЛИ  ЕТИШТИРИШ

 Мамлакатимизда шоли асосан Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Тошкент, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида етиштирилади. Шунингдек, Фарғона водийси, Самарқанд, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё вилоятларининг айрим туманларида ҳам шоли экилган майдонларни учратиш мумкин.  Шоли деҳқончилигида ҳосилдорликни белгиловчи асосий омиллардан бири экиш мавсумини сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш ҳисобланади. Бунда қуйидаги тадбирларга эътибор қаратишни тавсия этамиз:  Дунёда шоли етиштириш усуллари ўзининг хилма-хиллиги билан ажралиб туради. У турли миллатларнинг кўп йиллик тажрибалари, урф-одатлари ҳамда иқлим шароити билан узвий боғлиқ. Мамлакатимиз тупроқ-иқлим шароитида шоли етиштириш 2 хил усулда амалга оширилади: 

Шоли уруғини тўғридан-тўғри далага экиш ва сув бостириш усули. Ерни тайёрлаш кузги шудгорлашдан бошланади. Шудгорланган далага баҳорда мола-борона билан ишлов берилиб, узун базали текислагичлар билан обдон текисланади. Осма чизеллар билан тупроқ юмшатилиб, шолипояларга сув бостирилади ва сувда текисланади. Майдоннинг ҳамма жойида сув бир хил қалинликда бўлишини таъминлаш зарур. Қамиш, сув ҳилоли, курмак билан кўп ифлосланган далаларни апрель ойининг иккинчи, май ойининг биринчи ярмида 15–18 см чуқурликда қайта ҳайдаш яхши самара беради. Иқлимлаштирилган шоли навларининг экиш муддатини белгилашда минтақанинг табиий-иқлим шароити ҳисобга олинади. Экишга шолипоядаги сувнинг ўртача кунлик ҳарорати 14 оС га етганда киришиш мақсадга мувофиқ.  Экиш учун 1000 донасининг вазни нав турларига боғлиқ ҳолда 29–34 г бўлган, сифатли ва ҳар хил аралашмалардан ҳоли, униб чиқиш қобилияти юқори репродукцияли уруғлар танлаб олинади. Бунда шоли уруғи 3–4 см чуқурликка экилади. 

Шолини кўчатидан экиш усули. Бунда шоли кўчати махсус кўчатхоналарда тайёрланади. Кўчатхона учун ажратиладиган майдонлар керак пайтда сувни ташлаш ва сув сатҳини меъёрида ушлаб туриш учун бошқа майдонларга нисбатан баландроқ жойга жойлаштирилиши, тупроғи унумдор бўлиши лозим.  Шудгорланган майдонга эрта баҳорда гектарига 40 тонна органик ўғит солиб, юза (15 см) ҳайдалади. Сўнгра +3 см қилиб текисланади. Ер текислангандан сўнг минерал ўғитлардан 100 м2 учун соф ҳолида 2–3 кг сульфат аммоний, 1–1,5 кг фосфор ва 1 кг калий ўғити солиниб, тупроққа аралаштирилади. Кўчатлар 5–7 см қалинликда сув бўлган майдонларга қўлда экилади. 

Экиш схемаси кечпишар навлар учун 20х15, ўртапишар навлар учун 15х15 см, ҳар бир уяга 1–2 дона кўчат экилади. Бошоқли дон экинларидан бўшаган майдонлар сомондан тозаланиб, 15–20 см чуқурликда шудгорланади сўнгра мола-борона қилиниб, далаларнинг табиий текислигига мос равишда пол олинади ҳамда сув бостирилади. Кейинги агротехник тадбирлар шолини асосий экин сифатида экишдаги сингари амалга оширилади. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, эртапишар навлар кўчати 25–30, ўртапишар ва кечпишар навларники эса 30–35 кунлигида асосий майдонга ўтқазиш учун тайёр ҳолга келади. Кўчатларни асосий майдонга кўчиришдан бир ҳафта олдин гектарига 5 кг ҳисобида азот ўғити билан озиқлантирилади. Бу эса кўчатларнинг бақувват ва тез тутиб кетишини таъминлайди. Шу билан бир қаторда бу усулнинг ўзига хос камчиликлари мавжуд. Шоли кўчатини далага экиш кўп қўл кучи талаб этади. Кўчат қалинлиги бир квадрат метрда 250–300 донани ташкил қилганда юқори ҳосил олинади. Бу миқдордаги кўчат сони сеялкалар билан навларга боғлиқ ҳолда бир гектарга 5–6 млн дона яроқли дон экилганда олинади. Сифатли уруғ ҳосилдорликни ўртача 15 фоизга ошириш мумкин. Элита, биринчи ва иккинчи репродукцияли уруғларнинг бошланғич кўкарувчанлик даражаси 85–95 % бўлиши керак. Шоли навларининг сифати навни янгилаб туриш йўли билан сақлаб борилади. Уруғлик учун экилган далаларда қуйидаги ишлар ўз вақтида уруғчилик талабларига риоя қилинган ҳолда ўтказилиши зарур: 

-уруғчилик далаларини бир ерда икки йилдан ортиқ жойлаштирмаслик; 

-уруғчилик участкасида нав тозалигини сақлаш мақсадида 2–3 маротаба ўтоқ ўтказиш баробарида бошқа нав аралашмалари (шоли бош тортишда тезда ажратиш осон ва қизил донли формалар яққол кўзга ташланади) ни томирлари билан олиб ташлаш; 

-минерал ўғитларни шоличиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари учун имтиёзли равишда бериш, етарлича сув ажратиш, бегона ўтни йўқотиш ҳамда ўрим-йиғимни ўз вақтида якунлаш.

 ШИРИН ҚАЛАМПИР ва БАҚЛАЖОН  ЕТИШТИРИШ

Ер танлаш. Ширин қалампир ва бақлажон ўсимлиги бўз, ўтлоқ ва ўтлоқ-ботқоқ тупроқларда яхши ўсади. Сизот сувлари юза жойлашган, шунингдек, шўрланган тупроқларда мазкур экинларни етиштирилиши тўғри келмайди. Алмашлаб экишдаги ўрни. Карам, бодринг ва пиёз энг яхши ўтмишдош  экин ҳисобланади.

Навлар. Ширин қалампирнинг маҳаллий эртапишар Наргиза, Тонг, Жайхун F1, ўртапишар Заря Востока, Дар Ташкента ва чет мамлакатларни Техас F1, Джемини F1, нав ва дурагайларини экиш тавсия этилади. Бақлажоннинг махаллий Аврора, Сурхон гўзали, Феруз, Замин F1 хамда чет мамлакатларни Алмаз, Пантера F1, Фабина F1,  нав ва дурагайларини экиш тавсия этилади. Кўчат тайёрлаш. Ширин қалампир ва бақлажон уруғини экишнинг муқобил муддати февралнинг IIIчи ўн кунлиги ва мартнинг биринчи ўн кунлиги. Ҳар бир гектар майдонга кўчат тайёрлаш учун 600 г ҳисобида уруғ сепилади. Кўчатларни кўчириб экиш усулида ҳар 1 м2 майдонга 25-30 г уруғ, кўчирмай бир жойни ўзида етиштиришда ҳар 1 м2 майдонга 4-5 г ҳисобида уруғ сепилади. Бунда тупроқ ҳарорати +14 - 16°С дан, ҳаво ҳарорати эса +28 - 30°С дан паст бўлмаслиги лозим. Тупроқ намлиги 80 - 85% бўлиши керак. Кўчат етиштириш жараёнлари помидор экини каби амалга оширилади. Тайёр бўлган ширин қалампир ва бақлажон кўчатларини ҳар бирининг узунлиги ўртача 16-18 см дан ва улардаги барглар сони 5-6 та бўлган даврида очиқ майдонларга экилади.

 Экиш муддатлари ва экиш схемаси. Ширин қалампир ва бақлажон кўчатларини апрелнинг III ўн кунлигида ва майнинг биринчи ўн кунлигида экиш тавсия этилади. Кўчатларни 70x30 см ёки 70х40 см тизимида, ер ости сувлар яқин бўлган ерларда 90x25 см экиш схемасида экилади.  Ерни экишдан олдин тайёрлаш, экиш ва парваришлаш жараёнлари помидор экинига ўхшаш.

Ўғитлаш. Ўтлоқи ва ўтлоқи ботқоқ тупроқларда  гектарига 15 тонна гўнг, N160P120 K80 кг солиш тавсия этилади. Азот карбамид ёки сульфат аммоний, фосфор эса аммофос, калий эса калий хлор ўғитларга кўринишида бериш керак.  Минерал ўғитлар тук холатида қуйидагича солинади: карбамид - гектарига 330 кг, аммофос - 261 кг, калий хлор-160 кг. Агар азот сульфат аммоний кўринишда берилса, у ҳолда бу ўғитнинг миқдори гектарига 760 кг бўлади. Ўғитлар қуйидаги муддатларда берилади:

 Кузги хайдовдан олдин: аммофос- гектарига 196 кг, калий хлор – 120 кг.  Биринчи озиқлантиришда – кўчатлар тутиб олгандан сўнг улар тез ўса бошлаган даврда:  аммофос - гектарига 64,8 кг, калий хлор - 40 кг, карбамид - 165  кг ёки сульфат аммоний - гектарига  380 кг берилади. Иккинчи озиқлантиришда ўсимликнинг ялпи гуллаш ва мева тугишининг бошланиш даврида: карбамид гектарига - 235 кг  ёки сульфат аммоний - 380 кг бериш керак.  Бўз тупроқларда ширин қалампирни етиштиришда гектарига 20 тонна гўнг берилганда тупроққа N200P150 K100 солиниши тавсия этилади.

Суғориш. Ширин қалампир сернам ва оғир тупроқларда яхши ривожланмайди. Шунинг учун ялпи меваси туга бошлаганда қатор оралатиб, иложи борича чуқур ариқлар олиб суғориш зарур. Илдиз бўғзи намланиб кетмаслиги керак, акс ҳолда ўсимлик илдиз чириш  билан касалланади. Ўсув даври мобайнида тупроқ намлиги 75 - 80% бўлишини таъминлаш учун суғоришни ҳар 6-10 кунда олиб бориш керак. Ҳосилни ҳар 6 - 8 кунда териш мумкин.

САБЗИ ЕТИШТИРИШ

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: эртапишар Мушак-195, Нурли-70, ўртапишар Мирзои сариқ-304, Мирзои қизил-228, Нант-4, Шантанэ-2461, Зийнатли, Фаровон навлари экишга тавсия этилади.

Уруғ танлаш. Экиладиган уруғи тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли, бутун, вазндор бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.

Ер тайёрлаш. Майдон ўтмишдош экин қолдиқлари ва бегона ўтлардан тозаланади. Тупроқ 20-25 см чуқурликда юмшатилади, йирик кесаклар майдаланиб, яхшилаб текисланади ва суғориш эгатлари олинади.

Экиш муддати. Мамлакатимизнинг жанубий вилоятларида баҳорги сабзи уруғи 15-28 февралда, ёзгиси 1-15 август, тўқсонбости муддатда 15-30 декабрда сепилади. Марказий минтақада жойлашган вилоятларда баҳорги сабзи 1-15 март, ёзгиси 10 июндан-10 июлгача, тўқсонбости муддатда 10 ноябрь-10 декабрь, шимолий минтақаларда баҳоргиси 15-30 март, ёзгиси 10-20 июнь, тўқсонбости муддатда 1-30 ноябрда 1,5-2 см чуқурликка 52×8,62×8 см схемада экилади. Уруғ сарфи 10 сотихга 500-600 г. Уруғлар сепилгандан кейин хаскаш билан тупроққа аралаштирилади.

Парваришлаш. Сабзини парваришлаш жараёнидаги энг муҳим масалалардан бири – бу уруғни ердан текис ундириб олишдир. Сабзи ниҳоллари тупроқ доим нам бўлганда 5-7 кунда кўринади ва 10 кунда униб чиқади. Сабзи униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтларни ўташ ва яганалашга киришиш керак. Сабзи 2 марта ўталади. Дастлабки ўташ сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3-4 барг чиқарганда ўтказилади.

Суғориш. Сабзининг илдизи яхши ривожланади, тупроққа чуқур таралади, барг шапалоғи унчалик катта эмаслигидан сувни кўп буғлантирмайди, аммо тупроқнинг бироз чуқур қатламидан нам тортиб олиш қобилиятига эга. Юртимиз шароитида сабзи кўкламда, кузда ва ёзда сепилади. Айрим, яъни кўклам қурғоқчил келган йиллардагина уруғнинг униб чиқишини тезлаштириш мақсадида уруғ суви берилади. Дастлабки пайтларда экин ҳар бир ярим-икки ҳафтада, майнинг иккинчи ярмидан эътиборан, яъни илдизмевалар жадал суръатда катталашаётганда эса ҳар 7-8 кунда суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда эртаги сабзи ўсув даврида 8, сизот суви юза далаларда эса 5-6 марта суғорилади. Сабзи мана шу тартибда суғориб борилса, сизот суви чуқур жойлашган ерларда мавсумда 11-12, сизот суви юза участкаларда 6-8 марта сув ичади.

Ўғитлаш. 10 сотих сабзи майдонига соф ҳолда 15 кг азот, 8 кг фосфор, 4,5 кг калий солиш керак. Ўтлоқи, ўтлоқи ботқоқ ерларда етиштирилганда соф ҳолда 12 кг азот, 7 кг фосфор, 4 кг калий бериш керак. Ўғитларни бериш муддатлари: фосфор ўғитини йиллик миқдорининг 75 фоизи, калийнинг ҳаммаси шудгорлашда, фосфорнинг қолган 25 фоизи ерни бороналаб, эгат олишда бериш тавсия этилади. Азотли ўғитларнинг ҳаммаси вегетация мобайнида иккига бўлиб берилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Кўп йиллик бегона ўтларга қарши кузда 10 сотихга препаратлардан Далапон 4-4,5 кг. дан солинади. Бир йиллик ўтларга қарши экишдан олдин 50 фоизли Гезагард препаратини 200-300 граммдан, бегона ўтлар уруғи ердан унгунга қадар ёки 1-2 чинбарг чиқарган вақтда, 33 фоизли Стомп 100-200 мл ёки 12,5 фоизли Фюзилад Супер препаратини 100-200 г меъёрда 60-80 л сувда аралаштириб пуркаш тавсия қилинади. Кимёвий препаратлар мутахассислар назоратида қўлланилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Сабзи илдизмевасининг диаметри 1,5-2 см бўлганда ковлаб олинади. Такрорий экилган сабзи ҳосили қаттиқ совуқ тушмасдан йиғиштириб олинади, акс ҳолда мевалар мазасини йўқотади ва узоқ сақланмайди.

КАРАМ ЕТИШТИРИШ

Ер майдонини танлаш. Карам органик моддаларга бой, салқин, сув сиғими яхши ўғитланган қорамтир ўтлоқ ерларда яхши ўсади. Енгил бўз ва қумлоқ ерларга экилган карам унча яхши ривожланмайди. Шўрланган ва ботқоқланган ерлар карамни етиштиришга унчалик ярамайди. Алмашлаб экиш. Картошка, бодринг, полиз экинлари ва дон-дуккакли ўсимликлар карам учун яхши ўтмишдош экин ҳисобланади. Карамдан олдин пиёз, кўк нўхот ва сабзиларни экса ҳам натижаси яхши бўлади. Карам экилган ерга орадан камида 3 йил ўтгандан кейин яна карам экиш мумкин. Кечки карамни эртаги картошка, сабзи, бодринг, ош лавлагидан бўшаган ерларга такрорий экин сифатида экиш мумкин. 

Навлар. Оқ бош карамни эртапишар чет эл Лион Ғ1, Парел Ғ1, Балбро Ғ1, Бурбон Ғ1, Назоми Ғ1 дурагайлари ва махаллий ўртапишар Ташкентская 10, Саратони, кечпишар Судья Узбекский навлари экишга тавсия этилади.

Кўчат тайёрлаш. Экиладиган уруғ 3-5 фойизлик ош тузи эритмасига 1 соат давомида солиб қўйилади. Эритма остига чўккан уруғларни тоза сув билан 2-3 маротаба ювиб, сўнгра уларни ёйиб қуритилади. Ҳар 1 га очиқ майдонга экиш учун етарлик миқдорда карам кўчати тайёрлашга 350-400 грамм ҳисобида уруғ сарфланади. Улар тўлиқ тутиб олгач орадан 10-12 кун ўтгач майсалар биринчи марта озиқлантирилади. Озиқлантиришда ҳар 10 литр сувга 13-15 грамм азотли; 18-25 грамм фосфорли ва 15-20 грамм калий ўғитлари солиниб эритилади ва ушбу эритма ҳар 3-3,5м2 майдондаги кўчатларни озиқлантириш учун сарфланади. Карам кўчатлари иккинчи марта очиқ майдонга экишдан 15-18 кун олдин озиқлантирилади. Бунда 10 литр сувга маданий ўғитлар миқдори икки марта кўпроқ солиниб амалга оширилади.

Экиш муддатлари ва экиш схемаси. Кечпишарларники 10-25 июнда экилади. Далага экиш пайтида кўчатларда 6-7 та барг бўлиши керак.

Парваришлаш. Кўчат экилиб бўлгандан кейин дала кетма - кет суғорилади. Орадан 2-3 кун ўтгач кўчат ўтказилган эгатлар текширилади, хато жойларга яна кўчат экилади. Кўчат тутгандан сўнг эгатнинг оралари культивация қилинади. Культивациядан сўнг кўчат атрофи юмшатилади ва биринчи марта ўғит берилиб суғорилади. Иккинчи культивация экин бир суғорилгандан сўнг ўтказилади. Кечки карам такрорий экин сифатида экилади. Эртаги экин йиғиштириб олингандан  кейин ер хайдаш олдидан суғорилади, сўнг 28 - 30 см чуқурликда хайдалади. Ўртаги ва кечки карам кўчати 70 x 30-35 см ҳамда кечкилари 70x40 см схемада экилади. Кўчатлар экиб бўлингандан кейин 1-1,5 хафта ўтказиб биринчи ялпи ишлов берилади. Бунда қатор оралари КОН–2,8, РО-4 культиваторлар ёрдамида 15-16 см чуқурликда ишлов берилади.

 Ўғитлаш. Сабзавотлар ичида оқ бош карам тупроқ унумдорлигига маъдан ўғитларга ўта талабчан. Бошоқли дондан ёки бошқа қишлоқ хўжалик экинларидан сўнг такроран кечки муддатда оқ бош карамдан ўртача 30-35 тоннадан хосил олиш учун қуйидаги миқдорда маъдан ўғитларни солиш лозим бўлади. - қадимдан суғориб келинаётган типик бўз тупроқларда гектарига ўртача 240 кг азот, 160 кг фосфор, 100 кг соф калий беришлик лозим. - ўтлоқи, ўтлоқи  ботқоқ тупроқларда етиштирилганда эса 200 кг азот, 160 кг фосфор, 120 кг калий соф ҳолда берилади.

Суғориш. Бўз тупроқли ерларда эртаги  карамга  8-10  марта,  сизот сувлари  юза  жойлашган  ерларда  6-8 марта сув бериш тавсия этилади. Суғориш   меъёри  гектарига 500 - 550 м3. Ўртаги   карамга   ҳар   сафар   7 - 9   кун  ўтказиб   туриб,  жами 14 15  марта  сув  берилади.  Кечки  карам  ўсув    даврининг   бошларида 710  кун   оралатиб,   кузга  яқин  эса  10-12   кун   оралатиб   суғориб борилади.