Оёқлари ишламасада қўллари ишлаётганига шукур қилиб яшаётган Одилбек Абдуллаев


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

ОЁҚЛАРИ ИШЛАМАСАДА

қўллари ишлаётганига шукур қилиб яшаётган Одилбек Абдуллаев

Дунё синов диёридир. Ҳар куни турли синовлар қуршовида яшаймиз. Фаровонлик ҳам, танглик ҳам барчаси аслида синов учун берилади. Ҳар қандай синов бўлсада шукроналикда яшаш лозим.

Лойиҳамиз қаҳрамони Одилбек Абдуллаев ҳам шукрона қилиб яшаётган ана шундай инсонлардан биридир.  Унинг яшашга бўлган иштиёқи кучли эканлиги боис олға борди ва мақсадига эришди.

Онасининг айтишича у болалигида жуда шўх ва ҳаракатчан бўлган. Аммо, бахтсиз ҳодиса яъни ҳовлисидаги дарахтнинг устига қулаши натижасида 14 ёшлигида икки оёғи ишламай қолган. Даволатишган аммо давоси бўлмаган. Ҳаёт йўлларида қоқилса ҳам асло йиқилмаган. Ҳунар эгаллаб, меҳнат қилган.

Бугунги кунда икки оёғи ишламай қолган Одилбек Абдуллаев қўллари ишлаётганига шукур қилиб яшамоқда. Ҳунар эгаллаб, маҳалла аҳолисининг оёқ кийимларни тикиш билан шуғулланиб, ҳалол меҳнатининг ортидан орзуларига эришмоқда. 

Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машарипов Одилбек Абдуллаев хонадонида бўлиб, фуқаро билан суҳбатлашганда 6 февраль куни тўйи бўлишини хурсанд бўлиб айтганди. Шу куни Одилбек хонадонига тўёналар етказилди ва тўй куни хонандалар беминнат хизматда бўлишди.

Ниҳоят Самарқанд вилоятнинг Ургут туманидан Умида исмли қизга уйланган Одилбек Абдуллаев бугун бахтли ҳаёт кечирмоқда.  

 Унинг ҳаётга қарашлари жуда теран, мақсадлари ва орзулари ҳам ўзи каби беғубор. У ўзидаги камчиликка эътибор бермасдан, шу ҳолатига ҳам шукр қилиб яшамоқда. Оиласини моддий томондан таъминламоқда. Чунки унинг кўнгли, қалби пок, маънавияти соғлом. Икки оёғи ишламаса ҳам тилидан шукронаси тушмайди. Одилбек каби сабр-қаноатли, матонатли, борига шукур қилиб яшайдиган одамлар ҳамманинг ҳурматига муносибдир.

Сўзимиз сўнгида бир ривоятни келтирсак. Ҳаётининг танглигидан нолиётган кишига қараб бир донишманд: “Мана шу кўзингни сотсанг юз минг дирҳам бераман”, дебди. Киши унамабди. “Икки қўлинг учун юз минг дирҳам бераман”, деганда киши яна кўнмабди. “Унда икки оёғинг учун юз минг дирҳам бераман”, деб жисмидаги бошқа аъзоларини шу зайил бирма-бир савдолашиб кетибди. Киши барчасига “Йўқ”, деб жавоб қайтараверибди. Сўнгра донишманд “Сенда юз минглаб дирҳамлик бойлик борлигини кўрдим. Сен бўлса муҳтожман деб шикоят қилмоқдасан”, деб дашном берган экан.

Қиссадан ҳисса шуки, олаётган ҳар бир нафас учун шукр қилиб яшаш керак.

 

Жамила УСМАНОВА,

Ҳазорасп тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари.