Халқ депутатлари Ҳазорасп тумани Кенгаши қарори


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Лойиҳа

 Ҳазорасп туманидаги мактабгача таълим ташкилотлари, умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда касб-ҳунар мактабларининг маънавий-маърифий ишлар аҳволи, санитария аҳволи, ўқувчиларнинг билим кўрсаткичларини ўрганиш бўйича тузилган ишчи гуруҳининг ўрганиш якунлари юзасидан туман ҳокими ўринбосари Б.Собировнинг ахбороти тўғрисида

 Туман ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган мониторингда, мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда туман халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактабларининг иш фаолиятида бир қанча қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган.

Хусусан, тумандаги 13-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида ўтказилган ўрганишда муассаса мудираси Феруза Абдуллаева томонидан тарбияланувчиларнинг ота-оналаридан белгиланган миқдордан ортиқча бадал пуллари олиниб келинганлиги аниқланган.

Жумладан, 2021 йилнинг январ ойидан август ойигача ушбу муассаса томонидан жами 12 190 500 (ўн икки миллион бир юз тўқсон минг беш юз) сўм миқдоридаги бадал пули маблағи, тарбияланувчиларнинг ота-онасидан қонунга хилоф равишда олинган.

Худди шундай ҳолат 15-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида ўтказилган ўрганишда муассаса мудираси Оқила Қўшақова томонидан тарбияланувчиларнинг ота-оналаридан белгиланган миқдордан ортиқча бадал пуллари олиниб келинганлиги аниқланган.

Яъни ушбу муассаса тарбияланувчиларининг 408 нафар ота-оналаридан жами 7 688 000 (етти миллион олти юз саксон саккиз минг) сўм миқдоридаги бадал пули маблағи қонунга хилоф равишда олинган.

Бундан ташқари, ушбу 15-сон давлат мактабгача таълим ташкилоти хўжалик ишлари мудири А.Отахонов зиммасидаги озиқ-овқат махсулотларининг қолдиғи 2021 йил 15 октябрь ҳолатига саноқ ва ўлчовдан ўтказилганида, 21 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан жами 7 793 572 (етти миллион етти юз тўқсон уч минг беш юз етмиш икки) сўмлик камомад борлиги аниқланган.

Шунингдек, 15-сон мактабгача таълим ташкилоти томонидан иш ҳақи тўловларини тўлашда ҳам хатоликга йўл қўйилиб, муассаса хамшираси И.Сафарова номига 0,5 ставка ошхона ишчиси иш вазифаси иш табелида юритилиб, унинг номига 684 608 (олти юз саксон тўрт минг олти юз саккиз) сўм иш ҳақи нотўғри тўлаб берилган.

Шунга ўхшаш холат, рус тили ўқитувчиси Н.Сайидаметовага шу йилнинг март-сентябр ойларида иш ҳақи тўлашда ҳам йўл қўйилган яъни унинг инглиз тили фанидан хеч қандай малака мутахассислиги бўлмасада, унга инглиз тили ўқитувчиси иш вазифаси юклатилиб, 5 016 906 (беш миллион ўн олти минг тўққиз юз олти) сўм миқдоридаги иш ҳақи тўлови нотўғри тўланган.

Ушбу тақдим қилинган (ташкилот ошхонасида юритилган 2021 йил март, август, сентябр ойлари таомнома нусхалари) 15-сон МТТ томонидан МТБ марказлашган ҳисобхонасига тақдим қилинган таомномалар билан солиштириб кўрилганда 19 238 844 (ўн тўққиз миллион икки юз ўттиз саккиз минг саккиз юз қирқ тўрт) сўмлик озиқ-овқат махсулотлари ортиқча ҳаражатга чиқарилганлиги 2021 йил январ ва апрел ойларида 1 842 277 (бир миллион саккиз юз қирқ икки минг икки юз етмиш етти) сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам кам ҳаражатга чиқарилганлиги (ташкилот ошхонасида юритилган 2021 йил январ, апрел ойлари таомнома нусхаларида кўрсатилган болалар сонига нисбатан кам) аниқланди. 15-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида Жами 40 421 930 (қирқ миллион тўрт юз йигирма бир минг тўққиз юз ўттиз) сўмлик камомат борлиги аниқланди.

Туман халқ таълими бўлимига қарашли умумтаълим мактабларида ўтказилган мониторинг натижалари.

Тумандаги 46-, 13-, 44-, 18- ва 4-сонли умумтаълим мактабларидаги аҳвол қониқарсиз ҳолдалиги аниқланган.

46-сонли, 18-сонли мактабларда озодачилик умуман йўқ, давомат паст, ўқувчиларнинг дарс жараёнларига қатнашишини назорат қилувчи давомат дафтари йўлга қўйилмаганлиги, 13-сонли мактабда давомат, ўқувчиларнинг билими талаб даражасида бўлсада, мактаб жамоаси ўртасидаги оғизбирчилик, ҳамжиҳатлик яхши эмаслиги аниқланган.

Тумандаги 44-сонли ва 4-сонли умумтаълим мактабларида эса умуман давомат, устозларнинг ўз ишига бўлган масъулияти йўқ. Тўгараклар умуман ишламаган.

Шунингдек, қайси синфга кирсангиз дарс ўтиши лозим бўлган устоз йўқ. Ё касал ёки бирор иши чиқиб қолгану мактабга келмаган. Рус тили фанини математика ўқитувчиси, математика фанини биология ўқитувчиси дарс ўтаётганлиги аниқланган.

Бундан ташқари юқорида тилга олинган мактаб кутубхоналарида бадиий адабиётлар сони кам ва талаб даражасида эмас.

Ўқувчилар дафтарлари фан ўқитувчиси томонидан текшириб борилмаган. Бир дафтарда 5-6 фандан ўтилган дарслар ёзилган.

Ўқувчилар билан суҳбатлашганда лаборатория хоналаридан фойдаланмаслик жаҳон адабиётларининг камлиги ва рус тили фанининг қўшиб ўтилишини айтилган.

Кун тартибидаги масалани кўриб чиқиб ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 24-моддасига асосан халқ депутатлари туман Кенгаши

Қ А Р О Р    Қ И Л А Д И

  1. Ҳазорасп туманидаги мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактаблари ҳамда касб-ҳунар мактабларининг маънавий-маърифий ишлар аҳволи, санитария аҳволи, ўқувчиларнинг билим кўрсаткичларини ўрганиш бўйича тузилган ишчи гуруҳининг ўрганиш якунлари юзасидан туман ҳокими ўринбосари Б.Собировнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
  2. Туман ҳокими ўринбосари Б.Собиров ва мактабгача таълим бўлими мудири М.Сапаева ҳамда халқ таълими бўлими мудири Ш.Ахмедовлар томонидан тумандаги мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим мактабларининг фаолияти лозим даражада назорат қилинмаганлиги кўрсатиб ўтилсин.
  3. Тумандаги 13-,15-сон давлат мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланувчиларнинг ота-оналаридан белгиланган миқдордан ортиқча бадал пуллари олиб келинганлиги, 15-сон давлат мактабгача таълим ташкилотлари омборида камомад борлиги ҳамда иш ҳақи нотўғри тўлаб келинганлиги;

Тумандаги 46-,18-сон мактабларда озодачилик йўқлиги, санитария-гигиена талабларига риоя қилинмаётганлиги, 4-,13-,18-,44-,46-сон мактабларда давомат пастлиги, 13-сон мактаб жамоаси ўртасида оғзибирчилик, ҳамжихатлик яхши эмаслиги, 4-, 44-сон мактабларда ўқув тарбия соҳасида ўқитувчиларнинг ўз ишига маъсулиятсизлик билан қараётганликлари, тўгараклар умуман ишламаётганлиги, юқоридаги мактаб кутубхоналарида бадиий адабиётлар камлиги ва талаб даражасида эмаслиги, лабаратория хоналаридан фойдаланмаслиги, ўқувчилар дафтарларини текшириб баҳолаб борилмаётганлиги кўрсатиб ўтилсин.

  1. Туман ҳокими ўринбосари Б.Собиров, туман молия бўлими мудири Ш.Жуманиёзов ҳамда туман мактабгача таълим бўлими мудири М.Сапаева, халқ таълими бўлими мудири Ш.Ахмедовларга камчиликларга йўл қўйган давлат мактабгача таълим ташкилотлари мудирлари ҳамда умумтаълим мактаблари директорларига ўрнатилган тартибга чора кўриш топширилсин.
  2. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати (Ж.Усманова) ушбу қарорни туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтида эълон қилсин.
  3. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича доимий комиссия раиси К.Бекчанов зиммасига юклатилсин.

Кенгаш раиси, туман ҳокими                                                                              У.Машарипов