Халқ депутатлари Ҳазорасп туман Кенгаши Қарори


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Ҳазорасп туманида мактабгача таълим бўлимга қарашли 7- ва 11-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларида ўтказилган ўрганиш якунлари тўғрисида туман молия бўлими мудири Ш.Жуманиёзовнинг ахбороти

 

Ҳазорасп туман молия бўлимининг 10.01.2021 йилдаги 2-сонли буйруғига асосан Ҳазорасп туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 7 ва 11-сон мактабгача таълим ташкилотларида озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиши ва бутлиги юзасидан мониторинг текшириш ўтказилди.

Текширишда тумандаги 7-сон мактабгача таълим ташкилотида 2021 йил
29 июн куни ҳақиқатда 179 нафар тарбияланувчилар бўлиб, шу кунги тузилган таомномада 206 нафар тарбияланувчиларга озиқ-овқат маҳсулотлари харажат қилинган. Натижада 27 нафар тарбияланувчилар номига озиқ-овқат маҳсулотлари нотоғри харажат қилинганлиги аниқланди.

Бундан ташқари 29 июн кунги тузилган таомномада тушлик пайтида тайёрланаётган биринчи овқатга карам шўрва учун 8 кг товук гўшти қазонга солинганлиги кўрсатилган бўлиб, хақиқатда таомда мавжуд бўлган пишган товуқ гўшти тарозида махсус идишда тортиб кўрилганда (пишган вақтида табиий йўқотилган вазни қўшиб хисобга олган ҳолда) 6 кг эканлиги аниқланди. иккинчи овқатга гўштли жаркоп учун 12,4 кг мол гўшти қазонга солинганлиги кўрсатилган бўлиб, ҳақиқатда пишаётган таомда мавжуд бўлган пишган мол гўшти тарозида махсус идишда тортиб кўрилганда (пишган вақтида табиий йўқотилган вазни қўшиб хисобга олган ҳолда) 8 кг эканлиги аниқланди.

Натижада ушбу кунги таомнома бўйича 4 кг 55000 минг сўмдан 220 000 сўмлик мол гўшти ва 2 кг 18500 сўмдан 37000 сўмлик товуқ гўштлари жами 257 000 сўмлик озиқ-овқат махсулотлари кам солинганлиги ва нотўғри харажатга чиқарилганлиги аниқланди. Шу куни 18 турдаги озиқ овқат махсулотлари хатловдан ўтказилганда
9 турида 104 639 (бир юз тўрт минг олти юз ўттиз тўққиз) сўмлик камомад борлиги, жами камомад 361 639 (уч юз олтмиш бир минг олти юз ўттиз тўққиз)сўм эканлиги аниқланди.

Ҳазорасп туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 11-сон мактабгача таълим ташкилотида хўжалик ишлари мудири Ш.Рўзметов жавобгарлигидаги озиқ-овқат маҳсулотлари қолдиғи 2021 йил 28 июн ҳолатига саноқ ва ўлчовдан ўтказилганда
13 турдаги озиқ овқат махсулотидан 8126127 (саккиз миллион бир юз йигирма олтиминг бир юз йигирма етти)сўмлик камомад борлиги аниқланди.

Шунингдек Ҳазорасп туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 11-сон мактабгача таълим ташкилотида 2021 йил 28 июн куни таомнома тузилмасдан овқат пиширилаётгани аниқланди.

Ўрганиб кўрилганда тушликка биринчи овқатга карам шўрва, иккинчи овқатга гўштли жаркоп овқатлари пиширилаётганлиги маълум бўлди.

Ташкилот музлаткичида шу куни 16 кг мол гўшти сақланаётган бўлишига қарамасдан иккала овқатга ҳам 13,2 кг товуқ гўшти солинганлиги ҳужжатларда кўрсатилган. Ҳақиқатда овқатдаги товуқ гўшти ўлчовдан ўтказилганда 5,3 кг товуқ гўшти борлиги аниқланди.

Ҳазорасп туман мактабгача таълим бўлимига қарашли 11-сон мактабгача таълим ташкилотида хўжалик ишлари мудири Ш.Рўзметов жавобгарлигидаги озиқ-овқат маҳсулотлари қолдиғи 2021 йил 28 июн ҳолатига саноқ ва ўлчовдан ўтказилганда
13 турдаги озиқ овқат махсулотидан 8126127 (саккиз миллион бир юз йигирма олтиминг бир юз йигирма етти)сўмлик камомад борлиги аниқланди.

Кун тартибидаги масалани мухокама қилиб, Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 24-моддасига асосан халқ депутатлари туман Кенгаши

 

Қ А Р О Р  Қ И Л А Д И:

 

  1. Ҳазорасп туманидаги 7- ва 11-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотларидаги аниқланган камчиликлар бўйича туман молия бўлими мудири Ш.Жуманиёзовнинг танқидий маърузаси маълумот учун қабул қилинсин.
  2. Туман прокурори (Д.Мадиримов)га туман мактабгача таълими бўлимига қарашли 7-ва 11-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини қўшимча ўрганиб қонуний баҳо бериш топширилсин.
  3. Туман мактабгача таълим бўлими мудири (З.Жонибеков)га мактабгача таълим муассасаларида аниқланган камчиликларни юзага келишининг олдини олиш ва бу борада аниқ тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси топширилсин.
  4. Халқ депутатлари Ҳазорасп тумани Кенгаши томонидан вилоят мактабгача таълими бошқармасига тумандаги 7- ва 11-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарларининг ўз лавозимларида қолиш ёки қолмасликлари масаласини кўриб чиқиш бўйича таклиф киритилсин.
  5. Хоразм вилояти мактабгача таълим бошқармаси томонидан тумандаги мактабгача таълим ташкилотларида юзага келган ёшларни тарбияси ва овқатлантириш бўйича муттасил камчиликлар давом қилаётганини ҳисобга олган холда вилоят ишчи гуруҳи тузиб ўрганиш ўтказиш тавсия қилинсин.
  6. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати (Ж.Усмонова)га ушбу масала юзасидан тайёрланган видео роликни ва қарорини туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтида ва ижтимоий тармоқларда эълон қилсин.
  7. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Ҳазорасп туман Кенгашининг ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати, соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссияси (К.Бекчанов) зиммасига юклатилсин.

  

 Ҳазорасп туман Кенгаши раиси, туман ҳокими             У.Машарипов