Ҳазорасп тумани ҳокими У.Р. Машариповнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Ассалому алайкум, қадрли  элдошлар!

Авваламбор сизларни, сизлар орқали бутун туманимиз  аҳлини энг улуғ, энг азиз байрамимиз – давлатимиз мустақиллигининг 31 йиллик шодиёнаси билан чин қалбимдан табриклайман!

Мустақиллик халқимизнинг асрий орзусини рўёбга чиқариб ўз ҳаёти ва келажагини эркин барпо этиш, озод ва обод Ватан пойдеворини яратиш  имконини берди. Бизнинг инсоний қадр-қимматимизни, ғурур ва шаънимизни,  миллий давлатчилигимизни тиклаб берган Мустақиллик куни Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин саҳифа бўлиб қолади.

 Бугун Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразмга ташрифи ҳам тарихга мухрланди. Президент Урганч шаҳрида буюк саркарда ва давлат арбоби Жалолиддин Мангуберди ҳайкалининг тантанали очилиш маросимида иштирок этиб, буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди ҳайкалини очиб бердилар.

Очилиш маросимида Президент  "Жалолиддин Мангуберди эл-юрт истиқлоли учун курашган, бунга ўз ҳаётини бағишлаган аждодларимизнинг буюк намояндасидир. Она юртга муҳаббат ва садоқат, ор-номус ва шон-шараф бобида унга тенг келадиган улуғ шахслар дунёда камдан-кам учрайди", дея таърифладилар.

Шунингдек, Урганч шаҳрида Ал-Хоразмий шаҳарчаси қурилишини, бу шаҳарча ҳам худди Самарқанддаги “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази сингари мамлакатимизнинг энг гўзал, бетакрор масканларидан бирига айланишини таъкидлаб ўтдилар ва Президент томонидан Урганч шаҳрида Ал-Хоразмий шаҳарчаси пойдеворига капсула қўйилди. Бу эса хоразмликлар учун мустақиллигимизнинг 31 йиллигига байрам туҳфаси бўлди.

Қадрли дўстлар!

Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллиги  “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!”  шиори асосида нишонланмоқда.

Истиқлолнинг ўтган йиллари давомида эришилган ютуқлар ва қўлга киритилган муваффақиятларни сарҳисоб этадиган бўлсак, туманимизда ҳар бир жабҳада асрларга татигулик бунёдкорликлар, яратувчилик ишлари рўёбга чиқарилганининг гувоҳи бўласиз. 

Айни кунда мустақиллигимизнинг 31 йиллигига туманимиз марказидан тортиб энг чекка ҳудудларгача қурилиш ва бунёдкорлик ишлари қизғин давом этмоқда. Байрам арафасида  кўплаб лойиҳалар бўйича янги ишлаб чиқариш объектлари, маданий-маиший иншоотлар фойдаланишга топширилади.

Яъни “Машхура Сервис” давлат хусусий шерикчилик асосидаги 200 ўринли мактабгача таълим муассаси, “Тўлқин Дилбар Зиё” МЧЖ  томонидан 350 ўринли хусусий мактаб,  ҳамда “Star Max Electronics” МЧЖ томонидан 200 ўринли кинотеатрлойиҳалари шулар жумласидандир.

Ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан амалиётга тадбиқ этилган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида сўнгги йилларда туманимиздаги “Қиртепа” ва “Гулзор” маҳаллаларида қурилиш ҳамда ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, халқимизнинг турмуш шароитлари яхшиланди.

 Шунингдек, жорий йилда туманимизда Уй-жой дастури доирасида жами 11 та 5 қаватли 220 хонадонли  янги уй-жойлар барпо этиляпти.

Туман иқтисодиётини жадал ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида жорий йилда умумий қиймати  198,2 миллиард  сўм бўлган 61 та инвестиция лойиҳаси шакллантирилган. Бу лойиҳалар натижасида 671 тадан ортиқ иш ўрни ташкил этиш, 22,0 миллион долларлик товар ва хизматлар экспорт қилиш мўлжалланган. Яқинда тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда бу йўналишда янги режаларимизни белгилаб олдик.

Миришкор деҳқон ва фермерларимиз ҳам фидокорона меҳнат қилиб, ғалла, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил етиштирдилар. Имкониятдан фойдаланиб, ризқ-рўзимиз бунёдкори бўлган деҳқон ва фермерларимизга, барча дала меҳнаткашларига самимий миннатдорчилик билдиришга рухсат бергайсиз.

 Қадрли байрам қатнашчилари!

      Бугунги қутлуғ айёмда Ватанимиз келажаги бўлган ёшлар камолоти йўлида қилаётган ишларимизни эсга олишимиз табиий, албатта. 

Узлуксиз таълимнинг муҳим босқичи бўлган мактабгача таълим тизимидаги янгиликларни ўзингиз гувоҳи бўлиб турибсиз.

2020 йилда туманда  3-7 ёшдаги болаларнинг 33 фоизи мактабгача таълимга қамраб олинган бўлса, жорий йил охиригача бу кўрсаткич 60 фоизни ташкил қилади.

Хусусан, туманимизда жорий йилда Давлат бюджети ҳисобидан 6 та мактаб ва 3 та МТТлари жорий таъмирланди ҳамда 1 та Мактабгача таълим ташкилоти янгидан қурилди.

Президентимизнинг 2022 йил 14 апрелдаги “Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш тўғрисида”ги фармонига асосан, тумандаги 1-сонли ихтисослаштирилган мактаб интернати Президент таълим муассасалари Агентлиги тизимида ихтисослаштирилган мактабга айлантирилди. Бу эса давлатимиз томонидан келажагимиз бўлган ёшларга қаратилаётган эътибор намунасидир. Албатта, азму шижоатли ёшларимиз – Янги Ўзбекистон бунёдкорларидир.

Жорий йилда тумандаги умумтаълим мактабларини 2022 йил тамомлаган битирувчиларининг ОТМ кириш натижалари “Тўлқин ФМ” хусусий мактабида 72,3 фоиз, 1-сон ИМИ 61,9 фоиз,  ва 2-сонли мактабда 42,9 фоиз бўлиб, мактаб директорлари Тўлқин Саидов, Хушнуд Қурязов ва Хотам Бобожановларга ва шунингдек 100 йиллиги кенг нишонланаётган 1-сонли мактабнинг таъмирланишига ўз ҳиссасини қўшаётган ҳомийларга ўз ташаккуримизни билдирамиз.

Кейинги беш йилда соғлиқни сақлаш тизимида ҳам туб ислоҳотлар  амалга оширилиб, тиббиёт муассасалари моддий базаси яхшиланди. Жумладан,   туман тиббиёт бирлашмасига қарашли Оилавий поликлиникалар замонавий ультра товуш текшируви аппарати ҳамда ЭКГ аппаратлари билан таъминланди. Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмаси шошилич ёрдами негизида Тупроққалъа, Боғот ва Ҳазорасп  туманлари учун 1 миллиард 903 миллион сўмлик туманлараро қўшма жароҳатлар ва қон томир касалликлари бўлими қурилиш  якунланди. Бундан ташқари, 4 дона “Тез ёрдам” машиналарининг  харид қилиниши аҳолига кўрсатилаётган тиббий  хизмат сифатини яхшилаш имконини берди.

Бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда “Янги Ўзбекистон” ибораси тилга олинмоқда. Бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофидир.

 

Қадрли элдошлар!

Хабарингиз бор, Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси барча рақибларини ортда қолдириб, олимпиада чемпиони деган шарафли номга эришган Чемпионлардан бири – халқаро гроссмейстер Нодирбек Ёқуббоев бўлиб, ўзининг мағлубиятсиз юришлари билан мазкур тарихий ғалабага ҳисса қўшиб, олтин медал соҳиби бўлди.

Абу-Даби шаҳрида ўтказилган “28th Abu Dabi International Chess Festival” халқаро фестивалида эса Нодирбек Яқуббоевнинг опаси халқаро гроссместер Нилуфар Яқуббоева 31 та давлатдан келган148 нафар шахматчи қизлар ўртасида 1-ўринни қўлга киритди. Туркиянинг Коньё шаҳрида  V Ислом бирдамлиги ўйинларида    иштирок этган  элдошимиз дзюдочи Гулноза Матниёзова 70 килограмм вазн тоифасида чиройли ғалабани яъни олтин медални қўлга киритди.

“Шодухуррам” маҳалласидан таркиб топган футболчи ёшлар эса Хива шаҳрида ўтказилган “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” мусобақасининг вилоят босқичи финал учрашувларида Тупроққалъа тумани ёшлари билан тўп суриб 5:4 ҳисобда ғолибликни қўлга киритиб, республика босқичида қатнашиб қайтишди.  

Буларнинг барчаси мустақилликнинг 31 йиллик  байрамига муносиб туҳфа бўлди. Фурсатдан фойдаланиб чемпион спортчиларимизга, уларнинг ота-онасига, мураббийларига самимий миннатдорчилик билдираман.

 

Қадрли байрам иштирокчилари!

Туманимизда юз бераётган ўзгаришлар, улкан бунёдкорлик  жараёнлари суръати  элдошларимизни янги марралар сари руҳлантирмоқда. Ислоҳотлар самарасини ўз тақдирида, кундалик ҳаётида кўраётган ҳар бир юртдошимиз қалбида бугунидан рози бўлиш, эртанги кунга мустаҳкам ишонч туйғуси мужассам. Халқ манфаати, одамларни ҳаётдан рози қилиш – доимо фаолиятимизнинг асосий мезони бўлиб қолаверади.

Сўзимнинг якунида, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, юртимиз равнағи йўлидаги эзгу ишларингизда улкан муваффақиятлар тилайман. Юртимиз  тинч ва фаровон, меҳнаткаш ва  бағрикенг халқимиз доимо соғ-омон,  Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

 

Эътиборингиз учун раҳмат!