Халқ депутатлари Ҳазорасп туман Кенгашининг Қ А Р О Р И


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳасини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон лойиҳасини Халқ депутатлари туман Кенгашидаги муҳокамаси ҳақида

 

Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожлантиришни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, ўқув-тарбия жараёнига таълимнинг инновацион шакллари ва усулларини жорий этиш мақсадида қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.

2017-2021 йилларда  Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устивор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида  фан ва таълим сохасини ислоҳ  қилиш, тизимни замон талаблари асосида ривожлантириш бўйича мухим вазифалар белгилаб берилган. Таълим-тарбия сохасини такомиллаштириш, фанларни ўқитиш сифати ва самарадорлигини ошириш, таълим масканларида замонавий шарт-шароитлар яратиш, педогог кадрлар салохиятини юксалтиришга доир меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

         2020 йил 30 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда мухтарам Президентимизнинг “Ўқитувчи ва мураббийлар – янги Ўзбекистонни барпо этишда катта куч, таянч ва суянчимиздир” мавзусидаги мурожаатномасида “Мен бугун билдирадиган фикрларни, аввало, ҳурматли муаллим ва ўқитувчиларга, қадрли тарбиячиларга, барча жонкуяр зиёлиларимизга йўлланган мурожаат сифатида қабул қилишингизни истардим”,  деган гаплари педагоглар зиммасига катта масъулият юклайди.

Президентимиз ушбу байрамона тадбирда ҳурматли муаллим ва ўқитувчиларга, қадрли тарбиячиларга, барча жонкуяр зиёлиларга мурожаат сифатида ўзларини чексиз ҳурматини билдириб,  “Биз Учинчи Ренессанс масаласини стратегик вазифа сифатида олдимизга қўйиб, уни миллий ғоя даражасига кўтармоқдамиз.

Биз мактабгача таълим ва мактаб таълими, олий ва ўрта махсус таълим тизими ҳамда илмий-маданий муассасаларни бўлғуси Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси, деб биламиз. Боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, профессор-ўқитувчилар ва илмий-ижодий зиёлиларимизни эса янги Уйғониш даврининг тўрт таянч устуни, деб ҳисоблаймиз.

Мен ишонаман – ҳурматли ота-оналар бу ташаббусни албатта қўллаб-қувватлаб, янги Ренессанснинг бешинчи ҳалқаси, бешинчи устуни бўладилар. Ва бу маънавий-маърифий ҳаётимиздаги энг мустаҳкам устун бўлади, десам, ўйлайманки, сизлар тўла қўллаб-қувватлайсизлар”,  дея ишонч билдирдилар.

Ҳаммамизга аёнки, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ.

Шунингдек, юртбошимиз “Фарзандларимиз мактабдан қанчалик билимли бўлиб чиқса, юқори технологияларга асосланган иқтисодиёт тармоқлари шунча тез ривожланади, кўплаб ижтимоий муаммоларни ечиш имкони туғилади” деб, бугунги глобаллашув жараёнида мактаб таълимини жамиятда қанчалик нуфузи баланд эканлигини яна бир бор таъкидладилар.

Юртбошимиз йиғилишда таълим сохасига танқидий бахо бериб, Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги мактабни намуна сифатида келтирар эканлар, ҳудудларда ана шундай мактабларни ташкил этилиши, фарзандларимизни халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлиб, Ўзбекистон байроғини кўкларга кўтаришда бундай таълим муассасаларидаги устозларнинг самарали мехнатларига алохида тўхталиб, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш масалалари юзасидан тегишли рахбарларга топшириқ ва вазифалар бердилар.

Шунингдек, юртбошимиз томонидан Хоразм элининг буюк тарихий мутафаккирлари тўғрисида ҳам алохида тўхталиб, Ал Хоразмий авлодлари бўлмиш халқимизга юксак ишонч билан ҳар бир мактабда аниқ фанларни ўқитилишига алохида эътибор қаратиш лозимлигини айтиб, ўз таклифларини билдирдилар.

“Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш,уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жихатдан янги босқичга кўтариш чора- тадбирлари тўғрисида”ги Президентимизнинг қарорида ёшларни бандлигини таъминлаш, ёшларни миллий умуминсоний қадриятларга содиқлиги, педогог ходимларнинг қадр –қимматини ва нуфузини ошириш, уларнинг моддий-маънавий ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Ҳазорасп тумани халқ таълими бўлимига қарашли 54 та таълим муассасаси  фаолият юритиб, шундан, 53 та мактаб (шу жумладан, 1 та ихтисослаштирилган мактаб-интернат), 1 та “Баркамол авлод” болалар мактаби фаолият олиб бормоқда.

2020-2021 ўқув йилида жами ўқувчилар сони 35601 нафар, шундан:

1-синф ўқувчилар сони 3695 нафар;

11-синф ўқувчилар сони 2773 нафар.

Ҳазорасп туманидаги 54 та мактабнинг 40 тасида (74%) ўқиш жараёни 2 сменада ташкил этилган. Шунингдек, 21 тасида (38,8%) навбатлилик коэффициенти–1,5данюқори.   

Туманда жами 3014 нафар педагог ходимлар фаолият кўрсатиб, шундан педагог ходимларнинг 2547 (84,5%) нафари олий, 66 (2,2%) нафари тугалланмаган олий, 401 (13,3 %) нафари ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар. Ўқитувчиларнинг 90 (3%) нафари олий тоифали, 312 (10,5 %) нафари биринчи тоифали, 825 (27,5 %) нафари иккинчи тоифали, 1787 (59,3 %) нафари мутахассис тоифали ўқитувчилар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2018 йил
8 декабрдаги 997-сонли “Халқ таълими тизимида таълим сифати бахолаш сохасидаги халқаро тадқиқотларни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга мувофиқ  туманда 2 та 1-мактаб ҳамда 9-мактаб таянч мактаб сифатида белгиланган.

Умумий ўрта таълим мактаблари учун  2020-2021 ўқув йилидан ўкувчиларга  таълим тизимида амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишда, ўқув-тарбия жараёнини янги сифат босқичига кўтаришда умумий ўрта ва махсус мактаб таълим муассасалари педагогларининг соҳавий билим, малакаларини такомиллаштириш, педагогик маҳоратларини ошириш, уларнинг компетенцияларини шакллантириш ҳамда уларга амалий ёрдам кўрсатиш, таълим-тарбия самарадорлигини оширишда узлуксиз методик хизмат кўрсатиш алохида ўрин тутади.

Умумтаълим мактабларида фанларнинг қай даражада ўқитилаётганлиги, шунингдек, ўқувчиларнинг фан йўналишларида Давлат таълим стандартларида белгиланган билим, кўникма ва малакаларнинг ўзлаштираётганлик ҳолати таълим мазмунининг сифат даражасини белгиловчи муҳим омиллардан биридир.

“2020-2021 ўқув йили ўқитишнинг замонавий шакллари, креатив фикрлаш ва халқаро бахолаш дастурига тайёргарлик йили” шиори ҳар бир  педогог учун  бош мезон бўлди. Таълим муассасаларида ота-оналар билан шаффоф мулоқат мухитини яратиш, адолатли ва сифатли иш механизмини йўлга қўйиш лозим.

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  Фармон лойиҳаси  барчамиз учун улкан тарихий ва қувончли воқеа бўлди.

Ушбу Фармон лойиҳасини кенг қамровли келажагимиз бўлмиш ёшлар учун улкан имкониятлар эшигини очиб беради. Фидоий, жонкуяр устозларимиз учун ўз фаолиятларини янада кенгайтириб, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларни салоҳиятларини, самарали мехнатларини юзага чиқаришда асосий восита сифатида хизмат қилади.

Бугун ушбу Фармон лойиҳаси юзасидан бутун мамлакатимизда келажагимизга бефарқ бўлмаган ҳар бир зиёли инсонлар ўзларининг мустақил фикр ва таклифлари билан фаол иштирок этмоқдалар.

Ишонаманки, сиз томонингиздан билдириладиган ҳар бир таклиф аниқ бир манзилга йўналтирилиб, таълим сохасини узлуксизлигини таъминлашда ва ёшларимизни жамиятда муносиб ўринларни эгаллашларида ҳамда жамиятимизин тараққий қилишига хизмат қилади.

Ушбу Фармон 35-банддан иборат бўлиб, мамлакатимизда таълим-тарбия ва илм-фан сохаларини такомиллаштириш, жамиятимида ўқитувчи ва педагог ходимлар, илмий ва ижодкор зиёлиларга бўлган ҳурмат-эътиборни янада ошириш, таълим олувчининг касбий махоратини ривожлантириш, таълим тизимида хусусий сектор иштирокини янада кенгайтириш  масалаларини ўз ичига олган.

Фармонда Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар:

Миллий ўқув дастурини, ўқув дастурлари ўртасида узвийликни таъминлаш, давлат таълим стандартлари, таянч, ўқув режалар ва дастурлар, дарслик ва ўқув-методик мажмуаларнинг макетлари яратилиши, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог ходимларини аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаси бериш бўйича ҳужжатларни қабул қилиш, 2024/2025 ўқув йилига қадар фаолияти давомида юқори натижаларга эришган умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари педагогларининг ойлик маошини меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 15 бараваригача босқичма-босқич ошириб бориш чораларини кўриш, ўқувчиларининг 95 фоизи ва ундан ортиқ қисми олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган ва (ёки) ишга жойлашган директорларга-12 баравар, директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарларига – 6 баравар;

ўқувчиларининг 90–94 фоиз қисми олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган ёки ишга жойлашган директорларга – 9 баравар, директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарларига – 4,5 баравар;

ўқувчиларининг 85–89 фоиз қисми олий ҳамда профессионал таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилинган ва (ёки) ишга жойлашган директорларга – 6 баравар, директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосарларига – 3 баравар  ошириш кўзда тутилган.

 2021 йил 1 январдан бошлаб умумтаълим муассасалари директорларини лавозимга тайинлаш, уларга нисбатан интизомий жазо қўллаш ҳамда иш берувчининг ташаббусига кўра лавозимидан озод этишнинг  вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан тегишли халқ депутатлари туман Кенгашлари билан келишилган ҳолда амалга ошириш тартиби жорий қилиш буйича тўхталди.

Умумтаълим муассасаларининг бўш директор лавозимлари учун ҳудудий халқ таълими бўлимлари киритган номзодлар халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан танловдан ўтказилади;

-умумтаълим муассасаси директорлиги учун номзодлар танловда тегишли умумтаълим муассасаси кўрсаткичларини келгуси 3 йилда юқори даражага олиб чиқиш бўйича ўз дастури билан иштирок этади;

-халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан танлов натижаларига кўра умумтаълим муассасаси директори лавозимига тайинлаш учун энг яхши 3 йиллик дастур эгаси танлаб олинади ҳамда лавозимга тайинлаш учун ҳудудий халқ таълими бошқармаларига тақдим этилади;

-халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан танлаб олинган номзод ҳудудий халқ таълими бошқармалари томонидан умумтаълим муассасаси директори лавозимига тайинланиши кўрсатиб ўтилган.

2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2020 йил                                    10 январдаги “2020-2022 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4565-сонли қарорига асосан  2 та умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Шунингдек, 4-сон умумтаълим мактаби 2020 йил Инвестиция дастури доирасида 330 ўринли янги қўшимча бино қурилиши ва мавжуд биносини мукаммал таъмирланиш ишлари ниҳоясига етди. Лойиҳа қиймати 4 млрд 880 млн 900 минг сўм ва 8-сон умумтаълим мактаби 2020 йил Инвестиция дастури доирасида 330 ўринли янги қўшимча бино қурилиши ишлари бажарилди. Лойиҳа қиймати 2 млрд 681 млн 800 минг сўм. Инвестиция дастури доирасида ушбу қурилиш-таъмирлаш ишларига жами 7 млрд 562 млн 700 минг сўм маблағ сарф қилинди.

Бугун шуни ишонч билан таъкидлаймизки туман халқ таълими бўлими ходимлари  ва туманимиз педагоглари 2020-2021 ўқув йилида Ўзбекистон Республикаси  “Таълим тўғрисида”ги Қонуни ва Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида фармондаги топшириқларни  тўлиқ бажаришда ўз билими ва меҳнатларини аямайдилар, йўл қўйилган нуқсон ва камчиликларга барҳам бериб, янада юқори кўрсаткичларга эришадилар.

Ҳазорасп тумани ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари А.Дусчановнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳасини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон лойиҳасини Халқ депутатлари туман Кенгашидаги муҳокамаси ҳақидаги маърузасини тинглаб, Халқ депутатлари  туман Кенгаши сессияси

Қ А Р О Р  Қ И Л А Д И:

Ҳазорасп тумани ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари А.Дусчановнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳасини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон лойиҳасини Халқ депутатлари туман Кенгашидаги муҳокамаси ҳақидаги маърузаси раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.

  1. Фармон лойиҳасини кенг жамоатчиликка етказиш ва билдирилган фикр ва мулоҳазаларни умумлаштириб вилоят ҳокимлигига етказиш бўйича ишлаб чиқилган йўл ҳаритаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  2. Туман ҳокими ўринбосари (А.Дусчанов), халқ таълими бўлими (З.Қурбанова), туман мактабгача таълим бўлими (Н.Исламова)ларга биргаликда Фармон лойиҳасини тарғиб қилиш вазифаси топширилсин.
  3. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати (Ж.Усманова)га ушбу қарорни туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтида эълон қилсин.
  4. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Ҳазорасп туман Кенгашининг ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати, соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссияси (К.Бекчанов) зиммасига юклатилсин.

 

Халқ депутатлари туман  кенгаши депутати, сессия раиси                                Ғ.Рахимов