ШАРҚШУНОС ОЛИМ АБДУЛЛА АҲМЕДОВ – ҲАМИША ҚАЛБИМИЗДА


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

А.Аҳмедов 1951 йилнинг 1 сентябрида қишлоқ мактабининг 1-синфига қабул қилинади. Бошланғич синфларда тажрибали ўқитувчилардан Бикажон Жуманиёзова ва Амина Рўзметовалар қўлида таълим олади. У мактабнинг бош болалар етакчиси Нинажон Матназарова раҳбарлигида мактабнинг болалар дружина кенгашига раислик қилади. Туман, вилоят ва республика миқёсидаги кўплаб маърифий тадбирларда қатнашиб, Фахрий Ёрлиқлар билан тақдирланади. Унга етук педагог кадрлар Матжон Ниёзметов, Юсуф Саидов, Машариф Сафоев, Кенжа Султонов, Шариф Бобожоновлар раҳнамолик қиладилар.

1955 йилдан бошлаб тажрибали она тили ва адабиёти ўқитувчилари Усмон Худойберганов, Юсуф Собиров ва Дармонжон Иброҳимовалар ёрдамида бадиий ижод билан шуғуллана бошлайди. Унинг хабар, ҳикоя, мақола ва шеърлари туман ва вилоят газеталарида эълон қилинади. А.Аҳмедов 1957-1958 ўқув йилида етти йиллик мактабни аъло баҳолар билан тамомлаб, туман марказидаги 1-сон ўрта мактабда ўз ўқишини давом эттиради. Мактабнинг болалар дружина кенгаши раиси, кейинчалик мактаб ўқувчилар қўмитаси раиси сифатида фаолият кўрсатади. Ўрта мактабда ўқиб юрган даврида барча фанларни аъло баҳолар билан ўзлаштириб, вилоятдаги вақтли матбуот саҳифаларида ўзининг долзарб мақолалари, шеър, ҳикоя ва очерклари билан қатнашиб туради.

Шунингдек,ўша даврнинг пешқадам маорифчилари Тоҳиржон Сотлиқов, Зариф Исмоилов, Аҳмад Отамуродов, Анвара Бердиқулова, Ботир Раҳимов, Жуманиёз Хўжаниёзов, Қосим Болтаев, Артём Ким, Машариф Эшжонов, Нормат Матёқубов, Пошшажон Ниёзметовалар илм-фан сир-асрорларини эринмасдан ўргатиб, келажакка умид билан қараб олға интилишга йўналтирдилар. 

А.Аҳмедов 1962 йилда А.С.Пушкин номидаги ўрта мактабнинг 11-синфини аъло баҳолар билан тугатади. У ушбу 1-сонли ўрта мактабда тажрибали педагог-мураббий, ташкилотчи раҳбар Тоҳиржон Сотлиқов (ҳозирги кунда профессор) тавсияси бўйича ўзининг дастлабки педагогик фаолиятини бош болалар етакчиси лавозимидан бошлайди. А.Аҳмедов фаолият кўрсатган даврда мактабнинг болалар ва ўсмирлар ташкилоти катта ютуқларга эришади. Вилоят ва республика миқёсидаги оммавий-сиёсий тадбирларда фаол қатнашиб, катта муваффақиятларни қўлга киритадилар,республикада олдинги ўринда бордилар. 

Икки йиллик педагогик меҳнат фаолиятига эга бўлган А.Аҳмедов 1964 йилда Тошкент Давлат университетининг Шарқшунослик факультетига ўқишга киради. У университетда йирик шарқшунос олимлар Шоислом Шомуҳамедов, Алибек Рустамов, Р.Муҳаммаджонов, В.Москалев, Б.Холидов, эронлик Жаъфар Ифтихор, ироқлик Аҳмад Бахши, ҳиндистонлик Хожа Аҳмад Форуқий ва Қамар Раислар қўлида таҳсил кўради. 1969 йилда мазкур олий даргоҳни «Шарқшунос- филолог» ихтисоси бўйича тугатиб, Олий таълим вазирлиги йўлланмаси билан Хоразм Давлат педагогика институтига форс тили ўқитувчиси сифатида ишга юборилади. У 1969-76 йиллар оралиғида мазкур институтда форс,инглиз тиллари, эски ўзбек тили ва ёзуви, ўзбек адабий тили тарихи фанларидан назарий ва амалий дарс машғулотларини юқори илмий-педагогик савияда ўтказади ва тез орада жамоада салоҳиятли ёш педагог-мураббий сифатида обрў-эътибор қозонади.

А.Аҳмедов 1976-78 йилларда Эрон Ислом Республикасида хизмат сафарида бўлади ва ўзининг форс тили амалий курси, грамматикаси, матншунослик ҳамда хаттотлик соҳасидаги билимларини ошириш имкониятига эга бўлади. Эроннинг қадимий тарихий обидалари, оламшумул табаррук алломалари Имом Ризо, Абулқосим Фирдавсий, Ибн Сино, Умар Хайём, Шайх Саъдий, Ҳофиз Шерозий қадамжоларини зиёрат қилиб, буюклар руҳига таъзим бажо келтиради. 1978 йилнинг май ойида ўз хизмат сафарини тугатиб, Ватанига қайтаётганда буюк қомусий олим Абу Али ибн Синонинг Ҳамадон шаҳридаги қабри муқаддас хокидан намуна олиб келади. Бу табаррук хок ҳозирги кунда Бухоро вилоятидаги Афшона қишлоғида жойлашган «Абу Али ибн Сино ёдгорлик мажмуи»да ноёб экспонат сифатида эъзозлаб сақланмоқда. 

У 1980 йилдан ҳозирги кунга қадар Урганч Давлат университетининг Ўзбек адабиёти кафедрасининг катта ўқитувчиси лавозимида таниқли олимлар проф.Ҳ.Ж.Абдуллаев,проф.С.Р.Рўзимбоев,проф.Н.Қ.Қобулов,доц.М.Салаева,доц.М.Пирназаров ва Г.Эшжоновлар билан елкама-елка ишлаб келди. 

А.Аҳмедов 1970 йилдан ўзининг илмий-педагогик фаолиятини Шарқ филологиясининг долзарб масалаларига бағишланган илмий тадқиқотлари билан боғлаб фаолият кўрсатди. У 1973 йилдан проф.А.Ҳ.Ҳайитметов раҳбарлигида Хоразмдаги ўзбек ва форс тиллари икки тиллилиги ва унинг ўзбек мумтоз адабиётида тутган ўрни хусусида идмий тадқиқот ишларини олиб борди. Хоразмда етишиб чиққан ва жаҳон маданияти хазинасига муносиб ҳисса қўшган буюк алломалар Ал-Хоразмий, Беруний, Замахшарий, Рашидиддин Ватвот, Нажмиддин Кубро, Паҳлавон Маҳмуд, Ҳусайн Хоразмий, Абулғозийхон, Мунис, Огаҳий, Комил, Феруз, Табибий, Аваз, Баёний, Партав ва бошқаларнинг бой илмий ва адабий меросини излаб топиш, уларни кенг халқ оммасига етказиш соҳасида ҳам анча хайрли ишларни амалга оширди. Вилоят, республика ва хорижий давлатларнинг турли илмий нашрларида 100 дан зиёд илмий-назарий мақолалари чоп этилди. Вилоят, республика ва чет элларда ўтказилган қатор илмий анжуманларда ўзининг илмий маърузалари билан қатнашди. У тажрибали педагог ва иқтидорли манбашунос олим сифатида вилоят ва қўшни жумҳуриятлар таълим даргоҳлари учун юқори малакали мутахассис муаллимларни тайёрлашга муносиб ҳисса қўшиб, ёш авлод онгида халқимизнинг қадимий миллий қадриятларига нисбатан чуқур муҳаббат ҳиссини уйғотишга муваффақ бўлди.

А. Аҳмедов фақат олий ўқув юрти дарсхоналари билан кифояланиб қолмасдан, маҳаллий ва республика матбуотида, радио ва телевидение орқали ҳам самарали фаолият кўрсатди. Унинг «Тарихимизни ўрганамиз», «Тупроғимиз табарруклари», «Бир ғазал шарҳи», «Тасаввуф нима», «Юрган дарё», «Бир ўлкаки…», «Авесто» изидан», «Табаррук зиёратгоҳлар» каби кўплаб туркум кўрсатувлари миллионлаб томошабинларнинг олқиш ва ҳурматига сазовор бўлди.

 Шарқшунос олим Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Синонинг 1000 йиллиги, Муҳаммад Мусо Ал Хоразмийнинг 1200 йиллиги, Хиванинг 2500 йиллиги, «Авесто» китоби яратилганлигининг 2700 йиллиги, Хоразм Маъмун академиясининг 1000 йиллиги, Аллома Замаҳшарий, Шайх Нажмиддин Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Паҳлавон Маҳмуд, Мунис, Огаҳий, Комил, Аваз Ўтар, Феруз ва бошқа машҳур сиймоларнинг юбилей тантаналари муносабати билан кўплаб илмий мақолалар эълон қилди, қатор илмий рисола ва монографик асарларни нашрга тайёрлаб, масъул муҳаррирлик қилди. Уларга «Хоразм тарихи», «Ҳазорасп тарихи», «Хоразм адабий муҳити», «Ёзувларга яширинган тарих», «Хива хонлари шажараси», «Шеърий санъатлар», «Аруз сабоқлари», «Ҳазорасп туманида соғлиқни сақлаш тарихидан», «Ошиқнома», «Ҳазрати Паҳлавон ота», «Фирдавс-ул-иқбол» ва бошқа кўплаб илмий ва бадиий нашрларни мисол қилиб кўрсатишимиз мумкин. Шунингдек, «Мозийга муҳаббат», «Меросга меҳр» ва «Бунёдкор бахти», «Шайх Хусайин Хоразмий», «Хожа Юсуф Ҳамадоний», «Ҳазрати Шохпир», «Аваз Шайх бобо», «Қамбар бобо», «Шовотлик кароматли валийлар», «Саййид Исмоил эшон тарихи», «Кароматли пирлар», «Кубравия вақфномалари» каби монография ва рисолалари нашр этилган.  

А.Аҳмедовнинг саъй-ҳаракатлари билан жуда кўплаб қадимий қўлёзмалар излаб топилди ва тадқиқ этилмоқда. Хоразм вилояти Ахборот-кутубхона маркази ва Маъмун Академияси кутубхоналарига тўпланган Шарқ қўлёзмалари каталоги тузилди ва мавжуд асарларнинг қисқача тавсифи баён этилди. 

«Авесто» китоби яратилганлигининг 2700 йиллиги муносабати билан қатор илмий анжуманларда ўзининг қизиқарли ва илмий асосланган маърузалари билан иштирок қилди. Унинг «Хоразм – «Авесто» яратилган диёр», «Авесто» илк давлатчилик тизими ҳақида», «Авесто» адабий ёдгорлик сифатида» каби илмий маърузалари ҳамда Эрон Ислом Республикасида чоп этилган «Авесто»га оид нашрлар хусусида қўлга киритган илмий кузатиш ва натижалари диққатга сазовордир. «Авесто» китобининг 2700 йиллик юбилейига туҳфа сифатида проф.Б,Абдолниёзов билан ҳамкорликда «Қадимги Хоразм чорвачилиги ва «Авесто» номли салмоқли илмий-оммабоп монографик асарини нашр қилдирди. 

2001 йил А.Аҳмедов илмий фаолиятида ўчмас из қолдирган қувончли воқеалардан бошланди. Шарқшунос олим Франция Республикасининг Тошкентдаги Марказий Осиё тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда «Кубравия вақфномалари ва Ҳусайн Хоразмий фаолияти» номли монографияни нашрга тайёрлади. Университетда бевосита унинг ташаббуси билан «Форс тили маркази» ташкил этилиб, унинг қошида «Эрон хонаси» фаолият кўрсатмоқда.

2001 йилнинг февраль ойида Эрон Ислом Республикасида ташкил қилинган «Эрон ва Турон» халқаро илмий анжуманида илмий маъруза билан иштирок этди. Унинг Эрон ва Турон, хусусан Хоразм диёри ўртасидаги маданий ва адабий алоқалари тарихига бағишланган маърузаси анжуман иштирокчиларида катта таассурот қолдирди. У 2002 йилнинг май ойида ҳам Эрон Ислом Республикасида илмий сафарда бўлиб, Халқаро Теҳрон Китоб ярмакасида қатнашди. Унинг Ўзбекистондаги китобатчилик санъати тарихига оид маърузаси Халқаро анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Урганч Давлат университети илмий кенгаши иқтидорли шарқшунос олим, толмас педагог ва тадқиқотчи А.Аҳмедовнинг узоқ йиллик самарали илмий-педагогик фаолиятини инобатга олиб, 2004 йили унга университет доценти фахрий унвонини берди. 

А.Аҳмедов Ал-Хоразмий номидаги Урганч Давлат университетининг доценти сифатида «Ўзбек мумтоз адабиёти тарихи», «Тасаввуф ва мумтоз поэтика асослари», «Манбашунослик ва матншунослик асослари», «Китобат санъати ва қўлёзма ўқиш амалиёти», «Бадиий таҳлил асослари», «Форс тили ва адабиёти» фанларидан сабоқ бериб, Хоразм Маъмун Академиясида ҳам фаолият кўрсатди. 

Абдулла Аҳмедов эътиборли оилапарвар инсон. Садоқатли, муниса умр йўлдоши Марямжон Жуманиёзова билан 50 йилдан буён аҳил ва тинч-тотув турмуш кечириб, икки ўғил ва беш нафар қизни жамиятнинг муносиб фуқаролари қилиб тарбияладилар. Уларнинг барчасини турли соҳалар бўйича маълумотли қилишга эришдилар. 23 нафар невара ва 7 нафар чевараси маърифатпарвар бобосининг сермазмун умр йўлини ўзлари учун ибрат манбаи сифатида қабул қилиб бахтиёрдирлар. 

А.Аҳмедов Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумати олиб бораётган ташқи ҳамда ички сиёсатни тўла маъқуллаб, ўз фаолиятида дастуриламал қилиб олди. У сиёсий-ғоявий нуқтаи назардан етук устоз педагог сифатида университет профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар орасида катта обрў-эътиборга сазовор бўлди.

Устоз ҳамиша қалбимизда абадий яшайди. 

Филология фанлари номзоди Султон Мирзодан ёзиб олинди.