НОДИРБЕК ЯҚУББОЕВ – БИЗНИНГ ФАХРИМИЗ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

НОДИРБЕК ЯҚУББОЕВ – БИЗНИНГ ФАХРИМИЗ

Мамлакатимизда сўнгги йилларда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ҳар қачонгидан кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Бу борада кўплаб Фармон ва Қарорлар, давлат дастурлари қабул қилинди. Чунки, ёшларни баркамол, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали юртимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш давлатимиз сиёсатининг энг устувор вазифасига айланди. 

Бугун юртимизнинг қайси ҳудудига борманг, муҳташам спорт саройлари, замонавий талаблар даражасида бунёд этилган стадионлар, спорт залларига кўзингиз тушади ва ёшлар билан гавжумлигидан хурсанд бўласиз. 

Албатта, бу каби қаратилаётган эътибор туфайли бугунги кунда энг чекка ҳудудлардан ҳам Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир халқаро миқёсдаги спортчилар, чемпионлар чиқиб, Ўзбекистон байроғини янада баландроқ кўтаришда ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.    

Бу борада Шахмат бўйича халқаро гроссмейстер Нодирбек Яқуббоев ҳақида қисқача тўхталсак.

Якуббоев Нодирбек Муродбек ўғли 2002 йил 23 январда Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида туғилган. 2008 йилдан яъни 6 ёшидан шахмат билан шуғуллана бошлаган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Миллий Университети Амалий математика ва интеллектуал технологиялар факультетининг 3-босқич талабаси.

Нодирбек Якуббоевнинг илк устози ўз отаси Муродбек Искандаровдир. Шунингдек,  урганчлик спорт устаси Руслан Ниёзметовдан сабоқ олган. Кейинчалик 2014-2015 йиллар Хулкар Тохиржонова ва Нафиса Мўминовалардан шахмат ўйнаш сирларини ўрганган. 2016 йилда  Халқаро Шахмат Академиясига қабул қилиниб, халқаро гроссмейстер Марат Жумаевда шахмат ўйнаш сирларини ўрганган. 2017 йилдан халқаро гроссмейстерлар Тоҳир Воҳидов, Саидали Йўлдошев ва халқаро спорт устаси Никита Хорошевлар иштирокидаги ўқув-йиғин машғулотларида қатнашиб келган.

Натижада, Нодирбек Яқуббоев шахмат бўйича Республика, Осиё ва халқаро мусобақаларда катта ютуқларга эришиб келмоқда.

Жумладан, 10 ёшгача ўғил болалар ўртасида Хитойда ўтказилган Осиё чемпионатида, Грецияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида, Ўзбекистон чемпионатида, Осиё чемпионатларида иштирок этиб ғолибликни қўлга киритган.

2014 йил Ўзбекистон чемпионатининг 12, 16 ва 20 ёшгача ёшлар ўртасида ва эркаклар ўртасида 1-лига ярим финалида 1-ўриннни эгаллаб, 12 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида Осиё чемпионатида стандарт йўналишида бронза, рапидда олтин, блицда кумуш медали соҳиби бўлган.

Кетма-кет ютуқларга эришган Нодирбек Яқуббоев 2015 йилда Қирғизистонда ўтказилган 20 ёшгача ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионатида 2 та олтин медални, 2016 йил Монголиянинг Улан-Батор шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида 2 та олтин ва 1 та кумуш медалларни қўлга киритган.

Шунингдек, 2016 йил БААнинг Жарджа шаҳрида ўтказилган “Рамадан опен-2017” халқаро турнирида, Озарбайджоннинг Баку шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжахон Шахмат Олимпиадасида,  Россиянинг Ханти-Мансийск, Сочи шаҳарларида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатларида қатнашиб, олтин ва кумуш медаллар соҳиби бўлди.

2017 йилда эса Нодирбек Яқуббоев 16 ёшгача ўғил болалар ўртасида Ўзбекистон чемпиони, Шахмат бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, “Қарши опен-2018” халқаро турнири ғолиби бўлиб, 2018 йил Ўзбекистонлик биринчи гроссмейстер хотирасига бағишланган Ташкент опен-2018 халқаро турнири бронза медали соҳиби, Ғарбий Осиё Чемпионатида рапид, блиц йўналиши бўйича 1-ўринни қўлга киритган.

Шунингдек, Нодирбек Яқуббоев Жаҳон Олимпиадаси Конья, Туркия, Абу Даби 26-халқаро шахмат фестивалида, “Bhopal International GM Chess Tournament” халқаро очиқ турнирида, ШҲТ халқаро шахмат мусобақаларида қатнашиб, фахрли 1-ўринларни қўлга киритган. 2021 йил “September 7 Titled Tuesday”, “Speed Chess Grand Prix 4” халқаро онлайн мусобақалари ғолиби, Латвияда ўтказилган халқаро “Grand Swiss” турнири иштирокчиси бўлди ва 2022 йил “Кубок Тигра” халқаро турнирида 2-ўринни эгаллади.

БАА давлатининг Шаржа шаҳрида шахматнинг блиц йўналиши бўйича “27th Sharjah International Chess Championship 2022- Blitz” халқаро турнирида қатнашган Нодирбек Яқуббоев 9 имкониятдан 8 очко жамғариб, олтин медални қўлга киритди. 

Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида XXXIV-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида ҳам Халқаро гроссмейстер Нодирбек Ёқуббоев яна бир ғалабага эришди. Қувонарлиси шундаки, бу галги нуфузли шахмат анжумани ўзбекистонлик “ақл гимнастикаси” соҳибларининг устунлиги билан ўтиб, оламшумул ютуғи билан тугади. Натижада, ўзбек шахмати тарихи илк бор Олимпиада чемпионлигига оид саҳифа билан бойиди.

 

Ушбу муваффақиятга Хоразм заминида туғилган халқаро гроссмейстер Нодирбек Ёқуббоев ҳам ўзининг муносиб улушини қўшди. Ҳазорасплик шахматчи Нодирбек Яқуббоев 11 та имкониятдан 8,5 очко жамғарди ва шахмат олимпиадаси чемпиони деган шарафли номга эришиб, олтин медални қўлга киритди.

Ёш бўлишига қарамасдан чўққи сари одимлаётган Нодирбек Яқуббоев нуфузли халқаро мусобақада қатнашиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, улуғ мутафаккир Ал-Хоразмий ворисларининг қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир бор бутун дунёга намоён этди.

 

Шахмат бўйича халқаро гроссмейстер Нодирбек Якуббоев “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиби ҳамдир. 

Эришган ютуқлари самараси ўлароқ, Нодирбек Яқуббоев яқинда Президентимизнинг “Бутунжаҳон 44-шахмат олимпиадаси ғолиблари ва иштирокчиларини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига асосан «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирланди.

 

Шунингдек, Нодирбек Ёқуббоев Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини соҳиби бўлди. Яъни Тошкент шаҳрида шахмат бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун ўтказилган II - Халқаро турнирида 17 та мамлакатнинг 130 нафардан зиёд шахматчиси дона суриб, 21 нафар гроссмейстер, 2 нафар аёллар гроссмейстери ва 18 нафар халқаро мастери ғолиблик учун беллашган бўлсада кучли шахматчилар жамлаган А-гуруҳида гроссмейстер Нодирбек Яқуббоев 10 имкониятдан 7,5 очко жамғариб, бош соврин эгасига айланди.  

Дарҳақиқат, мамлакатни спортчалик тез дунёга танитадиган соҳа йўқдир. Шундай экан, Нодирбек Яқуббоев халқаро шахмат мусобақаларида устозлари каби катта натижаларни қўлга киритиб, Ўзбекистон номини янада дунёга танитишни давом этаверади.

Ҳазорасп туман ҳокимлиги Матбуот хизмати.