Ҳазорасп тумани ҳокими У.Машариповнинг 1-октябр “Устоз ва мураббийлар куни” муносабати билан ўтказилган тадбир қатнашчиларига ТАБРИГИ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

 Ҳазорасп тумани ҳокими У.Машариповнинг 1-октябр “Устоз ва мураббийлар куни” муносабати билан ўтказилган

тадбир қатнашчиларига ТАБРИГИ

      Муҳтарам устоз ва мураббийлар!

      Қадрли фаҳрийлар!

 

      Аввало Сиз азизларни, таълим-тарбия соҳасининг барча жонкуяр ҳодимларини умумҳалқ байрами- “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” билан самимий муборакбод этаман.

      Нишонланаётган қутлуғ айёмда Сиз устозларга юксак ҳурмат ва эзгу тилакларни изҳор этишдан бениҳоя хурсандмиз. Чунки Сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик бўлган илмни, билимни ўсиб келаётган ёш авлодларимизга безавол етказишда чинакам фидоийлик кўрсатиб келаётган улуғ инсонларсиз.

Муҳтарам Президентимизнинг иборалари билан айтадиган бўлсак:

“Улкан бойлик – ақл заковат ва илм,

Ўлмас мерос – яхши тарбиядир”.

      Айнан шу боис бугун Сизларнинг шаънингизга билдирилаётган олийжаноб истакларимиз, таъзим ва ташаккурларимизни туманимиз аҳолисининг ҳурмат ва эҳтироми сифатида қабул қилгайсизлар.

      Азиз дўстлар!

      Кейинги йилларда илм-фан, таълим-тарбия соҳасини давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантиришга қаратилган, оилада фарзанд туғилганидан бошлаб, камолот ёшига етгунга қадар хаётда ўз ўрнини топишга хизмат қиладиган узлуксиз тизим яратилмоқда.

      Бу айниқса боғча ёшидаги жажжи фарзандларимизга бўлган эътибор борасида яққол намоён бўлмоқда. Бундан икки йил аввал туманда 14 та мактабгача таълим муассасалари мавжуд бўлиб, қамров атиги 23 фоизни ташкил қилар эди. Ҳозирги кунга келиб 20 та давлат мактабгача таълим муассасаси, шунингдек давлат хусусий шерикчилик асосидаги муассасалар 9 тани, оилавий боғчалар эса 159 тани ташкил қилади, жами қамров 63 фоизга етди.

Бу борадаги ишларимизни янада жадал ривожлантириш чораларини белгилаб олганмиз. Мактабгача таълим соҳасида ҳали қиладиган ишларимиз кўп, камчилик ва нуқсонлар ҳам талайгина. Тизим ҳодимлари билан бу мавзуда алоҳида маслахатлашиб оламиз.

      Мамлакатимизда янги турдаги ва янги сифатдаги таълим масканлари, Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган ўқув даргоҳлари фаолият кўрсатмоқда.

      Ана шу ишларнинг узвий давоми сифатида туманимизда ҳам Президент таълим муассасалари агентлиги ихтисослаштирилган мактаб ташкил қилинди.

Умуман, кейинги йилларда давлат умуммилий дастури доирасида 45 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Жумладан, 19 та мактаб капитал реконструкция, 18 та мактаб мукаммал ва 8 та мактаб жорий таъмирланди. Фақат 2022 йил давомида инвестиция ва “Обод қишлоқ” ҳамда “Обод маҳалла” дастурлари бўйича 24-сон, 39-сон, 44-сон, 28-сон, 52-сон,  мактабларида, 12-сон мактабгача таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланиб, тайёр қилиб берилди. Бундан ташқари Амударё маҳалласида 150 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасаси қурилиб бугун жажжи ўғил қизларимизни ўз бағрига қабул қилди. Туманда спортни ривожлантириш бўйича ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан соғлом бўлиб вояга етишишлари учун Пичоқчи маҳалласида жойлашган Болалар ва ўсмирлар спорт мактабига янгидан спорт зал қуриш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу яратувчанлик ишларига 26 млрд 237 млн сўм маблағ сарф қилинди.

      Шунингдек, ўзларимизнинг ички имкониятларимиздан фойдаланиб, мактабларнинг эшик ва дераза ромларини янгилаш, иссиқлик тизимларини таъмирлаш, ошхоналарни жихозлаш, мактаблар ҳудудларини панжаралар билан ўраб олиш каби кечиктириб бўлмайдиган ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Барча мактаблар қишки мавсумга қарата ёқилғи-кўмир билан тўла таъминланди.

Туманимиздаги ўқув даргоҳларини таъмирлаш, жихозлаш ва шу каби ишларга тадбиркорлар, ташаббускорлар ҳам беминнат хизматини аямадилар. Шу ўринда шуни алоҳида таъкидлашни истардим-ки, тумандаги 1-сон мактабда ташаббус билан қилинган хайрли иш жуда ҳам эътирофга лойиқ деб ҳисоблаймиз. Бу эзгу тадбир хамма жойда кенг қулоч ёзади деган умиддамиз.  

      Ҳурматли устозлар !

      Ҳаммамиз жуда яхши биламиз, ҳеч кимга сир эмас қаерда фидоий, ўз касбини севган, билим ва тажрибасини мустаҳкамлаб борадиган устоз бўлса, унинг ўқувчилари  илмли-билимли бўлади. Ҳудди шунингдек сифатларга мос бўлган мураббий бўлса, шогирдлари яхши касбга, кўникмага эга бўлган инсонлар бўлади.

Бугунги кунда туманимизда 3000 нафарга яқин ўқитувчи педагоглар фаолият кўрсатмоқда. Тумандаги 2-сон мактабнинг она-тили фани ўқитувчиси Барно Ражабова, 32 ва 48-сонли мактабнинг математика фани ўқитувчилари Хусин Ибодуллаев ва Кадамбой Отажонов, 20-сон мактабдан тарихчи Шарифбой Абдуллаев, Президент таълим муассасалари агентлиги мактабидан Отабек Эгамбердиев ва Ойгул Бекчанова каби ўнлаган устозларимиз билан ҳақли равишда фаҳрланамиз.

Энди мен Сизларнинг эътиборингизга қуйидаги рақамларни келтирмоқчиман:

Туманимизда фаолият кўрсатаётган ўқитувчиларимизнинг 293 нафари олий тоифали, бу жами педагогларнинг 10 фоизини ташкил қилади. Биринчи тоифали ўқитувчилар 554 нафар бўлиб, жами педагогларнинг 20 фоизини ташкил қилади. Қолган 70 фоиз иккинчи ва мутахассис ўқитувчилардан иборат.

      Шундан кўриниб турибдики, 2000 нафарга яқин педагогларимиз таълим тизимига қўйилаётган бугунги кундаги талабларга тўла жавоб бера олмайдилар.

Бир сўз билан айтганда, уларнинг ўзларини ўқитиш керак деган ҳулосага келсак бўлади.

      2021-2022 ўқув йилида 11-синфни тамомлаган 2275 нафар ўқувчидан 705 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга кирганлар, яъни бу дегани 31 фоизни ташкил қилади. Бу вилоят кўрсаткичидан паст рақам.

Бу йилги натижалар билан тумандаги 1-ихтисослашган мактаб директори, Хушнут Курёзов, 6-сон мактаб директори, Хурмат Отажанов, 2-сон мактаб директори, Хотамбой Бобожоновлар энг яхши кўрсаткичларга эришдилар. Шундай бир вақтда 4-сон мактаб директори Ортиқ Сапаев, 10-сон мактаб директори Икром Бобожонов ҳамда 31-сон мактаб директори Багандик Сатимовлар раҳбарлик қилаётган ўқув муассасалари нафақат туманда вилоятда ҳам охирги ўринларни эгаллаб турибдилар.

Очиғини айтсам, юқоридагилар Ҳазораспдек салоҳияти баланд, ўзига тўқ, фарзандлари билимга чанқоқ бўлган туманимизга ҳеч ҳам тўғри келмайди.

Соҳада ўзгариш қилиш учун Сизлардан фақат битта нарса талаб қилинади: ҳар бир ўқувчига ўзимнинг фарзандим деб қараш, ўз устида мунтазам ишлаш, жон куйдириш, фидоий бўлиш керак.

Албатта азизлар бугун байрам, қувончли, ажойиб кун.

Бу гапларни ҳозир, бугун ҳаммамиз йиғилганда айтмасак қачон айтамиз?

Сизлар мени тўғри тушунасизлар деб ўйлайман ва ишонаман ҳам.

Чунки эртага юртимизнинг обрў ва нуфузини, иқтисодиётини ва маънавиятини, келажагимизни юқори поғоналарга кўтарадиганлар, бугун Сизлар сабоқ ва тарбия бераётган фарзандларимиз ҳисобланади.

Қадрли устозлар!

Дунёда 200 дан кўп давлат бор. Уларнинг ичида фақат бизнинг Ўзбекистонимизда “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” умумҳалқ байрами сифатида нишонланади. Бу билан биз фаҳрланамиз, ғурурланишимиз керак.

Шунинг ўзи ўқитувчилар ва мураббийлар Давлатимиз раҳбарининг, Ҳукуматимизнинг эътиборида эканлигининг яққол далилидир.

Муҳтарам Президентимиз мамлакат жамоатчилиги эътиборига “Нажот таълимда, нажот тарбияда, нажот билимда” деган жахоншумул шиорини энг муҳим ва асосий вазифа сифатида ўртага қўйганларини Сизлар жуда яхши тасаввур қилаяпсиз деб ўйлайман.

Ҳурматли устоз ва мураббийлар!

Ҳаётимизга катта куч бўлиб кираётган янги авлодимизни камол топтиришда хизмат қилиб келаётган Сиз устозларни касб байрамингиз билан яна бир бор муборакбод этиб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга тинчлик ва файзу-барака тилайман!

Эътиборингиз учун раҳмат!