«ҲАР БИР ОИЛА-ТАДБИРКОР» ДАСТУРИ ИЖРОСИ ҲАЗОРАСП ТУМАНИДА


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Сўнгги йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва бунёдкорлик салоҳиятини қўллаб-қувватлаш орқали аҳолига муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бандликни таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, Ҳазорасп туманида ҳам ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда. Буни аҳолининг даромад олиш борасидаги лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш, ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини, шу жумладан унинг муҳтож қатламларини тадбиркорликка ва ўзини ўзи банд қилишнинг самарали шаклларига ўргатиш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатиш мақсадида «Ҳар бир оила-тадбиркор» дастури доирасида бир қатор эзгу ишларни келтиришимиз мумкин.

Жумладан, тумандаги Мухомон қишлоғида яшовчи Мансур Бобожонов “Ҳаракатда-баракат” деган донолар ҳикматига қулоқ тутиб,  «Ҳар бир оила-тадбиркор» дастури доирасида 50 миллион сўм кредит эвазига “Шарқ юлдузи” МЧЖдан 500 та жўжа олиб, оилавий тадбиркорлигини йўлга қўяди. Тез орада ушбу жўжалар сони 3500 тани ташкил этади. 

Ҳозирда тадбиркор товуқ гўшти маҳсулотларини аҳолига етказиб, ўз даромадини оширмоқда ва 4 нафар қизлар бандлигини таъминлаган.

Шунингдек, тадбиркор бу билан чекланиб қолмайди. Ўзининг 12 сотих қўшимча  томорқа ерида “Африка лаққа балиқ”ларини боқиш учун ҳовуз ташкил қилади. Ҳовузга 6800 та африка лаққаси келтириб  ташланади. Ҳозирги кунда ҳар бир лаққа балиқ 3-4 килограммни ташкил этади. Бу маҳсулот ҳам ички бозорга чиқарилиб,  тадбиркорнинг оила даромадига қўшимча  даромад қўшилишига олиб келади.

Дарҳақиқат, меҳнатсеварлик кундалик ҳаётни чиройли, фаровон, унумли ўтказиш учун инсонга қувонч ва шодлик бағишлайдиган фазилатдир.  Ушбу фазилатларни ўзида мужассам этган, бугунги пандемия даврига қарамасдан ўз оилавий даромадини ошираётган тадбиркорларимиз туманимизда кўпчиликни ташкил этади.

Сўзимиз сўнгида айтмоқчимизки, ким сидқидилдан меҳнат қилса, албатта барака топади.

Ҳазорасп туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.