ВАҚТИНЧАЛИК - БИР МАРТАЛИК ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ БЮРОСИ биноси фойдаланишга топширилди


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2017 йилнинг 24 майдаги ПФ-5052-сон Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги» 2017 йил 24 майдаги ПҚ-3001-сонли Қарорига мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг 08.09.2017 йилдаги Вазирлар Маҳкамасининг 703-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ҳазорасп туман ҳокими Ўктам Машарипов раҳбарлигида туманда “Вақтинчалик - бир марталик иш билан таъминлаш бюроси” ташкил қилинди.

 

Бугун ушбу бинонинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Очилиш маросимида туман ҳокими Ў.Машарипов қатнашди.
Маълумот ўрнида: Вақтинчалик - бир марталик иш билан таъминлаш бюросининг иш вақти ва тартиби туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг таклифлари бўйича шаҳар, туман ҳокимлиги томонидан мазкур жойда фуқаролар томонидан вақтинчалик бир марталик ишларнинг бажарилиши борасида юзага келган хусусиятлар эътиборга олинган ҳолда белгиланади. Қоидага кўра, Бюронинг иш вақти соат эрталабки 6:00 дан 16.00 гача дам олиш кунларисиз фаолият олиб боради.
Марказда Ички ишлар органларининг бир нафар ходими доимий равишда ишлайди. “Вақтинчалик - бир марталик иш билан таъминлаш бюроси”да овқатланиш шохобчаси, санитария узеллари, сартарошхона ва этикчилик устахонаси шунингдек, ўтирадиган ўриндиқлар, дам олиш хоналари ҳамда кутиш зали мавжуд. Бу эса вақтинчалик бир марталик ишлаш ниятида келган фуқаролар учун яратилган қулайликлар ҳисобланади.

-Бугун биз учун яратилган бу шароитдан жуда хурсанд бўлдик. Чунки, илгарилари биз жазирама иссиқларда, қаттиқ совуқларда кўчада туришга мажбур бўлардик, эндиликда эса барча шароитлар мавжуд бўлган “Вақтинчалик - бир марталик иш билан таъминлаш бюроси”да иссиқ хоналарда ўтириб иш топилгач ўз ишимизга кетишимиз мумкин бўлди. Бундай шароитларни яратиб берган туман ҳокимига ва ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз,-дейди фуқаро Назарбой Зарипов.

Ҳазорасп туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.