Туманимизда “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида кўтаринки руҳда ўтказилди


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

МУСТАҚИЛЛИГИМИЗНИНГ 31 ЙИЛЛИГИ БАЙРАМИ

туманимизда “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!”

 шиори остида кўтаринки руҳда ўтказилди

Жонажон Ватанимиз – Ўзбекистон Республикаси ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритгани ва мустақил тараққиёт йўлини бошлаганига 31 йил тўлди.

Мустақиллик байрами ҳар йили энг улуғ, энг азиз байрам сифатида юртимиз бўйлаб катта тантана қилинади. Эътиборлиси эса, ҳар йилги байрам тадбирлари ўзгача маъно-мазмун касб этадиган шиор остида нишонланади. Бу йилги байрам “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” деган шиорни асосий ғоя сифатида ўзида мужассам этмоқда.

Ҳазорасп туманида Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” мавзусида байрам тадбири ташкил этилди.

Байрам тадбирини Ҳазорасп туман ҳокими Ўктам Машарипов очиб берар экан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразмга ташрифи, Урганч шаҳрида буюк саркарда ва давлат арбоби Жалолиддин Мангуберди ҳайкалининг тантанали очилиши ва Президент томонидан Урганч шаҳрида Ал-Хоразмий шаҳарчаси пойдеворига капсула қўйилганлиги  хоразмликлар учун мустақиллигимизнинг 31 йиллигига байрам туҳфаси бўлганлигини таъкидлаб, туманимиз аҳлини муқаддас, азиз байрам мустақиллигимизнинг 31 йиллиги билан самимий муборакбод этди.   

Шундан сўнг халқ фаровонлигига, ватанимиз равнақига қўшган фидокорона кўп йиллик самарали меҳнатлари учун бир гуруҳ фуқаролар туман ҳокимининг Ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.

Хушовоз санъаткорларимиз ва жажжи болажонларнинг  куй-қўшиқлари ва спортчи ёшларимизнинг чиқишлари тадбир қатнашчиларига янада кўтаринки кайфият улашди.

Жонажон Ватанимиз, хонадонларимиздан тинчлик-осойишталик, файзу барака ҳеч қачон аримасин! Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, Мустақиллигимиз абадий бўлсин!

Ҳазорасп тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати.