ПРЕЗИДЕНТ ТОПШИРИҒИ АМАЛДА: Ҳазорасп туманининг чекка ҳудуди ҳисобланган “Камолот” маҳалласида контейнер-тиббиёт пункти ташкил этилди


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

 
 

Президентимиз раислигида жорий йилнинг 28 март куни соғлиқни сақлаш соҳасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида соҳада амалга оширилиши зарур бўлган бир қатор вазифалар белгилаб берилган эди.

Ана шу вазифалар ижроси доирасида Ҳазорасп туманида муайян ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, марказдан олис, чекка ҳудудларда аҳолига хизмат кўрсатиш учун замонавий тиббий пунктлар ташкил этилмоқда. Ана шундай контейнер тиббиёт пункти Ҳазорасп туманидаги “Камолот” маҳалласига  ўрнатилди.

Бугун ушбу махсус тиббиёт пункти ва тез тиббий ёрдам шахобчасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Очилиш маросимида туман ҳокими Ў.Машарипов, туман прокурори Д.Мадиримов, нуронийлар, тиббиёт ходимлари ва маҳалла аҳолиси иштирок этди.

Ушбу контейнер тиббиёт пунктида бирламчи тиббий санитария хизмати йўлга қўйилган бўлиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун зарурий барча шароитлар яратилган. Шунингдек, бундай ёндашув одамларнинг узоқ йўл босиб туман марказига бориш, биргина ташхис учун навбат кутиб кун ўтказиш каби муаммолардан халос этиш билан бирга беморларга ўз вақтида биринчи ёрдам кўрсатилишида муҳим аҳамият касб этади.

 — Президентимизнинг тиббиёт соҳаси ходимлари билан юзма-юз мулоқотда билдирган таклифларидан келиб чиққан ҳолда туманимизда 7 та кўчма тиббиёт пунктига эҳтиёж борлиги аниқланди. Шу асосда дори-дармонлар, тиббий ускуналар, замонавий алоқа воситалари, иссиқ ва совуқ сув билан таъминланган ҳамда бошқа барча зарурий шароитлар яратилган контейнерлар туманимизга келтирилди. Бугун “Камолот” маҳалласида шундай тиббиёт маскани иш бошлаган бўлса, тез кунларда  туманнинг энг чекка маҳаллалари ҳисобланган “Истиқлол”, “Юқори Шовот”, “Янгиобод”, “Богиэрам”, “Зехнли”, “Қовунчи” маҳаллаларида ҳам кўчма тиббиёт пунктлари фойдаланишга топширилади,- дейди туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Ойбек Сотиболдиев.

Дарҳақиқат, маҳаллада бундай кўчма тиббиёт пунктининг иш бошлаганидан, кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлардан, яратилаётган қулайликлардан маҳалла аҳли беҳад мамнун бўлмоқда. 

 Ҳазорасп туман ҳокимлиги Матбуот хизмати.