ХАЛҚАРО ХОТИН-ҚИЗЛАР КУНИГА ТУМАН ҲОКИМИНИНГ БАЙРАМ ТАБРИГИ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

 

Ассалому алайкум, қадрли онахонлар!

Мунис ва меҳрибон опа-сингиллар!

Тадбиримизнинг ҳурматли меҳмонлари!

 

Энг гўзал ойнинг энг нафис байрами - хотин-қизларга эҳтиром кўрсатиш анъанаси йил сайин умумдавлат аҳамиятига эга бўлиб, юқори мақом даражасига кўтарилмоқда. Жамиятнинг маданият даражаси, маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади.

Давлатимиз раҳбари ҳам “Юртимизда “Аёл бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади!”, деган эзгу қараш ҳаётимиз қоидасига айланиши учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз керак», деган эдилар.

Дарҳақиқат, аёл бор экан, оила деган муқаддас қўрғон, фарзанд деган бебаҳо неъмат бор. Аёлларимиз ўзларини бахтли ҳис қилишар экан, албатта оиламиз, жамиятимиз ҳам бахтли бўлади.

Донолар айтганидек, дунёда аёл меҳрининг баҳосини ўлчайдиган меъзон, тенглаштирадиган бойлик йўқ. Бу аёл деган улуғ хилқатда нозик таъб, буюк қалб, назокатли кўнгил, бетакрор фидоийлик, она жасорати мужассамлиги натижасидир.

Мана шундай фазилатлар эгаси бўлган ҳар бирингизга байрам муборак бўлсин!

Азиз опа-сингиллар!

Боболаримиз эътироф этганларидек, ҳаётимизга мазмун бағишлайдиган, бизни ҳамиша одамийлик, мардлик, олийжаноблик сари чорлайдиган, сабр-тоқат, садоқат соҳибаси бўлмиш аёлнинг меҳр-муҳаббати ва заҳматини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.

Бу кўҳна тарих Тўмарис, Нодирабегим, Гулбаданбегим, Увайсий, Зулфия, Саида Зуннуновадек буюк аждодларимизнинг миллатимиз шаъни, ор-номусини сақлаш йўлидаги жасоратларига гувоҳдир. Улуғ момоларимизга хос бўлган ноёб фазилатлар замонамиз аёллари сиймосида ҳам давом этаётганидан беҳад фахрланамиз.

Жаннатмонанд юртимиз-қадимий уч минг йиллик тарихга эга   туманимизнинг шон-шарафини тобора юксалтиришда жонкуярлик қилаётган, ҳалол ва самарали меҳнатлари билан эътирофга сазовор бўлаётган хотин-қизлар сафи йил сайин кенгайиб бораётгани барчамизни қувонтирмоқда.

 Туманимизда тадбиркорлик ҳаракатини олиб бораётган, халқимиз турмуш фаровонлиги йўлидаги ҳиммати билан ном таратаётган қанчадан қанча тадбиркор аёлларимизни туманимиз иқтисодиётининг равнақига салмоқли ҳисса қўшаётганини ва уларнинг сони йил сайин ортиб бораётганини алоҳида эътироф этиш жоиз албатта.  Давлатимиз раҳбарининг  оилалар фаровонлигини юксалтириш, аёлларнинг фарзанд тарбияси билан уйғун равишда ижтимоий фаол ҳаётга жалб этиш борасидаги ислоҳотларни амалга оширишга “лаббай” дея жавоб бериб, ўз тадбиркорлик ишини бошлаб юборган опа-сингилларимизнинг ташаббускорлигини доимо қўллаб-қувватлаймиз.

Бу борада туманимиздаги юзлаб хотин-қизларни иш билан бандлигини таъминлаган “Diamond” тикувчилик корхонасини ташкил этишда ўз ҳиссасини қўшаётган Аноржон Қурязовани,  Нилуфар Яқуббоевадек шахмат бўйича гроссмейстрни тарбиялаб вояга етказган Ёрқиной Рўзметовани, ўқувчилари доимий тарзда республика олимпиадалаида ғолиб бўлиб келаётган, туманимиз фахри бўлган Барногул Ражабовани ва шу каби жуда кўплаб фидойи аёлларимизни айтиб ўтсак арзийди.

Азиз опа-сингиллар!

 Барчамизни оқ ювиб, оқ тараган, шу юртнинг оғир-енгилини умр бўйи елкасида кўтариб келган, хонадонларимизнинг файзи ва кўрки бўлган азиз ва мўътабар онахонларни рози қилиш, дуосини олиш – дунёдаги энг улуғ мақсадимиздир.

Бугунги шодиёна минбаридан туриб, хонадонларимизнинг чироғи, фарзандларимизнинг меҳрибони, юракларимиз қўри, кўзларимизнинг нури ва ғуруримиз бўлган Сиз аёлларга ҳар қанча таъзим айласак кам! Сизнинг олтин қўлларингиз ҳам бешикни, ҳам дунёни тебратади.

Ҳурматли онахонлар, қадрли опа-сингиллар!

Бугунги байрам ҳаммамизга, ҳар биримизга янги куч, янги ғайрат бағишлайди. Ишончим комилки, туманимиз аёллари ўзларининг ватанпарварлик ҳаракатлари, янгидан-янги ташаббуслари билан жаннатмонанд юртимиз равнақига янада баракали ҳиссаларини қўшадилар.

Сўзимнинг якунида бугунги тадбиримиз иштирокчиларига ҳамда туманимизда истиқомат қилаётган барча меҳрибон опа-сингилларимизга Яратгандан сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, эзгу ишларингизда муваффақиятлар тилайман.

Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.

Яна бир бор айёмингиз муборак бўлсин!

 

Эътиборингиз учун раҳмат.