ЭЪТИБОРСИЗЛИК ВА МАСЪУЛИЯТСИЗЛИК ОҚИБАТИДА


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

 

ЭЪТИБОРСИЗЛИК ва МАСЪУЛИЯТСИЗЛИК ОҚИБАТИДА

 

Болалар бизнинг келажагимиздир. Уларни баркамол ва соғлом қилиб вояга етказиш эса ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади.

Бу борада туманимизда тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Ҳазорасп туманидаги “Алоқали кўл” маҳалласида жойлашган 14-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти 2019 йил давлат инвестиция дастури доирасида 3 миллиард 58 миллион сўм миқдоридаги маблағ эвазига реконструкция қилиниб,  қурилиш ишлари “Jaxon Qilich” МЧЖ томонидан бажарилган эди.


Ушбу 14-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти 2020 йил сентябрь ойида ўз иш фаолиятини бошлади.

 Ушбу кўркам ва чиройли боғча ўрнида илгари эски боғча биноси бўлиб, у неча йиллардан буён фаолият кўрсатмасдан хароб ва ташландиқ аҳволга келиб қолганди. Бино янгидан қурилиб, ўйин майдончалари, ошхона, мусиқа ва спорт заллари замонавий жиҳозланди.

Боғча 150 ўринга мўлжалланиб,  кичкинтойларни ўз бағрига олиди ва  35 нафар хотин-қизлар бандлиги таъминланди.


  Хўш бугун ушбу давлат мактабгача таълим ташкилотида аҳвол қай тарзда. Саволга жавоб топиш мақсадида ва  туман ҳокимлигининг ютуб каналига келган мурожаат юзасидан ушбу ташкилотда бўлдик.

Бу ерда болажонларимизнинг таълим-тарбия олишига, хоналарнинг озодалигига, санитария-  қоидаларига қай даражада амал қилинганига, истеъмол қилаётган маҳсулотлар сифати, ошхонада ходимларнинг гигена қоидаларига риоя қилиш ҳолати, таомнома ва омборхонадаги маҳсулотларни кўздан кечирдик.


Аммо, кенг ва шинам ушбу  давлат мактабгача таълим ташкилотида бир қатор камчиликлар кўзга ташланди.

Ошхонадаги ва болалар тарбияланаётган хоналардаги тартибсизликлар,  болалар  овқат истеъмол қиладиган идиш-товоқларнинг супурги ва ахлат челаклари билан ёнма-ён туриши шунингдек, баъзи тарбиячи ва энагаларнинг эътиборсизлиги, яъни хожатхонанинг кўримсиз ҳолатда туриши кишини таажжублантиради. Эътиборсизлик натижасида эса ванналар тешилиб, ачинарли ҳолатга келиб қолган.   



Тарбиячиларнинг машғулотлар ўтишига тайёргарлиги йўқ, бола истеъмол қиладиган   маҳсулотлардан намуналар олиб қўйилмаган, атроф ободонлаштирилмаган.  

Шу ўринда савол туғилади. Нега давлатимиз томонидан барча шарт-шароитлар яратиб берилган ушбу давлат мактабгача таълим ташкилотида аҳвол бу ҳолатда.


Ушбу ҳолатларни ўрганиш бўйича тегишли мутасаддилар ва кузатув кенгаши чақиртирилди ва  ташкилот ходимлари иштирокида очиқ мулоқот ўтказилди. Аниқланган камчиликлар муҳокама қилиниб, камчиликларга йўл қўйган ходимлардан туман мактабгача таълим бўлими ходимлари томонидан тушунтириш хатлари олинди.



 Сўзимиз сўнгида айтмоқчимизки, болалар бизнинг келажагимиздир. Келажак авлод ҳақида қайғуриш, соғлом, баркамол наслни тарбиялаб вояга етказишга интилиш эса бизнинг миллий хусусиятимиздир. Бу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир инсон ўз фарзандининг бахту саодати, фазлу камолини кўриш учун бутун ҳаёти давомида курашади, меҳнат қилади, ўзини аямайди. Қай соҳада бўлмасин, юртга нафи тегадиган асл фарзандларни тарбиялашга ҳаракат қилади.

Шундай экан, болажонларни баркамол ва соғлом қилиб вояга етказиш ҳар биримизнинг масъулиятли бурчимиз ҳисобланади. Бурчига ҳиёнат қилишга эса ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ ва бу кечириб бўлмас ҳолатдир.

 

Ҳазорасп туман ҳокимлиги Матбуот хизмати.